Глобаллашув яшин тезлигида дунёни ўраб, чирмаб олаётган бир пайтда инсон маънавиятига айниқса, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи хуружлар кун сайин кўпайиб бормоқда. Бундай хуружлар негизида "оммавий маданият" ниқоби остида ҳаракатланувчи ахлоқий бузуқлик, миллий-маънавий қадриятларга беписандлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш ётибди. Бундай жараёнда миллий қадриятларни сақлаб қолиш осон эмас. Негаки, айрим қизларимиз замонавий кийиниш ортида афсуски "Менинг юриш-туришим, одатларим миллий маданиятимизга, маънавиятимизга мосми?", "Мен ўзлигимни унутиб қўймаяпманми?" деган саволларни бермай қўйганлари ҳам айни ҳақиқат.
Хўш, бизнинг ўзбек қизлари қачон гўзал бўлади, қачонки ўз миллий қадриятларимизга амал қилса. Кийиниш ортида ҳам ҳаё, ибо, тарбия, маданият борлигини доим ёдда тутса, унга хос ва мос кийинса.
Шарқона маданиятга мос кийиниш борасида кўп гапирилган бўлишига қарамай бу мавзу ҳамон эътибор ва муҳокамалар марказида турган долзарб масалалардан бири бўлиб келмоқда.
Гап кийиниш борасида борар экан шуни ҳам инобатга олиш жоизки, мақсад фақат танқид қилиш эмас, балки танқид кўзгуси орқали қизларимиз қалби, онгу, шуурида миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳини камол топтиришдир.
Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ёш қизларимиз ўртасида миллий қадриятларимизни тарғиб қилиш, кийиниш маданиятини такомиллаштириш мақсадида Республикамизнинг барча таълим муассасаларида "Бувижоним кийган либослар" номли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Ана шундай тадбир туманимизнинг 33-умумий ўрта таълим мактабида ҳам ўтказилди. Унда вилоят ва туман хотин-қизлар қўмитаси раислари, туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги умумий ўрта таълим мактабларининг хотин-қизлар бошланғич ташкилоти раислари, маҳалла мутасаддилари, ўқитувчилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Г. Алимова сўзга чиқиб, кийиниш маданияти, миллий урф-одатларимизни асраб-авайлаш ҳамда бувижонларимиз кийган кийимларнинг матоси, қулайлиги хусусида гапириб, жумладан, шундай деди. - Бу каби тадбирларни ўтказишдан мақсад, қизлар ўртасида миллий либосларни кенг тарғиб қилиш, ёшларимизни миллий либосларга ҳурматини ошириш, қолаверса, кийиниш маданиятини юксалтиришдан иборатдир. Шунинг учун қизларимизга қарата айтмоқчиманки, қизларжон сочингизни сариққа бўясангиз ҳам тиззаси йиртиқ шим ёки кўксида инглизча ёзувлар бўлган футболка кийсангиз ҳам барибир ўзбек қизилигингизча қоласиз. Ўзбек қизи бўлиб, туғилганингиздан фахрланишингиз керак. Нега дейсизми? Қайси юртда яшаётганлигингиз, қандай буюк аждодлар авлоди эканлигингизни ўйласангиз буни англаб етасиз.
Тадбир давомида юқори синф ўқувчилари томонидан ташкил этилган миллий либослар, ҳунармандчилик намуналари, ўзбек миллий таомлари, "Қизларжон клуби" аъзоларининг қўл меҳнатлари акс этирилган кўргазма ҳамда улар томонидан асрлар оша авлоддан-авлодга ўтиб келаётган момоларимиз ва бувижонларимиз кийган либослар намойиши йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек,қизларимиз уйда, мактабда, меҳмонда, кўчада, тўй маросимларида қандай тартибда кийиниш лозимлиги ҳақидаги тасаввурга эга бўлишди.
"Бувижоним кийган либослар" маънавий-маърифий тадбири миллий либосларимиз умрбоқий эканлигини яна бир бор намойиш этиш билан бирга ёшлар маънавиятини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Тадбир сўнгида фаол иштирок этган ўқувчи қизларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.
Тошпўлат ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.