АМИНЖОН ТОШЕВ:
Турмушимизда тинчлик ва осоишталикдан ортиқроқ неъмат йўқ. Бу неъматни эса қадрлаш ва бардавом бўлишини таъминлашда огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашимиз, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш учун туман ички ишлар ходимлари жонбозлик билан хизмат қилишмоқда.
Туман ички ишлар бўлими бошлиғи, полковник Аминжон Тошев билан бўлган суҳбатимиз ҳам қўлга киритилаётган ютуқлар, мавжуд муаммоларни бартараф этиш тўғрисида бўлади.
- Туманимизнинг нафақат вилоятда, балки республикада ўзига хос салмоғи бор, - деди Аминжон Абубакрович, - биз, ички ишлар органлари ходимлари она-Ватанимизга, унинг тараққиёти, юксалиши ва энг муҳими халқимизнинг тинч-осоишта яшаши учун кўпроқ дахлдормиз. Муҳтарам Юртбошимиз бошчилигида барча соҳаларда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилиб, уларнинг асосий мақсади- фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган. Бу ишлар доирасида алоҳида эътибор ички ишлар органларини халқчил давлат идорасига айлантиришга ҳамда ҳар бир ходимнинг хизмат фаолиятини халқ манфаатлари йўлида сафарбар этишга қаратилди. Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йил 10 апрелда имзоланган "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармон ички ишлар органлари тизимида туб ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Хусусан, фуқароларга қатор қулайликлар яратиш, ички ишлар органларини аҳолига яқинлаштириш орқали жиноятчиликка қарши курашиш ишлари ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини тизимли ташкил этиш мақсадида, ички ишлар бўлинмаларидан олисда жойлашган аҳоли пунктларида қўшимча 2 та бўлинма ташкил этилди. Унинг бирида тажрибали ходим Темур Искандаров ва иккинчисида Фирдавс Бобомуродов раҳбарлик қилмоқда. Янги ташкил этилган бўлинмалар таркибида профилактика инспекторлари билан бир қаторда, тезкор ходимлар, тергов ва суриштирувчиларнинг фаолият юритиши ташкил этилиб, барча жиноятчиларни ҳисобга олиш ва уларнинг "иссиқ изи" да фош этилишини таъминлашга эришилмоқда. Мавжуд маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка нисбатдан муросасизлик муҳитини яратиш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш ва мушкулини осонлаштириш бўйича манзилли комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб, жойларда тинч ва осоишта ҳаёт тарзини жорий этиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси таъминланмоқда.
- Ҳурматли Аминжон Абубакрович, дарҳақиқат ички ишлар органлари ходимлари олдида қўйилган катта ва масъулиятли вазифаларни бажаришда кимларга таянасиз?
- Албатта кўп миллатли, аҳил, тажрибали, қасамёдига садоқатли, иқтидорли, ҳушёр, тадбиркор, ташаббускор ходимларимга таянаман. Менинг турли соҳалар бўйича ўринбосарларим Суҳроб Эргашев, Алишер Аллаев, Ўктам Холиқов, Отабек Турсунов, тергов бўлинмаси бошлиғи Акобир Одилов, жиноят-қидирув бўлинмаси бошлиғи Фаррух Ғаффоров, паспорт бўлинмаси бошлиғи Шохрух Ҳожиметов, давлат автомобиль назорати бўлинмаси бошлиғи Алишер Нормаматов ва бошқалар ўз вазифаларини виждонан бажариб келмоқдалар.
- Хабаримиз бор, сиз туман ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига тайинланганингизга кўп вақт бўлган эмас, аммо шу қисқа фурсат ичида қонунчиликни таъминлаш, ходимларнинг билим ва малакасини ошириш, энг муҳими, учинчи сектор фаолиятини ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилди.
- Муҳтарам Президентимиз ҳудудларни ривожлантиришда давлат органларининг ўрни ва масъулияти ҳақида сўз юритар экан, бизнинг Самарқанд вилоятига ташрифи давомида жиддий муаммолар тўпланиб қолганини қаттиқ танқид қилди. Шунинг учун ҳам жойларда халқ билан мулоқот, аҳолини уйлантираётган ташвиш ва муаммоларни ҳар томонлама ўрганиш асосида қабул қилинаётган ҳар бир қонун, фармон ва қарор ижроси қаттиқ назоратга олиниши ва сўзсиз бажарилиши лозимлиги ўқитириб ўтилди. Барча соҳаларда ислоҳотлар самарасини ошириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш энг муҳим вазифа эканлиги ҳаммамизга маълум. Кутилаётган натижаларни олдиндан таҳлил қилиш, мавжуд камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш биз учун ҳам қарз ҳам фарз
- Газетамиз муштарийларини меҳнат фаолиятингиз билан таништирсангиз.
- Падари бузургворим кўп йиллар ички ишлар бўлимида турли вазифаларда хизмат қилган. Шу боис, болаликдан истагим отамдек осойишталик посбони бўлиш эди. Ҳар қандай киши ўз орзуси йўлида астойидил интилса, шубҳасиз орзуси рўёбга чиқади. 2008 йилда кучли иштиёқ, қатъий мақсад туфайли Ички ишлар вазирлиги Тошкент олий ҳарбий техник билим юрти дипломи ва йўлланмаси билан Пастдарғом тумани ИИБ ҳуқуқбузарликни олдини олиш бўлими милиция таянч пунктлари вояга етмаганлар ва ёшлар орасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш инспектори вазифасида меҳнат фаолиятимни бошладим. Шундан сўнг турли соҳаларда ишладим. Нон-насиба экан, шу йил, августидан туман ички ишлар бўлими бошлиғи вазифасида фаолият олиб бораяпман.
- Сизнинг истакларингиз?
- Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида: "танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиб қолиши, муаммоларни кабинетда эмас, балки халқ орасида юриб аниқлашга ва уларнинг ечимини топишга қаратиш, якуний натижа учун раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш, фуқаролар мурожаатларини қисқа муддатларда ҳал қилиш, ишда аниқ тартиб ва қатъий интизом ўрнатиш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш, ишдаги ҳар қандай салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва бундай иллатлар илдизини қуритиш - ички ишлар органларининг устувор вазифаси эканини алоҳида таъкидлади. Биз ана шу талаблар асосида ўз фаолиятимизни олиб боряпмиз. Хуллас, биз эл хизматига камарбаста. Ва имкониятдан фойдаланиб, аҳил жамоамизни, кўп йиллар ички ишлар органларида меҳнат қилган фахрийларимизни касб байрамлари билан самимий табриклайман. Уларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат тилайман.
Суҳбатни Зоҳир
ҲАСАНЗОДА ёзиб олди.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.