"Энг катта бойлик - бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос - бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик - бу билимсизликдир!"
Ш.Мирзиёев
Маънавиятнинг мазмун-моҳиятини англаш учун унинг келиб чиқиш тарихини билиш керак.
Одамлар ибтидоий жамоа шаклида яшашганда асосан жисмоний меҳнат билан кун кечиришган. Биргаликда ов қилишган. Кейин олов ҳосил қилишни, қуроллар ясашни ўрганишган. Ким яхшироқ қурол-яроғ яратган бўлса, тўқ яшаган ва улар тезроқ ривожлана боришган.
Одамлар ясаган нарсаларини фарзандларига ўргатишган. Ана шу - ўрганиш-ўргатиш жараёнининг бошланиши билан маънавият вужудга кела бошлаган.
Ибтидоий замонда жамоа фақат жисмоний кучи ёрдамида яшаган бўлса, ақлини ишлатса, ижод маҳсулотлари яратиб (ов ва меҳнат қуроллари ясаб) яхшироқ яшаш имкониятига эга бўлишини англаб етган.
Бундан шундай хулосага келиш мумкин - ҳаётнинг янада яхши бўлиши учун яратилган ижодий маҳсулни маънавият десак бўлади. Яъни маънавият бу - ҳаётни янада яхши қилиш, яхшироқ яшаш, бир сўз билан айтганда - эзгулик.
Одамлар ўз ҳаётларини янада яхши қилишлари учун тинмай изланишган. Урф-одатлар, қоидалар, меъёрлар, қонунларни ўйлаб топишган. Умуман, нима ўйлаб топилган бўлса, у маънавият билан боғлиқ. Маънавият ривожлангани сари одамни ҳайратга соладиган воқеалар рўй берган. Асори атиқалар, халқ оғзаки ижоди орқали бизгача етиб келган дурдона асарлар ва ҳакозалар маданият сифатида маънавиятга дахлдор.
Умуман, ўрганиш ва ўргатиш орқали кўп нарсага эришиш мумкинлигини одамлар англаб етишган. Вақт ўтиши билан маълум бир нарсани бошқаларга ўргатиш билан шуғулланувчилар пайдо бўлди. Яъни ақлий меҳнат жисмоний меҳнатдан ажралиб чиқди. Мактаблар, тарбия масканлари, диний ташкилотлар, бир сўз билан айтганда мафкура тизими вужудга келди.
Кишилик жамиятига эътибор берсак, у жуда ранг-баранг - қай бир халқ тараққиётнинг юқори чўққисида яшамоқда, қай бири пастда. Биз қайдамиз? Ўртада десак, тўғри бўлса керак. Чунки 2030 йилга бориб дунё давлатларининг кучли 50 тасига кирмоқчимиз.
Тафаккур ва ақлий меҳнат маҳсулотлари - ғоялар, меъёрлар, назариялар, улар асосида вужудга келадиган ижтимоий онг шакллари жамиятнинг маънавий ҳаётини ташкил этади.
Маънавият, биринчи галда, ўзликни англашдир. Ўзликни англаш, аввало, инсоннинг табиат ва жимият тизимидаги ўз ўрнини билишидир. Ўзликни англаш халқнинг тарихини билиш, миллий қадриятлар билан фахрланиш қаторида миллий манфаатларни, замонавий тараққиёт талабларини тўғри тушуниш демакдир.
Умуман, шахснинг маънавийлик даражаси бевосита унинг ўз масъуллигини қанчалик тўғри тушунишига ва унга амал қилишига боғлиқ.
