"Дунё кезиш - одам кўриш", деб бежизга айтилмайди. Инсон, албатта, бирон сабаб, муносабат, таклиф, турли даража-кўламда ўтказиладиган жаҳоншумул ёинки тор миқёсдаги мулоқот, фаолиятлар туфайли она заминимизнинг маълум мамлакати, ўлкаси, водий ёхуд воҳасини кўришга муяссар бўлади. Бу учрашув-мулоқотлар шубҳасиз кўришга сазовор бўлган манзил-маконларнинг жуғрофик ҳолати, манзараси, об-ҳавоси, халқларининг яшаш тарзи, маданияти, урф-одат, анъаналари билан яқиндан таништиради.
Бу йил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг халқаро шартнома ва таклифи асосида бир гуруҳ ўзбекистонлик ижодкорлар қаторида Туркия давлатининг пойтахти - Истамбул шаҳрига ижодий мушоира-мулоқотга бир ҳафталик сафар уюштирилди.
Эътироф этиш лозимки, Туркия мамлакати дунёнинг улкан денгизларидан бири Қораденгиз соҳилида жойлашган давлатлардан бўлиб, аҳолиси 78 млн.дан ортиқроқ. Давлат пойтахти қадимги Константинополь, ҳозирги Истамбул ҳисобланиб икки қитъа ҳудуди - Осиё ва Европа манзилида ўрин олган. Истамбул қитъалар ҳудудини осмакўприк орқали бирлаштиради. Қарама-қарши томонлар икки томондан ҳам Қарши деб аталади.
Буюкшаҳр 17 млн. аҳолига эга бўлиб, айрим кезларда муҳожирлар ҳисобидан 20 млн.га ҳам етади. Яқинда 2 млн.дан ортиқ сурияликлар асосли равишда мамлакат ҳудудидан чиқарилди. Бундан ташқари, Истамбулга Осиё, Африка, Европа, Америка қитъаларидан турли мақсад ва ҳолатларга ташриф буюрганлар ҳам мавжуд.
Манбаларга қараганда, Нуҳ пайғамбарнинг кемаси тошқинда шу ерда жон сақлаган. Шунингдек, шоҳ ва буюк мунажжим Мирзо Улуғбек падаркуш Абдуллатиф гумаштаси Аббос томонидан қатл этилгандан сўнг ўрта асрлар буюк олим-уламолари Самарқандни тарк этиб, жумладан Жалолиддин Румий Қўнияга келиб яшаб, шу ернинг муқаддас хокига абадий қўним топган.
Пойтахтнинг бир чегарасидан иккинчи ҳудудигача етгунча енгил машинада ўртача тезликда тахминан тўрт соатлик йўл босиб ўтилади. Кўчалар кенг, равон, ободонлаштирилган. Кўча бўйидан тоғ чўққиларигача эринмай манзарали дарахтлар, гуллар ўтқазилган. Ландшафт-иҳотадеворлар гуллари кишилар ҳайрату-эътиборини ўзига оҳанрабодек тортади: кўча четидаги баланд-пастликлар шундай нафосат билан гул-ўсимликлар билан зеб берилганки, у зукко тафаккурлиликнинг маҳсулидир. Бундай санъаткорона ижодкорликка инсон ич-ичидан сўзсиз тасаннолар айтади. Мамнунияту миннатдорлиги тўлиб-тошади...
Қораденгиз бўйидаги улканшаҳрнинг об-ҳавоси 23-27 даража иссиқ. Айрим кунларда ёмғир ҳам ёғиб туради. Одамлар соғлиғини мустаҳкамлашга ҳамиша интилади ва бунинг учун хизматга тинимсиз шай ва ҳаракатда. Денгизнинг гўзал манзараси, тўлқин мавжларининг чайқалиши, ҳур-ҳур салқин эпкиннинг роҳатбахшлиги, чағалайларнинг чағиллаши, сувга қўнишу шўнғиши, аҳён-аҳёнда улкан бўронқушларининг салобат билан осмонда қанот қоқиб ўтиши кишини мафтун этади.
Аслида денгиз бўйида ҳамма жойда етарли шарт-шароитлар муҳайё этилган. Соҳилда юриш, югуриш, велосипедда сайр этиш, бадантарбия билан шуғулланиш, дам олиш, махсус чўмилишгоҳларда чўмилдиш имкониятлари мавжуд. Уларнинг айримлари 40-50 гектарлик боғ-роғ, майдонни ташкил этади. Киши соҳил об-ҳавоси ва ультрабинафша нурларидан тўйиб-тўйиб баҳраманд бўлади. Кечалари ҳам турли хил мусобақалар, аттракционлар ўтказилади. Делегация вакиллари сайру гаштдан кўнгилдагидек олам-олам таассуротга эга бўлдилар.
