Маълумки, “Шашмақом” ўзбек ва тожик халқининг мемуар-мусиқий асари бўлиб, ипидан игнасигача сеҳрли куй ҳамда қўшиқлар мажмуасидир. Ундаги хушнаво, дилтортар наволар киши қалбини эзгу ҳисларга тўлдиради, тингловчини беихтиёр ўзига тортади. Ана шундай наволардан бири “Дашти Наво” бўлиб, шу ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.
Ривоят қилишларича Бухоро шаҳрининг қоқ марказидан катта карвон Ипак йўли бўйлаб йўлга тушади. Карвонда Бухоронинг энг машҳур бой ва бадавлат савдогарлари жамланган эди. Улар узоқ ва машаққатли йўлни яқин қилиш, бийдай даштдан хушкайфият билан ўтиб олиш мақсадида ўзлари билан бирга ўша даврнинг машҳур созандасини ҳамроҳ қилиб оладилар. Созанданинг кўзлари ожиз бўлиб, най чалишни ўзига касб қилиб олганди. Созанданинг яна бир истеъдоди шундан иборат эканки, у қайси манзилда, қайси вазиятда, қайси ҳолатда, қанақа даврада бўлмасин ўша муҳитга мослаштириб дилнаво оҳанг басталаб, олқишлар олар экан.
Иттифоқо, катта карвон даштнинг қоқ ўртасига келиб қолади. Карвонбоши шу ерда туяларга дам бермоқчи, ўзлари ҳам тамадди қилишни таклиф қилади. Савдогарлар дарров яхши жойни танлашиб, чодир қурадилар, дастурхон ёзиб ўзлари билан бирга олиб келган егуликларни қўядилар. Чой ичиб бўлишгач, карвонбоши созандадан куй чалиб беришни илимос қилади. Созанда қўйнидан бахмал духобага ўралган қамиш найни эҳтиёткорлик билан олиб, унинг тешикларига сув қуяди, ҳўллатиб, сўнг чалади. Найдан сеҳрли нағма таралиб бутун борлиқ сукунатга тобе бўлади. Бир шоир созанданинг маҳоратини қуйидагича тасвирлайди:
Агар чун нағмасини айласа соз,
Садодек тошу қумдан чиқғай овоз.
Майин ва латофатли куй бутун дашт узра таралар, сеҳрли куй жозибасидан нафақат инсон, балки даштни макон қилиб олган жами жонзотлар ҳам ором ва завқ олишади.
Созандани қуршаб олган савдогарлар ҳозиргина ижро этилган бу дилрабо куйни ҳеч қачон эшитмаган эдилар. Чунки ижро этилган куй ўзининг оҳангдорлиги, хушнаволиги, сержилолиги, юракни ўртовчи ўйноқилиги билан барчани мафтун этиб қўйганди...
Савдогарлар ҳар доимгидек сафар асносида айнан ана шу жойга келиб қўнганларида шу куй ижро этиларди. Бора-бора савдогарлар ушбу жозибали куйни “Дашти наво” деб номлайдилар. Шу-шу асрлар оша, йиллар оша бу куй замонасининг бастакорлари, моҳир созандалари томонидан янада сайқал топиб мукаммал ҳолга келиб бизнинг давримизгача етиб келди.
Бухоро амири саройида Ота Жалол Носирий раҳбарлигида фаолият кўрсатган “Шашмақом” ансамбли созанда, хонанда ва бастакорлари шашмақомни яхлит бир туркумга келтираётган бир пайтда “Дашти Наво” куйини ҳам эътибордан четда қолдирмайдилар. Бу дилрабо куй шашмақомнинг Наво мақоми таркибидан жой олди. Куйга Қорий ғазали солиниб янги мақом асари вужудга келди. Уни Ўзбекистон халқ артисти Исҳоқ Каттаев илк бор ижро этди. Кейинчалик Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шавкат Мирзаев “Дашти Наво”га Гадоий ғазалини мослаштириб янги вариантини яратишга муваффақ бўлди. “Дашти Наво”нинг бу янги вариантини Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева эса маҳорат билан ижро этмоқда.
Олимжон ҒАФУРОВ, мусиқашунос
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.