Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ИНТЕЛЛЕКТУАЛ БАРКАМОЛЛИК ЙЎЛИДА

Мамлакатимизда Давлат тили тўғрисидаги қонун қабул қилинганлигига 30 йилдан зиёд бўлишига қарамасдан, халқимиз нафақат ўзининг, балки ўзга давлат халқларининг ҳам урф-одатларини, анъаналарини, дини ва тилини қадрлаб келишаётир. Шулар қаторида рус тилини ўрганиш истакларини рўёбга чиқариб келишмоқда. Шуниси қувонарлики, юртимиз истиқлолга эришганидан буён фарзандларимиз хорижий давлатлардаги нуфузли олий ўқув юртларида билимларини мустаҳкамлашаётир. Ўқиш давомида рус, инглиз, немис, япон, корейс, француз каби хорижий тилларни ўрганишаётир. Чунончи, рус тили бизнинг юртимизда ҳам кўплаб давлатлардагидек миллатлараро алоқа тили сифатида қадрланади.

Тарихдан маълумки, ўтмишда Шарқ алломалари ўз она тилларидаги сингари форс ва араб тилларида ҳам ижод қилганлар, ўзаро суҳбатлашганлар. Бу анъана ҳозирги кунда ҳам халқимиз орасида давом этиб келаяпти, десам муболаға бўлмайди. Ахир рус ва жаҳон тиллари бу Пушкин, Достоевский, Теодор Драйзер, Бальзак, Сервантес тиллари эмасми? Бинобарин, мактабимизда юқоридаги маънавий муҳитни яратиш, рус тилини ўрганиш ишларини жонлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бугунги кунда таълим масканимизда 70 та синф бўлиб, уларда 2470 нафар ўқувчи таҳсил олади. Шулардан 1897 нафари рус синфларининг ўқувчиларидир. Уларга 87 нафар рус тилини мукаммал биладиган тажрибали ўқитувчилар таълим беришади. Мактабда ўқитиш тили ўзбек ва рус тили ҳисобланади. Олий маълумотли тажрибали рус тили ўқитувчиларининг меҳнати самараси бу уларнинг ўқувчилари туман ва вилоят олимпиадаларида мунтазам ғолибликни қўлга киритилганлигидир. Жумладан, рус тили фани ўқитувчиси Рустамова Сабинанинг ўқувчиси Мавлонқулова Шаҳноза икки йилдан буён рус тили ва адабиёти фан олимпиадасида 1-ўринни эгаллаб келмоқда. Олий тоифали ўқитувчи Шамсиддинова Нигоранинг ўқувчиси Мустафоқулов Азиз "Билимлар беллашуви"да туман 1-ўринни эгаллади. Шодиева Сурайё, Жалолова Матлуба, Афоқова Лола, Қодирова Дилнура каби ўқитувчиларнинг ҳам ўқувчилари доим кўрик-танлов ва олимпиадаларда фаол қатнашиб келмоқда. Ўқувчиларнинг рус тилини мукаммал билишлари учун бу ўқитувчилар ўз дарсларида янги педагогик технологиялардан, методикалардан, интернет ресурсларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйган. Ўқувчиларнинг бўш вақтларини самарали ўтказиш учун рус тили фан тўгараги ва қўшимча дарс машғулотлари олиб борилади. Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчиман. Юзлаб ота-оналарда фарзандларини рус синфларида ўқитиш истаклари борлиги албатта яхши. Биз уларни қўллаб-қувватлаймиз. Лекин болани рус синфига жойлаштиргандан сўнг ўқитувчи билан биргаликда ота-она ҳам боланинг ўқишига алоҳида эътибор бериши керак. Айрим ота-оналар, "боламни рус синфига қўйдим, энди бу тилни яхши ўрганиб олади, ўқитувчиси яхши дарс ўтади", деб боланинг ўқишига эътибор қаратмай қўядилар. Бу албатта нотўғри. Мактабдан келган бола билан отаси ёки онаси ҳам дарс тайёрлаши керак. Рус тилида ўзаро мулоқот қилиб, рус тилидаги китобларни биргаликда ўқишлари, муҳокама қилишлари керак. Рус тилидаги тарбиявий аҳамиятга эга, бола ёшига мос киноларни биргаликда кўришлари, савол-жавоб қилишлари лозим. Ўқув жараёнида янги ўйинчоқлар, рангли суратлар, магнит доска, геометрик фигуралар, турли қизиқарли қўлланмалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Ана шундагина бола рус тилини мукаммал ўрганиб, кутилган натижага эришади. Бизнинг мактабимизда сўнгги йилларда ҳар ўқув йилида 8-9 та рус синфларининг очилиши юқоридаги фикримизнинг яққол далилидир. Бугун ҳар қандай соҳада яхши бир мутахассис бўлиши учун чет тилларини билиши оддий талабга айланиб қолди. Шунинг учун кўплаб ота-оналар ўз фарзандларини рус синфларига бериш жараёнида инглиз тилини ҳам ўрганишига катта эътибор беришияпти. Бу албатта, қувончли ҳолдир. Бугун ҳаётни чет тилларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Глобализация жараёни тезлашган сари чет тилини ўрганиш замон талаби бўлиб боряпти. Мактабимизда 19 нафар инглиз тили ўқитувчилари самарали фаолият олиб боришияпти. Улардан Саидов Акмалнинг 11-синф ўқувчиси Алимов Лазиз туман олимпиадасида 1-ўринни эгаллади. Шокиров Манучехр, Мустафоқулова Мунаввар, Садриддинзода Фарзона каби ўқитувчиларнинг ўқувчилари ҳам турли кўрик-танловларда ғолиб бўлиб келмоқдалар. Ўқувчиларимизнинг ҳар томонлама етук ва баркамол, билимли шахс бўлиб камол топиши учун мактабимизда барча шароитлар яратилган. Турли мавзуларда ўтказиладиган тадбирлар, кўрик-танловларда ўқувчилар ўз иқтидорларини намойиш этиш, фан тўгаракларида қатнашиб, билимларини мустаҳкамлаш борасида астойдил интилмоқда. . Жумладан, март ойида "Табиий фанлар фан ойлиги" доирасида мактабда профессор-астроном Ахмедов Бобомурод билан учрашув бўлиб ўтди. Табиий фанларга қизиқадиган ўқувчиларимиз бу инсондан кўпчилик саволларга жавоб олдилар. Бу учрашув ўқувчиларимизга катта таассурот қолдирди. Давлатимиз раҳбари математика соҳасидаги таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор берди. Мактабимизда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб метематика фани чуқур ўқиладиган ихтисослаштирилган синфлар очилиши режалаштирилган. Мактабда юқори малакали математика ўқитувчилари Маърупов Элёр, Бобомуродов Жамшедларнинг ўқувчилари ҳамда вақт туман, вилоят олимпиада ва турли кўрик-танловларида фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда
Менинг фикримча, мактабларда она тилини, яъни миллий тилни ўрганиш билан бирга хориж тиллари ва табиий фанларни ўрганиш ҳозирги ахборот технологиялари даврининг талаби ҳисобланади. Бу эса бошланғич синфларнинг рус тили ўқитувчилари зиммасига улкан масъулият юклаши турган гап. Боиси, улар ўз ўқувчиларига нафақат рус тилини, балки кирилл графикасини ҳам ўргатишлари шарт бўлади. Шундагина тарбиямизда бўлган ёш авлод келажакда кўп тил биладиган, билимли, зукко, интеллектуал кишилар салоҳияти юқори бўлиб камол топади.

Холида ШАМСИДДИНОВА,
10-умумий ўрта таълим мактаб директори,
Ўзбекистон халқ таълими аълочиси


Последнее редактирование: 20/05/2020 16:51;   Просмотров: 1013
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку