Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таниқли давлат арбоби ва адиб Шароф Рашидовнинг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарори бу улуғ инсонга нисбатан қадршунослик сифатида кенг жамоатчилик ва адабиёт аҳли томонидан илиқ кутиб олинди. Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон Республикасининг тарихида Шароф Рашидовнинг номи давлат арбоби, шоир ва ёзувчи сифатида муносиб ўринни эгаллайди.
Шароф Рашидов 1917 йил 6 ноябрда Самарқанд вилоятининг Жиззах музофотида ўртаҳол меҳнаткаш оиласида дунёга келди. У 1934 йилда Жиззах педагогика билим юртини битириб, олий маълумот олиш ниятида ўша вақтлар Ўрта Осиёда кенг танилган Ўзбекистон Давлат педагогика академияси (ҳозирги Самарқанд Давлат университети)нинг филология факултетига ўқишга кирди.
Самарқанд адабий муҳити, айниқса ўзбек ва тожик адабиётининг улкан намояндаси Садриддин Айний, ўша даврнинг таниқли шоири Ориф Гулханий, кейинчалик адабиётшунос олим сифатида танилган Воҳид Абдулло, истеъдодли ёш шоирлар Ҳамид Олимжон, Ҳабиб Юсуфий, Уйғун, Фотеҳ Ниёзий кабилар иштирокидаги адабий гурунгларда фаол қатнашиш, университетда жамоатчи ва ташкилотчи сифатида танилган Шароф Рашидовнинг адабиёт майдонига дадил кириб келишига салмоқли ҳисса қўшди. У бу адабий гурунгларда фаол қатнашиб, ўзининг шеърий машқларини устозлар ва тенгдошлари муҳокамасига ҳавола қиларди. Ана шу шеърлар унинг “Самарқанд оҳанглари” номли биринчи шеърий тўпламида нашр этилди.
Шароф Рашидов 1941 йилда университетни муваффақиятли битирди. Худди шу йили фашист газандалари ўша вақтлар бир иттифоққа бирлашган ягона Ватан ҳисобланмиш собиқ Иттифоқга ҳужум қилди. Урушга юбормаслик ҳақидаги имтиёзи борлигига қарамасдан, у кўп ватанпарвар тенгдошлари қатори урушга отланди. Урушда мардлик ва жасорат кўрсатиб, ўз юртига қайтгач, у раҳбарлик ишларига даъват этилди. Самарқанд вилоят партия қўмитасининг котиби, “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) республика рўзномасининг бош муҳаррири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси вазифаларида ишлади.
Шароф Рашидов 1950-1959 йилларда Ўзбекистон Олий Кенгаши раёсатининг раиси лавозимида ишлаб, 1959-1983 йиллар – умрининг сўнгги кунларигача Ўзбекистоннинг Биринчи раҳбари сифатида халқ ва Ватан равнақи учун хизмат қилди.
Ҳар бир ишни бажариш учун Москва ҳукмронлик қилган қийин бир вазиятда Шароф Рашидов салкам 25 йил давомида Ўзбекистонга раҳбарлик қилиб, республика иқтисоди ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшди. Унинг республика шаҳар ва қишлоқларининг ободонлиги, айниқса халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш борасидаги хизматлари бениҳоя каттадир.
Тошкентда 1966 йили рўй берган кучли зилзила оқибатида вайрон бўлган шаҳарни қайта тиклаш, пойтахт шаҳарда янги Чилонзор. Юнусобод, Қорақамиш каби массивлар, Сирғали йўлдош шаҳарчасини барпо этиш, юзлаб кўпқаватли турар жой ва маъмурий бинолар барпо этиш, Тошкент цирки, “Халқлар дўстлиги” санъат саройи, айниқса Тошкент метрополитенини қуришда Шароф Рашидовнинг хизматлари беқиёсдир. У Тошкентни Шарқ дарвозаси сифатида бутун оламга танитди. Шунингдек, республиканинг барча вилоятлари қишлоқ туманларида шаҳар типидаги намунавий турар жой бинолари қурилиши (жумладан, Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги Бешбола қишлоғида, Пахтачи туманидаги Хумор қишлоғида) ўша даврда қишлоқ ҳаётида буюк ўзгариш ҳисобланарди.
Давлат ишидан тиним билмаган ҳолда Шароф Рашидов ижод майдонида ҳам бардам одим ташлаб, 40-йилларнинг ўрталарида Ватанга садоқат руҳи билан суғорилган шеърларидан иборат “Қаҳрим” тўпламини нашр эттирди. Кейинчалик унинг “Ғолиблар”, “Бўрондан кучли”, “Қудратли тўлқин” романлари, “Кашмир қўшиғи” романтик қиссаси, “Дил амри”, “Икки дил достони”, “Лочинлар” каби қиссалари нашр этилиб, адабиёт мухлислари томонидан илиқ кутиб олинди. Унинг барча асарлари кўптомлик “Сайланма”сидан жой олган ва бир неча тилларга ҳам таржима ва нашр этилган.
Шароф Рашидов ҳаётда ҳам, ижодда ҳам халқлар ўртасидаги дўстликнинг кўприги эди. Бу мазмун унинг асарларида ҳам ўз ифодасини топган. Жумладан, ўзбек ва ҳинд халқлари ўртасидаги дўстлик “Кашмир қўшиғи”, “Икки дил достони” қиссаларида, шўролар даврида ягона Иттифоққа бирлашган халқлар дўстлиги “Бўрондан кучли” ва “Қудратли тўлқин” романларида ўз ифодасини топган.
Шароф Рашидовнинг айниқса, азалдан бир-бири билан қондош ва жондош, бир дарахтнинг икки шохи ҳисобланмиш ўзбеклар ва тожиклар ўртасидаги дўстликни авайлаб-асраш борасидаги хизматлари беқиёсдир. Унинг ташаббуси ва раҳбарлигида Ўзбекистонда 1961, 1968 ва 1981 йилларда Тожикистон адабиёти ва санъати кунлари (декадалари) ўтказилди. Худди шунингдек, Тожикистонда ҳам ўзбек адабиёти ва маданияти декадалари ўтказилиб, шу тадбирлар муносабати билан ҳар иккала халқ шоир ва ёзувчиларининг асарлари икки тилда минглаб нусхаларда нашрдан чиқарилган эди. Икки халқ ўртасидаги адабиёт ва санъат байрами сифатида ўтказилган мазкур кунларнинг очилиши ва ёпилиши маросимларида Шароф Рашидовнинг ўзи қатнашиб, Тожикистондан ташриф буюрган деярли барча адиблар ва санъаткорларни турли даражадаги мукофотлар билан тақдирлаган эди.
Шароф Рашидов Мирзо Турсунзода, Сотим Улуғзода, Фотеҳ Ниёзий, Жалол Икромий каби таниқли тожик адиблари билан оға-инидай дўст-биродар эди. Ана шу қадрдонлик ва адабиётга бўлган муҳаббат тариқасида асли Ўзбекистон фарзандлари эканликларини назарда тутиб, уларнинг туғилган она юртлари тўғрисида асарлар яратганини эътиборга олиб, Фотеҳ Ниёзийга Самарқандда ва Жалол Икромийга Бухорода яшаб ва ижод қилиш учун уйлар армуғон этди. Тожикистонлик дўстлар ҳам Шароф Рашидов ва унинг ижодига меҳр билан қараб, унинг деярли барча асарларини тожик тилига ўгириб, китобхонларга манзур этганлар. Таниқли тожик адабиётшунос олими Атахон Сайфуллоев Шароф Рашидов ҳаёти ва ижоди тўғрисида алоҳида рисола ёзиб нашр эттирган.
Шароф Рашидов Ўзбекистоннинг турли шаҳар ва қишлоқларида азалдан яшаб келаётган тожиклар, қозоқ, қирғиз, туркман, қорақалпоқ ва бошқа халқ-ларнинг ҳам тили ва маданиятига ҳурмат билан муносабатда эди. Ўзларининг она тилларида таълим олиб ўрта мактабларни битирганлар Ўзбекистоннинг барча олий ва ўрта махсус ўқув юртларига шу тилда кириш имтиҳонлари топшириб ўқишга кирар, шунингдек Русия, Тожикистон, Қозоғистон олий ўқув юртларига ҳам таълим олиб, олий маълумотли бўлиб Ўзбекистонга қайтиб келардилар.
Шароф Рашидовнинг бу тиллардаги вақтли матбуот ривожига ҳам эътибори кучли эди. Буни 60-йилларда “Ҳақиқати Ўзбекистон” республика рўзномасининг (ҳозирги “Овози тожик”) ҳафтада беш маротаба чиқарилиши, Республика радиосида тожик тилидаги кундалик эшиттиришлар вақти оширилганлиги, тожикча куй-қўшиқлар мунтазам эшиттирилиши, Самарқанд, Бухоро. Фарғона вилоят радиоларида ҳам тожик тилидаги эшиттиришлар ташкил этилганлигидан ҳам билиш мумкин эди.
Шароф Рашидовнинг эътибори туфайли ўзбек ва тожик адабиёти ва илми учун бир хил хизмат қилган Садриддин Айнийнинг Самарқанддаги уйи музей сифатида сақланди ва ҳозиргача ўз фаолиятини давом этиб келмоқда. Шароф Рашидов мазкур уй-музейнинг очилишида ҳамда бу улкан ёзувчининг 100 йиллиги муносабати билан Самарқандда ўтказилган Халқаро анжуманда қатнашди.
Шароф Рашидовнинг раҳнамолигида Самарқанд Давлат университетида тожик тили ва адабиёти факултети кенгайтирилиб, таълим асосан тожик тилида олиб бориладиган Садриддин Айний номидаги Самарқанд педагогика институти очилган эди, Бухоро давлат педагогика институтидаги бир қатор факултетларда ҳам таълим тожик тилида олиб бориладиган бўлимлар фаолият кўрсатар эди. Самарқанд Давлат университетида илмий даражалар бериш Илмий кенгаши фаолият кўрсатиб, тожик тили ва адабиётидан диссертациялар шу ерда ёқланар эди.
Шароф Рашидовнинг Самарқанд ободончилигига ҳам қўшган хизмати ҳам юксакдир. Вилоят ҳокимлигининг маъмурий бинолари, опера ва балет театри, Самарқанд Давлат университетининг 9-қаватли ўқув биноси, химия-физика ўқув-лаборатория биноси, Самарқанд туманининг Гулобод шаҳарчасидаги маъмурий биноси ва бошқа жуда кўп қурилиш ва иншоотлар Шароф Рашидовнинг раҳбарлиги даврида бунёд этилган.
Самарқандликлар ҳам Шароф Рашидов номини Ватаннинг содиқ фарзанди, атоқли раҳбар ва адиб сифатида эъзоз билан эслайдилар. Унинг вафотидан сўнг Самар-қанд шаҳрида кўча, Пастдарғом туманида жамоа хўжалиги унинг номига қўйилган эди. Самарқанд Давлат университетида унинг 80 йиллиги муносабати билан илмий анжуман ўтказилиб, хотира лавҳаси ўрнатилган эди.
Аслиддин ҚАМАРЗОДА,
Самарқанд Давлат университети профессори,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.