Истамбулнинг диққатга сазовор жойлари ва турк халқи ҳаёти билан танишар эканмиз, улканшаҳрда аҳоли зичлигига қараб жоме масжидлари ниҳоятда кўп. Намозлар бомдоддан хуфтонгача масжидларда радиода баланд овозда микрофонда эълон қилинади. Истаганлар аҳли жамоа билан намоз ўқийдилар. Гуруҳ вакиллари ҳам дунёга машҳур Султон Аҳмад масжиди ва унда Муҳаммад пайғамбар с.а.в нинг муаззини Билол қадам ранжида этган бурчакни, Аёлсофияни ҳам зиёрат этади. Айрим зиёратгоҳлар ён-атрофида кабутар, мусича, зағча каби одамдан чўчимайдиган қушларга дон-дун сепадиган майдонча-манзиллар мавжуд.
Дўконлар ва бозор-ўчарлардаги маҳсулотлар худи ўзимизникидай сероб. Фақат бозор иқтисодиёти туфайли егулик маҳсулотлари дўкон ҳамда емакхоналарда бизга нисбатан бирмунча қиммат. Мева-сабзавот турлари ҳам деярли шу ердагидек. Баъзи маҳсулотлар бошқа давлатлардан импорт қилинади.
Улканшаҳрда метро, маймарак электричкаси, автобус, таксилар рисоладагидек қатнайди. Йўловчилар йўлларда транспорт воситаларини кўп кутмайдилар. Вақт ҳамиша меъёрида тежалади. Халқ кўча-кўйларда аҳил-иноқ яшайди.
Туркий тиллар оиласига турк, туркман, ўзбек, қирғиз, озарбайжон каби кўплаб миллат тиллари кириши муносабати билан деярли ҳар бир дўкон, тамаддихона, бозорларда ана шу қардош халқларнинг вакиллари оға-инидек дўстона муносабатда яшаб, фаолият юритиб келмоқдалар. Деярли барча инглиз тилини билади.
Шу ўринда алоҳида қайд этиш керакки, бутун улканшаҳр кўча-кўйлари, муассасалар гулларга бурканган. Хусусан, геран каби хонаки гуллар ердан ташқари осма ҳолларда махсус йирик тўртбурчак гултувакларда 100-300 метргача узунликда парваришланаяптики, ҳам манзилларда кўрк бағишлайди, ҳам ҳавони хушбўй-муаттар этмоқда.
Яна бир манзур жиҳат бизга шу бўлдики, қаерга бормасангиз, пешвоз чиқиб салом бериб, "Хуш келибсиз!" ва жавобан "Хуш кўрдик!" деган мулозамат одамни хушнуд этади. Ахир худди шу илтифот яқин йилларгача бизга бор эди-ку!.. Ҳозир эса бизда "Хуш келибсиз!" дейилса-да, илгаридай "Хуш кўрдик!", "Хушвақт бўлинг!" сингари мулозаматлар мулоқотлардан ариб қолган. Ахир мулозамат муомала одоби сифатида ота-боболаримизда ниҳоят юксак даражада бўлган. Зурёдларимизга ҳам шу фазилатлар мерос бўлиб юқиб қолиши - давр талаби.
Режадаги Туркия, Ўзбекистон, АҚШ, Португалия, Доминикан Республикаси шоирларининг қитъалараро фестиваль-мушоираси Истамбулнинг Бобил маданият марказида "Биз билан дунё бўйлаб!" шиори остида бўлиб ўтди. Халқаро Фестивални Ҳилол Карахан ва Артшоп тарғиботчиси Ведат Акдамар Ченай олиб бордилар. Фестивалда "Қардош ўзбек шоирлари антологияси китоби" (S,iir kokusu C,ardas, O`zbek S,iiri Antolojisi) тақдимоти бўлиб ўтди. Мушоира Истамбул телевидениеси сайтига ҳам тўғридан-тўғри уланди. Бобил маданият марказида дам олаётган 700 га яқин дам олувчилар ҳам шеъриятдан бенасиб қолмадилар.
Фестивалда туркиялик Месуд Ченол, Ниёзий, ўзбекистонлик Меҳрибон Қиличева, Р.Наим, Раъно Одилова, Ғайбиддин Фазлий, Кубарро Баҳронова, Хўроз Абдусаломларнинг шеърлари кўпчиликка манзур бўлди.
Раҳимжон НАИМ,
Ҳиндистон 12-қитъалараро
маданият ассоциацияси
"Адабиёт нури" мукофоти совриндори
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.