Мустақиллик йилларида озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш ғояси шаклланди. Хўш, бу миллий ғоя қандай амалга ошяпти. Биз озод Ватан барпо этдик. Лекин уни энди обод этяпмиз. "Обод маҳалла", "Обод қишлоқ" дастурлари қабул қилинди. Лекин ишларимиз суст. Нега? Биз атрофни обод қилиш учун аввало кўнглимизни янада обод қилишимиз керак. Афсуски, кўнглимиз ҳали ўтмишдан мерос бўлиб қолган дабдабабозлик, ўзибўларчилик, дангасалик ва бошқа иллатлардан тўлиқ тозаланди, деб айтолмаймиз. Бундай бўлишига эса маънавиятдан узоқлашганимиз сабаб. Эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида нима қиляпмиз? Келинг, аввал эркинликни шарҳлайлик. Эркинлик бу инсоннинг жамият қабул қилган меърлар доирасида яшаши. Лекин кўпчилик ўзининг эркинлигини чеклайди Бу эса оғир оқибатларга олиб келади. Мисол келтирамиз. Одам бирор бир тартибни билиб ёки билмай бузди. Суд уни қамайди. Тамом, одам ўз эркинлигини йўқотди. Ёки қоидага риоя этмаган ҳайдовчи ДАН ходими томонидан тўхтатилди. Энди у эркин эмас - ишорага бўйсўнишга мажбур. Бўйин товласа 15 суткагача қамалиши мумкин, яъни эркинлиги чекланади. Эркинлик тушунчасини билиб олдик. Энди фаровонлик ҳақида гапирсак. Биз қанчалик фаровонмиз? Ривожланган давлатлар билан солиштирилса, унчалик эмас. Шу учун ҳам Президентимиз "Маънавий йўналишларимиз иқтисодий йўналишларимиздан ўн қадам олдинда юриши керак" деб айтдилар.
Маънавиятга етакловчи омиллардан бири бу - маърифат. Маърифат эса билим, билиш дегани. Мухтасар айтганда, оламни, жамиятни, инсонни англаш. Маънавият бу, биринчи навбатда, ўзликни ангашдир. Инсон аввало табиат ва жамиятда ўз ўрнини билиши лозим. Яшашдан мақсад нималигини тушуниб етмаса, у ўзига юклатилган вазифани бажармаган бўлади. Унда эса жуда улкан вазифа бор - ақл билан иш қилиш. Чунки фақат унга ақл берилган. У онгли мавжудот. Тафаккур қилиш хусусияти фақат унга хос. Хўш, ўзни англашга нима киради? Бу тарихини билиш, қадриятлар билан фахрланиш, замонавий тараққиёт талабларини тушуниш, миллий манфаатларни ангаб етиш ва ҳ.к. Умуман, тарихдан сабоқ олиб, миллий мафкурани шакллантириш.
Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ўзининг юксак Президентлик лавозимида учинчи бор Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этди ва унда, айтиш мумкинки, халқимиз ҳаётининг барча жиҳатлари қамраб олинди. Давлатимиз раҳбари "Жамият - ислоҳотлар ташаббускори" деган ғояни амалда қўллаб, янги Ўзбекистон халқимиз билан биргаликда барпо этилишини билдирди. Дарҳақиқат, халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб бериш Мурожаатномада асосий мақсад қилиб қўйилган.
"Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради, - деди давлатимиз раҳбари, - ишларни ўзимиз қилмасак, ҳеч ким бизга четдан келиб қилиб бермайди".
Жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади.
Президентимиз Парламентга мурожаат этиб, 2020 йилга "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили", деб ном беришни таклиф этди.
2020 йилда улкан вазифалар белгиланиб, уларнинг амалга оширилиши халқимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида сезиларли даражада ижобий ўзгаришлар бўлишини таъминлайди. Бу ўзгаришлар нималардан иборат экани қуйидаги вазифаларда акс этган:
- боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини жорий йилда 60 фоизга етказиш;
- педагогик маҳорат ва малака даражасига эга бўлган, ўз ишида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларга юқори маош тўлаш тизимини жорий этиш;
- мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказиш;
- жорий йилда "Эл-юрт умиди" жамғармаси томонидан 700 дан зиёд олимлар, профессор-ўқитувчиларни чет элга илмий изланиш ва малака ошириш учун юбориш;
- "IT-парк"лар Нукус, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Гулистон ва Урганч шаҳарларида ташкил этиш;
- хорижий ҳамкорлар билан биргаликда "1 миллион дастурчи" лойиҳасини амалга оширишни бошлаш.
2020 ва кейинги йиллардаги мақсадли вазифалар:
- инфляцияни жиловлаш...
- нархларни белгилашга эмас, балки корхоналар ўртасида соғлом рақобатни таъминлаш орқали нархларни пасайтириш;
- инвесторларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш, инфратузилма яратиш харажатларини қисман давлат томонидан қоплаш механизмларини жорий этиш;
- мавжуд 3 мингга яқин давлат иштирокидаги корхоналарда давлат иштирокини кескин камайтириш;
- давлат-хусусий шериклик механизмларини транспорт, энергетика, йўл, коммунал, тиббиёт, таълим каби соҳаларга кенг татбиқ этиш;
- банк тизимида тадбиркорларни қўллаб-қувватлайдиган "лойиҳалар фабрикаси" фаолиятини йўлга қўйиш;
- аҳолида банк тизимига нисбатан ишончни шакллантириш ва банклар фаолиятига четдан аралашишга чек қўйиш;
- экспорт-кредит агентлиги ташкил этиш. Шунингдек, экспорт қилишда замонавий суғурта хизматларини йўлга қўйиш, автомобиль ва ҳаво транспорти харажатларини қисман давлат томонидан қоплаб бериш механизмини жорий қилиш;
- Андижон, Термиз ва Қўнғирот туманларида эркин савдо зоналарини ташкил этиб, улар орқали чегараолди савдосини ривожлантириш;
- солиқ кодекси нормаларини ҳар бир солиқ ходими, тадбиркорлар ва солиқ тўловчилар пухта ўзлаштириши учун уларни мунтазам равишда ўқитишни ташкил этиш;
- Давлат солиқ қўмитаси қошида Фискал институтини ташкил этиш;
- лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тартибларини ўзгартириш;
- тадбиркорнинг фаолият юритиши учун зарур бўлган бўш ер майдонлари, бино ва иншоотлар, уларнинг қиймати ва шартлари ҳақидаги тўлиқ харитани исталган вақт ва ҳудудда онлайн тартибида олиш имкониятини яратиш;
- тўловга қобилиятсиз корхоналарни энг илғор хорижий тажриба асосида соғломлаштириш;
- сохта тадбиркорлик, рақобатчининг обрўсини тушириш каби қилмишлар учун жиноий жавобгарликни бекор қилиш, шунингдек, божхона қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ жиноятни биринчи марта содир этган, лекин тўловларни тўлаган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш;
- пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиш;
- туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айлантириш;
- жорий йилда юртимизга келадиган туристлар сонини 7,5 миллионга етказиш;
- урбанизация жараёнларини жадаллаштирган ҳолда, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш;
- ички миграцияни эркинлаштириш;
- парламент ва ҳукумат 2020 йил 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилиши бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, аниқ таклифларни ишлаб чиқиш;
- аҳоли фаровонлигини ошириш ва унинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;
- камбағалликни камайтириш дастурини ишлаб чиқиш;
- нафақа тайинлашдаги мезонларни қайта кўриб чиқиш ва уларни белгилашда очиқ ва адолатли тизим яратиш, бу борада маҳалланинг иштирокини танқидий қайта кўриб чиқиш;
- соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, шифокорларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, халқимиз ўртасида уларга нисбатан ҳурматни ошириш, ушбу касб эгалари учун муносиб меҳнат шароити яратиш ва даромадини кўпайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўриш;
- давлат-хусусий шериклик асосида хусусий тиббиётни янада ривожлантириш, мажбурий тиббий суғуртага оид қонунларни қабул қилиш;
- дори воситалари ҳаракатини назорат қилиш, контрафакт маҳсулотлар айланишига чек қўйиш ва дориларнинг реал нархини онлайн тартибида кузатиб бориш тизимини яратиш;
- аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш;
- атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
- маданият ва санъат муассасаларига алоҳида эътибор қаратиш;
- жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганиш;
- жойларда ижро ва вакиллик органларининг давлат бошқарувидаги роли ва масъулиятини янада ошириш;
- вилоят ва туманлардаги раҳбарлар ўз фаолияти ҳақида маҳаллий кенгашларга ҳисобот бериши ва ўз ҳудудларидаги оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликка мунтазам ахборот бериб боришларини йўлга қўйиш;
- Кенгаш сўрови институтини жорий этиш;
- қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлигини аниқ белгилаш;
- Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этиш;
- суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш;
- ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш;
- коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этиш;
- жамиятда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш;
"Барча амаллар ниятга қараб бўлади, - деди давлатимиз раҳбари, - Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмайлик: биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган халқмиз. Биз - ҳеч қачон меҳнатдан қочмайдиган, қийинчиликдан қўрқмайдиган, адолатни қадрлайдиган, азму шижоатли, буюк халқмиз."
Палаталар қўшма йиғилишидан қисқа вақт ўтган бўлсада, ОАВ орқали билдирилаётган муносабатлар Президентимизнинг Парламентга Мурожаатномаси кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланаётганини маълум этмоқда ва Мурожаатномада қўйилган вазифалар бажарилиши Она Ватанимиз тараққиёти, юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг фаровонлиги таъминланишига хизмат қилиши эътироф этилмоқда.
Хуршид НУРУЛЛАЕВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.