Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ИШЛАШГА ИШТИЁҚМАНД ИШТИХОНЛИКЛАР

Вилоят ҳокимлиги ва Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими томонидан ташкил этилган навбатдаги пресс-тур Иштихон туманида бўлиб ўтди. Ушбу туман Самарқанд шаҳридан қарийб 70 километр узоқликда жойлашган. Бизнинг биринчи манзилимиз "Суюнов Жўрабобо" фермер хўжалиги бўлди. Бу ерда янги ва замонавий иссиқхона қуриш уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Туман ҳокимининг инвестиция бўйича ўринбосари Беҳзод Эгамқуловнинг маълумот беришича, хорижий инвесторлар ҳисобидан бир миллион долларлик қурилиш ишлари режалаштирилган. Келгуси йилнинг март ойида биринчи маҳсулот ишлаб чиқарилиб, Қозоғистон, Россия ва бошқа хорижий мамлакатларга юборилади. Иккинчи манзилимиз "Иштихон овози" газетаси идораси бўлди. Бу ерда собиқ газета редакторлари орасида устозимиз, кўп йиллар Самарқанд туман "Шарқ тонги" (бугунги "Гулобод тонги") газетасига муҳаррирлик қилган марҳум Насриддин Зайниевнинг суратини кўриш бизни қувонтирди. Раҳматли устозимиз кўп йиллар ушбу газета таҳририятига раҳбарлик қилган экан.

- Мен ўрта мактабда ўқиб юрган пайтимдан ушбу газетага хат-хабар ёзиб турардим, - деди «Иштихон овози» газетаси муҳаррири Гулчеҳра Усмонова, - Тошкентдаги миллий университетнинг журналистика факультетини битириб, шундан буён шу газетада меҳнат қиляпман. Оддий ходимдан редактор даражасига етдим. Ўз касбимдан фахрланаман.
Бизнинг навбатдаги сафаримиз Бойлиота маҳалласида собиқ шифохона биносининг таъмирлаш жараёни билан танишиш бўлди. Туман ҳокимининг ўринбосари Умид Исломов ушбу иншоот 32 та кам таъминланган оила учун таъмир қилинаётганини айтди. Наврўз шодиёналари кунида ҳовли тўйлари бўлиб ўтади. Аммо пресс-тур иштирокчиларига "Мароқанд-сифат текстиль" ва "Зарафшон текстиль" биносини кўриш катта таассурот қолдирди. Корхона директори Шерали Ҳусанов қилинган ишлар ва келгуси режалар тўғрисида муфассал маълумотларни биз, оммавий ахборот воситалари ходимларига тақдим этди.
- Янги корхона фойдаланишга топширилди.
- Мухтарам Юртбошимиз ташаббуси билан-деди, Шерали Ҳусанов, - бир суткада 25 тонна пахта толаси ишлаб чиқарилмоқда: Энг муҳими, 600 нафар хотин-қиз фойдали меҳнатга жалб этилди.
Туман ҳокими Шуҳрат Неъматов билан бир пиёла чой устида суҳбатлашдик. Ҳоким бажарилган ишлар ва истиқболли режалар тўғрисида гапириб, журналистлар саволларига жавоб берди.
- Ютуқлар ўзимизники, лекин ечимини кутаётган муаммолар кўп, - деди Шуҳрат Неъматов, - уларни босқичма-босқич бажарилишини режа қилиб олганмиз. Ҳа, ижодий сафар чоғида шунга гувоҳ бўлдикки, ишлашга иштиёқманд иштихонликлар "ишли инсон-бахтли инсон" шиори остида фидокорона меҳнат қилишмоқда.

Нормурод КАРИМЗОДА
Зоҳир ҲАСАНЗОДА


Дата добавления: 12/12/2019 14:51;   Просмотров: 938
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку