Маълумки, диний эътиқодга толерантлик йўналишлари миллий онгда ўзига хос тараққиёт йўлини босиб ўтади. Яъни инсон ва жамият бор экан, эзгу ғояларнинг зидди бўлган зулм ва зўравонлик, қабоҳат ва жаҳолатнинг ҳар бир даврда янги-янги шаклларда намоён бўлиши тарихий ривожланиш даврлари, формациялар ўзгариши шароитида юзага келган.
Лекин инсоният тараққиёт, адолатпарварлик, тинчлик ва биродарлик, ривожланиш, фаровонлик ғояларига таяниб, олий мақсадлар сари интилиши миллий онгда пайдо бўлаётган диний эътиқодга хос толерантликнинг вужудга келишига ҳеч қандай тўсқинлик қила олмайди. Чунки ҳар қандай йўналишдаги миллийлик онгда шаклланиб, ғоя сифатида ўзида гуманизм талабларини, халқнинг ирода ва интилишларини акс эттиргани ҳолда жамиятни бирлаштириб, унинг салоҳияти ва имкониятларини тўла юзага чиқаришда ўнга аниқ омил сифатида таяниш заруратини юзага келтиради.
Мафкуранинг диний илдизлари деганда, унинг инсон онги ва руҳияти билан узвий эканлиги назарда тутилади, унинг ғоявий илдизлари диний ва дунёвий таълимотларга бориб тақалиши тушунилади. Яъни “Забур”, “Таврот”, “Инжил”, “Қуръон” каби илоҳий китобларда зикр этилган эзгу ғоялар инсоният тараққиётида кўпгина мафкураларда маълум даражада ўз ифодасини топганини кўрамиз. Дунёвий ва диний ғоялар бир-бирини бойитиб боради ва аста-секинлик билан инсоният тараққиёти босқичини юқори даражага кўтаради. Бунга тарихда ўчмас из қолдирган Имом Бухроий, Имом Мотуридий, Имом Ғаззолий, Имом Термизий, Нажмиддин Кубро, Абу Наср Форобий, Мусо Хоразмий, Беруний, аз-Замахшарий каби буюк заковат соҳиблари яшаб, фаолият кўрсатган даврлар ва улардан қолган дунёвий ҳамда диний фикрлар шубҳасиз ёрқин мисол бўла олади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, узоқ тарихий даврлардан тортиб, бугунги кунгача дин миллатнинг маънавий қадриятларини ўзида мужассам этади. Миллий қадриятларнинг асрлар оша безавол яшаб келаётгани ҳам диннинг ана шу хусусияти билан боғлиқ. Чунки дунёдаги динларнинг барчаси бағрикенглик, эзгулик ғояларига асосланиб, инсонларга яхшилик, тинчлик, дўстлик каби фазилатларни сингдириб келган. Шу хусусиятлари билан у инсонларни ҳалоллик, поклик, меҳр-шафқат ва толерантликка даъват этади. Ҳозирги замонда бу ғоя эзгулик йўлида нафақат диндорлар, балки бутун жамият аъзоларининг ҳамкорлигини назарда тутади, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Б.АМОНОВ,
Имом Бухорий Халқаро Маркази манбашунослик бўлими бош мутахассиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.