- Кўп бора айтилаётган бўлса-да, сўзим аввалида яна бир карра таъкидламоқчиман. Сўнгги икки-уч йил мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари фаолиятида туб бурилиш даври бўлди.
Телевидение ва радионинг мундарижаси ўзгарди, хусусий телеканаллар кўпайди. Газеталар ўткирлашди. Интернет нашрлари аудиторияси кенгайиб бормоқда. Муҳтарам Президентимизнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган байрам табригида ҳам бундай ижобий ўзгаришлар, журналистларимизнинг фаоллиги алоҳида таъкидлангани ижодкорларга ғурур ва ифтихор бағишлади. Жумладан, кейинги пайтларда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида ҳаётимиздаги ижобий ўзгаришлар таҳлили ошиб бораётгани яққол сезилмоқда. Бу ўзгаришлар ислоҳотларимиз самарадорлигини оширишга, фуқароларимизнинг ижтимоий фаоллигини кучайтиришга хизмат қилади, дейилади табрикда. Бу эътироф, албатта, оммавий ахборот воситаларининг бугунги фаолиятига берилган юксак баҳодир. Шу ўринда бундай ютуқларга айнан давлатимиз раҳбари томонидан соҳага қаратилаётган юксак эътибор натижасида эришилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Маълумки, сўнгги йилларда ОАВни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, хусусан, соҳанинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, журналистлар тайёрлайдиган олий ўқув юртини ташкил этиш, таҳририятларнинг моддий-техника базасини кучайтириш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Мустақиллик йилларида мазкур соҳада 10 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар ОАВ фаолиятини самарали ташкил этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Бу каби саъй-ҳаракатлар натижаси сифатида оммавий ахборот воситаларининг сон ва сифат кўрсаткичлари тобора юксалиб бормоқда. Маълумки, Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари умумий миқдорининг 64,4 фоизи нодавлат тузилмалар ҳисобланади. Ҳозирги кунда миллий телеканаллар тармоғи кенгайиб бораётгани ҳам фикримизга ёрқин мисолдир. Масалан, "Mahalla", "Дунё бўйлаб", "Маданият ва маърифат", "Оилавий", "Ўзбекистон-24", "Кинотеатр", "Болажон", "Менинг юртим" - "MY5", "Uzreport TV", "Milliy", "Zo`r-TV", "Sevimli", "Футбол-ТВ" каби янги телеканаллар очилиб, ўз мухлисларига эга бўлди. Мустақил ОАВ фаолияти самарадорлигини оширишда Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ҳар йили ўтказиладиган грант танловлари ҳам катта аҳамият касб этади. Айтиб ўтиш жоизки, Жамоат фонди томонидан ўтказиладиган грант танловларида иштирок этган ва ютган ОАВ сони ҳам йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Ўз навбатида, ОАВ фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган грант маблағлари суммаси ҳам тегишли равишда ортаяпти. Умуман, сўнгги йилларда мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари давлат ва халқни бир-бирига боғлайдиган мустаҳкам кўприкка айланмоқда. Бугун журналистларимиз жамиятимиздаги ҳар қандай муаммони адолатли ва холис тарзда қўрқмай қаламга олишмоқда. Аҳамиятлиси эса, айнан журналистиканинг таъсири билан жуда кўплаб муаммоларга ижобий ечим топиляпти.
Президентимиз соҳа ходимларини самимий табриклаш баробарида оммавий ахборот воситаларининг моддий-техника базасини, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, миллий матбуотимиз халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашига эришиш, интернет журналистикасини ривожлантириш, ноширлик иши, китоб савдоси, обуна масалаларида бозор механизмларини кенг жорий этиш, очиқлик ва соғлом рақобат муҳитида ишлашни йўлга қўйиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини ҳам билдириб ўтди. Бу эса, ўз навбатида, оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини янада мустаҳкамлаш, журналистларнинг машаққатли меҳнатини муносиб баҳолаш ва рағбатлантириш борасида олиб бораётган хайрли ишлар изчил давом этишидан дарак беради.
Қалам аҳли учун маънавий рағбатдан, эътирофдан ортиқроқ мукофот йўқ. Кўз нури, қалб қўри ила ёзилган мақолалар, тайёрланган кўрсатувлар муштарийлар ва телетомошабинлар томонидан юқори баҳоланиши, эътироф этилиши ижодкор кўнглини осмон қадар юксалтириб юборади. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг соҳа ходимларига табрик йўллаши, уларнинг машаққатли меҳнати ва изланишларини юксак баҳолаши, эътироф этиши барча қалам аҳлига ғурур-ифтихор, янги куч-ғайрат, ижодий кўтаринкилик бахш этди.
Баҳром ОБИДЖОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.