«Гулобод тонги» газетаси Самарқанд туманининг сиёсий, ижтимоий, маънавий ҳаётини халқ билан боғлаб турадиган қуйма занжирдир. Мен бу рўзномани ташкил топган йили – 1957 йилдан буён орада бошқа жойларда ишлаганимни инобатга олмаганда мунтазам равишда ўқиб келмоқдаман ва у билан ҳамнафасман.
Газета долзарб масалаларни кўтариш ва халққа етказишга ҳамиша ташаббускор. У қишин-ёзин деҳқончилик, маиший хизмат, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, саноат, қурилиш, фан, техника, ободончилик, савдо, маданият ва спорт, ҳунармандчилик, халқ анъана ва удумлари, гиёҳвандлик, турли хуружлар, одам савдосига қарши курашни вақт-вақти билан ёритишга бош-қош.
Таҳририят жамоатчилик билан ҳамкорликда бир неча карра «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчамлаштириш, дабдабабозликларга йўл қўймаслик тўғрисида» тавсиялар эълон қилди.
Туманимиз ижодкорларининг ҳаёти ва ижоди ҳақида «Армуғон» ҳамда «Суханобод»нинг туркум сонлари чиқди.
Хусусан 2011 йилда туманимиз тўғрисида «Муҳаррир» нашриёти томонидан 2000 нусхада чиқарилган китоб «Истиқбол ва истиқлол» катта аҳамиятга молик. Бу асар туман собиқ ҳокими Баҳодир Саъдуллаевдан тортиб, бошқа фаолларнинг мақолаларини қамраб олган. Китобнинг 13 маротаба тақдимоти ўтказилиб, 400 таси Ҳожи Толиб Ҳомидов ҳомийлигида мактаб ўқувчиларига туҳфа этилди.
2014 йилда туман ҳокими Ботир Қодиров билан оммавий ахборот воситалари ходимларининг учрашувида Республикада хизмат кўрсатган журналист Нусрат Раҳмат «Гулобод тонги» газетасига мустақил бино қуришни таклиф этган эди. Мана бугун қувончли ва эзгу ниятлар амалга ошди. Мен дилга яқин газетанинг ташкил этилганлигининг 60 йиллиги ва янги бинонинг фойдаланишга топширилиши билан барчани муборакбод этаман.
Бобомурод ЗИЁЕВ, меҳнат фахрийси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.