Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ГАЗЕТА ВА ГАЗЕТХОН

Мана, 60 йилдирки севимли газетамиз “Гулобод тонги “ туманимиз ҳаётининг кўзгуси сифатида хизмат қилиб келмоқда.

Мен бу газета билан ҳали 1957 йили “Самарқанд ҳақиқати” номи билан таъсис этилган биринчи йилиданоқ яқин дўст сифатида ҳамдаму ҳамроз бўлиб келмоқдаман. Дастлаб жамоатчи мухбир, кейинчалик адабиёт ва санъат бўлимининг штатсиз мудири сифатида хизмат қилиб келган бўлсам, ҳозирда газетанинг жамоатчилик кенгаши аъзоси сифатда унинг ҳар бир сонини кузатиб бораман ва газета ижодкорларига маслаҳатлар бериб тураман.
Мазкур газетада кимлар муҳаррир эдию, кимлар адабий ходим, деярли барчаларини номма-ном билиб уларнинг кўпчилиги билан дўст, баъзилари билан ҳамқалам ҳам бўлиб, вилоят ва республика рўзномаларига туманимиз ҳаёти тўғрисида саҳифалар уюштирганмиз. Бугун уларнинг кўпчилиги орамизда бўлмаса-да, лекин уларнинг номлари туман тарихи зарварақларида ёрқин ҳарфлар билан ёзилган. Мен камоли мамнуният билан газетанинг фидойи муҳаррирлари Аҳмаджон Ражабов, Насриддин Зайниев, Эркин Азаматов, кўп журналистларга устоз сифатида танилган тезкор суратчи ва мухбир Ғулом Алиев, қалами ўткир адабий ходим ва мухбирлар Холиқ Ҳакимов, Пўлат Ҳамдам, Аҳмаджон Нарзиқулов, Ибодулло Ўлмасов, Маннон Розиқов, Эргаш Султонов, Шавкат Сафотиллоев, Салим Ниёзов, Ғазанфар Иброҳимов, Баҳрилло Шукуровларнинг номларини ҳурмат билан эслайман. Газетанинг ҳозирги бош муҳаррири Нормурод Каримов, заҳматкаш ходимлар Бахтиёр Жумаев, Тошпўлат Юсупов, Нормамат Олимов, Беҳзод Қодиров, Хуршед Нуруллоев, Дилрабо Насимова, Мастура Султонова , Назифа Рофеева ва бошқалар билан мазкур газета туфайли дўст бўлиб қолганимдан бениҳоя мамнунман. “Гулобод тонги” идораси билан ҳамкорликда туманда таниқли ёзувчи, шоир, олим, санъаткорлар иштирокида бир неча марта адабиёт ва санъат кунлари, адабий анжуманлар, учрашувлар ўтказганмиз. Ўша вақтлар туманимиз тасарруфида бўлган Садриддин Айний номли жамоа хўжалигида ёзувчининг 100 йиллик юбилейини, туманимиздаги бир қатор жамоа хўжаликларида Тожикистон ва Ўзбекистоннинг таниқли адиблари ва олимлари иштирокида “Халқлар дўстлиги - адабиётлар дўстлиги” мавзуидаги учрашув ва анжуманларни ўтказганмиз. Ана шу учрашувларда Ўзбекистон Халқ шоирлари Абдулла Орипов, Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров, таниқли адиблар Маъруф Жалил, Хуршид Даврон, Жонибек Қувноқ, Тожикистон Халқ ёзувчилари Фотеҳ Ниёзий, Жалол Икромий, Фазлиддин Муҳаммадиев, Шодон Ҳаниф. Тожикистон Халқ шоирлари Шерали Лоиқ, Убайд Ражаб, Гулчеҳра Сулаймонова ва бошқалар қатнашиб, туманимиз, газетамиз тўғрисида илиқ фикрлар билдирганлар. Газетамизнинг Ургут, Жомбой ҳамда қўшни Панжакент тумани газеталари билан чиқарган қўшма сонларини ҳам ижодий ҳамкорлигимиз самараси сифатида эслайман.
Мен бугун 60 йиллигини нишонлаётганимиз “Самарқанд ҳақиқати” – “Шарқ тонги” – “Гулобод тонги”нинг турли йиллардаги сонларини варақлаб, бу рўзномада туманимиз ҳаётининг турли соҳалари тўғрисида хабар ва мақолалар, фотосуратлар нашр қилинганлигини кўриб, бу кўпгина воқеаларнинг гувоҳи, баъзиларининг бевосита иштирокчиси эканлигим туфайли туманимизнинг мана шу 60 йил давомида босиб ўтган йўли кўз ўнгимда гавдаланди. Жумладан, газетанинг турли йиллардаги сонларида қишлоқ кутубхоналарининг фаолияти, китобхонлар анжуманлари, туманимиз меҳнаткашларининг давлатга пилла, ғалла, сабзавот ва мева етказиб бериш режаларининг бажарганлиги, туманимизнинг Бутуниттифоқ мусобақаларда қатнашиб, ғолибликни қўлга киритганлиги, Республиканинг ўша вақтдаги Биринчи раҳбари Шароф Рашидовнинг Гулобод қўрғонида ҳозирги туман ҳокимиятининг маъмурий биносига тамал тоши ва келгуси авлодларга мактуб ёзиб қолдирилган капсулани қўйганлиги, туманда Амир Темур замонидаги боғларнинг қайта тикланганлиги, ўзбек ва тожик халқларининг азалий ва абадий дўстлиги рамзи сифатида Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийларга мужассама-ёдгорлик ўрнатилганлиги, Мустақиллик йилларида туманимизда янги барпо этилган тиббиёт муассасалари, касб-ҳунар коллежлари, спорт ва маданий иншоотлар, замонавий қўшма корхоналар тўғрисидаги публицистиканинг турли жанр ва йўналишида ёзилган хабар ва мақолалар билан танишамиз.
Туман аҳолисининг миллий хусусиятини эътиборга олиб, 1988 йилнинг октябрь ойидан бошлаб газетанинг бир саҳифаси тожик тилида нашр этилмоқда. Биз ана шу газетада журналистик фаолиятини бошлаган, ҳозир республика “Овози тожик” рўзномасининг вилоятдаги махсус мухбири вазифасида ишлаётган Зоҳир Ҳасанзода билан биргаликда тайёрлаб, биринчи саҳифани 1988 йил 29 октябрида нашрдан чиқардик. Шундан кейин мазкур саҳифа мунтазам равишда нашр этилмоқда.
Самарқанд шаҳрини халқа каби ўраб олган Самарқанд тумани азалдан адиблар, олимлар, ҳунар ва санъат аҳлининг масканидир. Шунинг учун ҳам “Гулобод тонги”нинг деярли ҳар бир сонида ана шу адибларнинг шеър ва ҳикоялари, олимларнинг тиббиёт, маориф, табиат, деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик, ҳунармандчилик ва бошқа соҳаларга доир мақолалари, йўл-йўриқлари, янги китоблари тақдимотлари ва бошқалар мунтазам равишда нашр қилиб борилмоқда. Уларнинг энг саралари “Гулобод тонги” ижодкорларининг туҳфаси сифатида Мустақиллигимизнинг 20 йиллиги муносабати билан нашр этилган “Истиқлол ва истиқбол” ҳамда Республика Мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан нашр этилган “Шукрона” тўпламларидан жой олган. Буларнинг ҳаммасини “Гулобод тонги”нинг ўқувчилари илиқ кутиб олганлар.

