Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ИНСОН САНЪАТСИЗ ЯШОЛМАЙДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги "Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони юрагимиздаги гап бўлди. Бундан бутун санъат аҳлининг, маданият ходимларининг кўнгли шод бўлди. Санъат, мусиқа юракда пайдо бўлади, ғунча очиб қалбларга таралади. Иқтидорли, талантли санъаткорлар наилож санъатга меҳр-муҳаббати кучлилиги туфайли ишлашарди. Энди санъат ва маданият аҳлининг қадри осмон қадар юксаладиган бўлди.

Ахир элимиз, юртимиз санъатсиз яшай олмайди, ота-боболаримиз азалдан санъатга ошно одамлар бўлишган. Мусиқа сеҳрли оҳанг, сеҳрли туйғу. Инсон бу сеҳрли оҳанг олдида ўзини руҳият кенгликларига учадигандек ҳис қилади. Инсон -куй-қўшиқ билан тирик, барча эзгу ишлар мусиқа қанотида амалга ошади. Машойихлар мусиқа оҳангини умрни узайтирувчи мўъжиза деб қарайдилар. Тушкун кайфиятда мусиқа эшитса, кўнгли шод бўлади, ичи шодликка тўлади. Мусиқа тошни эритади, тошни ҳам ёради. Шундай сеҳрни юрагига жойлаган, созда куй чалиб қўшиқ айтадиган инсонларни элимиз ардоқлаб келган, ҳамиша ҳурмат қилган.Рус халқида бир гап бор:"Надо слушит музику, в ней нет агрессии..."
Қарорда таъкидланишича, жойлардаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолияти янада такомиллашиб, ўқитиш ва мусиқа таълимини ўргатиш бўйича малакали кадрлар билан таъминланади. Иқтидорли болалар йўналиши бўйича танловларда иштирок этадилар. Тошкентда Юнус Ражабий номидаги миллий мусиқа санъати институти ташкил этилади. Нақадар аъло, нақадар эзгу иш, санъат ва маданият ходимлари, мусиқа ихлосмандлари орзусидаги иш бўлди. Негаки, шу пайтга қадар мақом йўналиши, миллий мусиқа санъати ва миллий эстрада чуқур ўргатиладиган Тошкент давлат консерваторияси билан Ўзбекистон Маданият ва санъат институтида саноқли талабаларгина ихтисослаштирилган гуруҳларда мақом ва миллий эстрадага ўргатилар, иқтидорлиларнинг кўпчилиги бир четда қолиб кетарди. Эндиликда уйда ота-она мақом санъати, катта ашула айтишга иштиёқи бор болани мусиқа мактаблари таҳсилидан сўнг миллий мусиқа санъати олий даргоҳига олиб боришлари учун катта имконият яратилди.
Саҳнада, байрам тадбирларида жонли ижрода қўшиқ куйлаган ва ижро аъмолини бажарган санъат аҳли учун имтиёзлар белгиланадиган бўлди. Бу ҳолатда ижара ҳақи 50 фоиз этиб белгиланди. Шунингдек, мактабларда мусиқа фани ўқитилиши такомиллаштирилади. Устоз-шогирд анъанаси янада юксалиб, эътибор ошади. Жойларда халқ чолғу этнографик дасталари, анъанавий ҳаваскорлик тўгараклари фаолиятига эътибор қаратилиб, ривожлантирилади.
Инсон қайси касб ёки ҳунар эгаси бўлмасин, мусиқага ошнодир, қалби ҳароратли оҳанг ва туйғулардан илҳом олади. Тўйимиз, уйимиз мусиқа борлиги учун шодликка чулғанган, шодлик билан нафас оладиган халқмиз. Болаларимиз ҳам шу хил тарбия билан камол топмоқда. Биз фарзандларимиз қалбида санъатга иштиёқ ва ҳавас уйғота олсак, улар Ватанга муҳаббат руҳида улғаядилар, турли ёт ғоя ва таъсирлардан ҳимояда бўладилар.

Хурсанд ҒОЗИЕВА,
туман маданият бўлими мудири


Последнее редактирование: 05/06/2020 12:03;   Просмотров: 858
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку