Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

“БОЙЧЕЧАК” ҚЎШИҒИДАН БОШЛАНАР БАҲОР

Юртимизнинг бахти кулган забардаст эли қатори байраму тўёналарни севувчи туманимиз аҳли ҳам қадим замонлардан бизгача етиб келган миллий қадриятларимиздан бири – Наврўз байрамини кўтаринки руҳда кутиб олди.

Шодиёна онларнинг авжи 21 мартга тўғри келса-да, байрам нафасининг кўнгилларни энтиктирганига анча бўлди. Баҳорнинг хушхабарини нисбатан илиқ келган февраль кунларида “суюнчи-суюнчи” дея қишлоқлар оралаб югурган болаларнинг “Бойчечак” қўшиғи кўкламга интиқ бўлган қалбимизга етказган бўлса, ижтимоий тармоқлардан Сурхон воҳасида бодом гуллагани ҳақида тарқалган дарак, “ҳадемай ўлкамизда баҳор” деган ёқимли ўйни кўнглимизга солганди. Шукурки, аждодлардан мерос бўлиб келаётган удумни нишонлаяпмиз.

Аслида, мустақиллик шарофати билан юртимизда умумхалқ байрами сифатида қайта тикланган Наврўзнинг тарихи милоддан аввалги VI асрларга бориб тақалади. Битикларда бу байрамнинг Аҳамонийлар даврида Ўрта Осиё, Эрон ва Афғонистонда кенг нишонлангани қайд этилган. Шунга асосланиб, Наврўзнинг тарихини 25-30 асрга эга деб, тахмин қилиш мумкин.

Беруний “Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар” номли китобида Наврўз ҳақида шундай ёзади: “...У бутун йил унга хизмат қиладиган бир вақтда, яъни баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан гуллар очилгунча, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунча, ҳайвонларда насл вужудга келгунча давом этадиган вақтда келади. Шунинг учун Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган”.

Наврўз кунлари одамлардаги инсонпарварлик, олийжаноблик, жумардлик сифатларининг яққол кўзга ташланиши уларнинг ўзаро меҳр-мурувватида, аҳиллик ва тотувлигида, ёши улуғ инсонлар, табаррук отахон ва онахонларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож кишиларга беғараз ёрдам беришга бўлган ҳаракатида намоён бўлади.

Наврўз халқимизнинг бой миллий санъатини, урф-одатларини ўзида сақлаган байрам бўлиши билан бирга, тарбиявий аҳамияти ҳам катта - у ёшларни одамийлик, дўстлик, ўзгаларга ҳамдард бўлиш, меҳрибонлик, меҳр-оқибатли бўлишга ундайди. Бу байрам нафақат хурсандчилик, кулгу, хушчақчақлик билан чегараланади, айни пайтда байрам олди ва ундан кейинги кунларда кишилар ўз юмуш ва тадбирларини ҳам режалаштириб оладилар.

Наврўз ўзининг мазали ва ширин таомлари билан ҳам азиз. Ялпиз, кўк пиёз ва бошқа кўкатлар солинган егуликлардан ташқари, кўклам таомлари орасида сумалакнинг алоҳида ўрни бор. Чунки уни тайёрлаш жараёни маросим сифатида шаклланган. Сумалак пишириш давомида хотин-қизлар ҳикоя, эртак ва ривоятлар айтишиб, ўйин-кулгу қилишади. “Наврўз”нинг “шоҳ таоми” тайёр бўлгач, уни пиширишда қатнашганлар ва маҳалла аҳли Сумалакхўрлик қилиш учун “сумалак сайли”га таклиф этилади. Яна хурсандчилик, яна ўйин-кулгу. Асрлар оша нишонланиб келинаётган “сумалак сайли” кишиларни ўзаро ҳамкорлик ва бирдамликка чорлаши билан ҳам жуда қадрлидир.

Туманимизда Наврўз байрамини жуда кўтаринки руҳда нишонлаш анъанага айланган. Шодиёнага муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида 11-12 март кунлари жойларда умумхалқ ҳашари ташкил этилгани қишлоқларимиз кўркига кўрк қўшди, янада чиройини очди. Кўча-куйлар тозаланиб, ариқлар бўйига, ҳовли-далаларга минглаб манзарали ва мевали дарахтлар экилди. Умуман, ҳамма жойда байрам шукуҳи кезмоқда.

Наврўз байрамингиз муборак бўлсин, азиз юртдошлар!

Хуршид НУРУЛЛАЕВ


Дата добавления: 24/03/2017 11:34;   Просмотров: 1620
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку