“Самарқанд ҳақиқати” номи билан таъсис этилган газета бир варақ, 2 саҳифада чиқа бошлаган бўлиб, унинг биринчи муҳаррири Аҳмаджон Ражабов. 1957 йилдан 1959 йилгача газета фаолиятини бошқарган.
1932 йил Жиззах вилоятининг Фориш туманида туғилган Насим Нориев 1950 йилда 1-ўрта мактабни битиргач Самарқанд Давлат университетининг ўзбек филологияси факултетида ўқийди. Олий маълумотли бўлгандан сўнг, оз муддат вилоят “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетасида ишлайди. Кейин Самарқанд туманидаги газетага ишга ўтади. Дастлаб бу ерда у масъул котиб, кейин эса 1959 йилдан муҳаррир этиб тайинланди. 1961 йилга қадар газетани мазмунли ва техник жиҳатдан чиройли чиқаришга интилди.
* * *
1928 йили Самарқанд шаҳрида туғилган Насриддин Зайниев газетага 1961-1989 йиллар давомида муҳаррир бўлиб ишлайди. Бу инсон саъй-ҳаракати билан Хожа Аҳрор Валий маҳалласида таҳририятнинг янги биноси 1962 йили қурилиб фойдаланишга топширилади. Ўша йилдан эътиборан газета тўрт саҳифада “Шарқ тонги” номи билан чиқа бошлайди.
Таҳририят жамоасининг баракали меҳнати, газета мутазам мазмунли чиқаётгани боис бир неча бор собиқ Бутуниттифоқ кўригининг Фахрий ёрлиқлари, вилоят матбуот бошқармасининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланади.
* * *
Галаосиё маҳалласида туғилиб ўсган, Самарқанд Давлат университетининг филология факултетини битирган, дастлаб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлимида, “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетасида ишлаган, таниқли журналист Эркин Азаматов 1989-1994 йиллар давомида “Шарқ тонги” рўзномасида муҳаррир бўлиб ишлайди. Муассис - туман ҳокимлигининг рухсати ва муҳаррирнинг елиб-югуришлари боис газета катта форматда “Халқ сўзи” республика газетаси ҳажмида чиқадиган бўлди.
Абдусалом Муҳаммадалиев туманнинг Талибарзу маҳалласида туғилган. Кўп йиллар давомида бу газетада бўлим мудири, масъул котиб бўлиб ишлаган. Унинг меҳнатларини инобатга олган туман ҳокимлиги А.Муҳаммадалиевни 1994 йили газета муҳаррирлигига тайинлайди. Бу инсон ижодий жамоа билан газетани янада чиройли чиқаришга ҳаракат қилади. Шу билан ижодий ва техник ходимлар меҳнатини рағбатлантириб, қулай иш шароитлари яратилишига ғамхўрлик қилади. Натижада таҳририят янгидан-янги кадрлар, таниқли журналист ва ижодкорлар билан бойийди. У 1997 йилгача, яъни нафақага чиққунига қадар ишлайди.
* * *
Шоди Мирмаҳмадов 1945 йили туманнинг Оқмачит қишлоғида туғилган. Кўп йиллар туман халқ таълими бўлими ва туман ҳокимлигида ишлайди. 1997 йили туман ҳокимлигининг буйруғи билан газета муҳаррири этиб тайинланади.
Шоди Мирмаҳмадов даврида газета кичик форматда чоп этиладиган ва “Гулобод тонги” номи билан чиқадиган бўлди. Отахон таҳририятга 2009 йил март ойига қадар фаолият юритиб, уни мунтазам чиқишига эришди, ижодий жамоани мазмунли мақолалар ёзишга, туманда рўй бераётган янгиликларни олиб чиқишларига кўмак берди, руҳлантириб борди.
* * *
2009 йилнинг апрель ойидан Нормурод Каримов газетага муҳаррирлик қилиб келмоқда. 1951 йили Ўрташиқ маҳалласида туғилган, ўндан зиёд бадиий, шеърий китоблар муаллифи Нормурод Каримов газета савиясини ошириш, ижодий ва техник ходимлар фаолиятини мустаҳкамлаш, 20 йилдан буён туман Давлат солиқ инспекцияси биносида ижарада туриб бўлсада газетанинг мунтазам чиқиши ва типографик сифатини ошишига эришиб, кишиларга ғамхўрлик кўрсатиш билан бирга газетхонлар сонининг ошишига ҳаракат қилди.
Бундан ташқари, газета ҳажмини ошириб, рангли ва чиройли чиқиши учун бор имкониятини ишга солди. Шу билан бирга, “Гулобод илҳомлари” рубрикаси остида ижодий ҳамда жамоатчи мухбирлар китобларини чоп этишга ҳисса қўшди.
Айни пайтда таҳририят ўз биносига эга бўлиб, ҳар бир ходим баракали ижод қилиб, газета савиясини бойитмоқда.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.