Газета нашр этилган нусхалари сонига эътибор билан назар солсак, унинг дастлабки сони 2000 нусхада нашр этилган бўлса, кейинчалик аста-секин кўпайиб, 80-йилларда 15000 нусхадан ҳам ошиб кетганлигнинг гувоҳи бўламиз. Лекин негадир 2007-2008 йиларга келиб у яна пасайиб, ҳаттоки 2009 йилнинг бошида 200 нусха атрофида муштарий (обуначи)га эга бўлган, холос. Туман раҳбарларининг саъй-ҳаракати билан газета идорасининг раҳбарияти ўзгартирилиб, ижодий ходимлар сафида ҳам ишчан ва тажрибали журналистлар қўшилганлиги туфайли газета сифати ҳам ўзгариб, обуначилар сони ҳам, нашр адади ҳам йил сайин кўпайиб бормоқда ва ҳозирги кунда 5000 дан зиёд нусхада нашр этилмоқда.
Шуниси диққатга сазоворки, “Гулобод тонги”нинг вилоятимиздан ташқарида ҳам мухлислари бор. Буни таҳририятга Қашқадарё, Жиззах, Тошкент, Бухоро, Фарғона вилоятларидаги мухлислардан юборилаётган бадиий лавҳалар, шеърлар, суратлар ва уларнинг газета саҳифаларидан жой олаётганлигидан билиш мумкин.
Туман раҳбарларининг оқилона йўл-йўриқлари ва кўмаги билан “Гулобод тонги” идораси ўзининг компютер жамланмаси, “Матиз” енгил автомашинасига эга бўлди. Бугун – газетанинг 60 йиллиги ҳамда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан идора ўзининг замонавий мустақил биносига ҳам эга бўлди.
Кези келганда шуни айтиш керакки, “Гулобод тонги”ни мухлисларга етказиб бериш борасида “Ўзбекистон почтаси”, “Матбуот уюшмаси”, “Янги аср матбуоти” каби матбуот тарқатувчи идора ва ташкилотлар кўпайиб, улар газета ўқувчилари сонининг кўпайиши ва уни мухлисларга ўз вақтида етказиб бериш борасида саъй-ҳаракат қилмоқдалар. Лекин, тажриба шуни кўрсатмоқдаки, газетага идоранинг ўзида ва ё идора ходимлари ёрдамида обуна бўлганларгина уни ўз вақтида олиб ўқишга муваффақ бўлмоқдалар.
Бизнингча, “Гулобод тонги” идораси ходимлари кенг жамоатчиликка таяниб, келгусида ҳам газетани туманимиз ҳаётининг ёрқин ойинаси сифатида жилоланиб туришига, унда Мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, давлат ва сиёсат, маърифат ва маданият, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётнинг турли-туман соҳалари бўйича хабар ва мақолалар нашр этиб, газетхонларни хушнуд этадилар. Газетани ўз ўқувчиларига вақтида етказиб бериш учун эса газета идораси қошида обуна ва тижорат масалалари билан шуғулланувчи мустақил ходимларни бирлаштириш йўлларини ахтариб иш тутадилар. Шундагина газетхонлар газетани ўз вақтида оладиган бўлиб, газетачилардан рози бўладилар...
Биз “Гулобод тонги” газетасининг ижодий ходимларини, унинг нашр этилиши ва гезетхонларга бориб етиши учун хизмати сингган ҳар бир ходимни, қолаверса барча газетхонларни бугунги қўшалоқ байрам – “Гулобод тонги”нинг 60 йиллиги ва журналистларнинг касб байрамлари билан қизғин муборакбод этамиз.Барчангизга бу кунлар қутлуғ бўлсин, азизлар!

Аслиддин ҚАМАРЗОДА,
“Гулобод тонги” газетаси таҳририятининг жамоатчилик Кенгаши аъзоси,
Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси, Турон Фанлар Академиясининг академиги.


Дата добавления: 28/06/2017 13:36;   Просмотров: 1520
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку