Мана ўқув йили ҳам тугаб, аксарият болажонлар ёзги таътилларини болалар дам олиш оромгоҳларида мароқли ўтказишмоқда. Сўлим Оҳалик тоғи бағрида жойлашган туман ҳокимлиги тасарруфидаги "Ситора" болалар оромгоҳи ҳам улар учун севимли ва қадрдон маскан ҳисобланади. Бу ерда бир мавсумда 760 нафар болалар мириқиб дам олишади.
- Айни пайтда 1-босқичда 240 нафар ўқувчи болажонлар (қолган иккитасида 260 нафардан) ўзларининг дам олиш таътилларини мазмунли ўтказмоқда, - дейди оромгоҳ раҳбари Ш.Соҳибов. - Бунинг учун уларга барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Сузиш ҳавзаси (бассейн), 750 та китоб фондига эга кутубхона, ётоқхона, ошхона, тиббиёт хоналари улар хизматида. Шунингдек, рассомчилик, рақс, тикувчилик, инглиз тили ва спорт тўгараклари ҳам фаолият кўрсатаётир. Унда болажонлар турли қизиқарли машғулотларга қатнашиб, ўз қобилияти ва иқтидорларини шакллантиради. Бундан ташқари вилоят, туман миқёсидаги ташкилот, муассасалардан ходимлар келиб мунтазам равишда ҳар хил кўнгилочар, маданий-маънавий тадбирлар ўтказиб беряпти. Жумладан, яқинда вилоят мусиқали ва драма театри, "Ватанпарвар" ташкилотининг "Ўрташиқ" ўқув клуби, 2-сон БЎСМ жамоалари оромгоҳимизда ташриф буюриб, турли дастурлар билан ўз чиқишларини намойиш этиб, болажонларга бир олам завқ-шавқ улашишди. Ҳа, булар барчаси албатта, юртимизда ёш авлод таълим-тарбиясига қаратилаётган алоҳида эътибор, уларнинг келажакда комил инсонлар бўлиб етишиши йўлидаги қилинаётган саъй - ҳаракатларнинг ёрқин самарасидир. Болажонларнинг севимли маскани "Ситора" болалар дам олиш оромгоҳи жамоаси ҳам бу борада ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшиб келяпти.
Т.ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.