Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

"Биринчи муаллим"

"Биринчи муаллим" Чингиз Айтматовнинг 1963 йилда ёзган икки қиссасидан бири бўлиб, ҳисоб бўйича, бешинчи қисса эди. Бунгача Чингиз Айтматовнинг 1957 йилда "Юзма-юз", 1958 йилда "Жамила" 1961 йилда "Сарвқомат дилбарим" ва "Бўтакўз" қиссалари эълон қилинган.

Чингиз Айтматовнинг "Биринчи муаллим" қиссасида ёзувчи ўзининг болалик хотираларини, ўзи кўрган, гувоҳи бўлган воқеаларни сингдириб юборган. Урушдан олдинги йилларда илк бор овулдаги мактабга борган, ўша пайтдаги мактабларнинг хароб ҳолини ўз кўзи билан кўрган Чингиз Айтматов асарда овулдаги илк мактабни шундай тасвирлайдики, худди ўша мактаб кўз олдингизда намоён бўлади.
Октябрь тўнтаришидан ҳали етти йилгина ўтган, қирғиз даштларида кўчманчилик қилиб, чорвачилик билан кун кўрган, етти аждоди савод нималигини билмаган, энг муҳими, буни ўзлари ҳам истамайдиган, "ўқиш бошлиқларнинг иши, бизни кетмонимиз, чорвамиз боқади", дейдиган одамлар яшайдиган овулда ҳали ўзининг ҳам саводи гуллаб кетмаган Дуйшэн исмли комсомол мактаб очади. Овул ташқарисидаги тепаликда. Собиқ бой ташлаб кетган отхонада. Уни ҳеч ким қўллаб-қувватламаганда ўзи таъмирлаб, суваб, похол тўшаб, қиш учун печка қурди.
Ўқувчиларнинг қўлида биттадан қалам, биттадан дафтар, дафтарнинг остига қўйиб ёзиш учун биттадан тахтача. Тўрт деворнинг ягона жиҳози эса доҳийнинг четлари титилиб кетган сурати. Аммо болаларда ўқишга, савод чиқаришга бўлган шижоат ва қалбларида ўқитувчига, овулдаги биринчи муаллимга бўлган катта ишонч ва муҳаббат.
Ўқувчилар ичидаги энг ёши каттаси, ўн бешга кириб қолган, ота-онаси ўлиб, амакисининг уйида, "кун бермайдиган" янга қўлида қолган Олтинойнинг юрагида эса ҳали ўзи ҳам тушуниб етмаган, нималигини ўзи англамаган катта муҳаббат.
Олтинойнинг муаллимга нисбатан кўнглидагиларни илк бор тушунишга ҳаракати Дўйшэн шаҳарга, йиғилишга кетганида ва ҳеч қачон айтган сўзининг устидан чиқмай қолмаган муаллим учинчи куни ҳаяллаганида, унинг йўлига ҳадеб чиқаверганида, кейин узоқ қариндошлари бўлган, уларникида муаллим истиқомат қиладиган Сайқал кампир билан Қартанбой чолнинг уйига бориб, улар билан бирга безовта бўлиб кутганида, бўрилар хунук увиллаганида, бўрилар йиқилган отини ўртага олишгач, югуриб уйга келган муаллимни кўрганидаги ҳолатда намоён бўлади.
"Анча вақтгача Дўйшэннинг эсон-омон келганига ўзимни ишонтиролмай ётдим. Сўнг эса тасалли топган қалбимга илиқлик югуриб, қувончим ичимга сиғмай, кўз ёш тўкиб, нафасим бўғзимга тиқилиб, ҳўнграб йиғлаб юбордим. Эҳтимол, ҳали ҳеч ким менчалик қувончга тўлмаган бўлса керак! Қарияларнинг пахса деворли кулбаси ҳам, ташқарида ўкираётган бўронли тун ҳам, изғиб юрган бўри галалари ҳам, овул чеккасида тилкаланиб ётган Қартан чолнинг оти ҳам кўзимга кўринмай қолди! Бутун қалбим, вужудим, фаҳм-фаросатим билан нур каби тенги йўқ бахт-саодатга мушарраф бўлганимни ҳис этган ҳолда йиғи овози эшитилмасин учун оғзимни юмиб, кўрпага бурканиб олдим. Бироқ Дуйшэн сезиб қолди.
- Ҳой, печка ёнида ҳиққиллаб йиғлаётган ким?
- У Олтиной, ҳалиги воқеадан қаттиқ қўрқиб кетган эди, шунга йиғлаяпти,-деди Сайқал кампир.
Дуйшэн ирғиб туриб, олдимга келди ва сўради:
- Олтиной, сенга нима бўлди, нега йиғлаяпсан?
Мен эса девор томонга ўгирилиб олдим ва баттарроқ ҳўнграб йиғлаб юбордим.
- Кап-катта қиз бўлиб, бунча қўрқмасанг? Қани, менга бир қара-чи.
Дуйшэннинг бўйнидан қаттиқ қучиб олдим, кўз ёшларим билан ювилиб, ланғиллаб турган юзларимни унинг кўксига босиб, ўзимни тутолмай, ҳадеб йиғлайвердим".
Ўгайлик ва золимлик шу даражада бўладики, Олтинойнинг янгаси ўзининг таниши бўлган, болалари Олтинойдан катта бўлган эркакка қизни тўқол хотин сифатида бериб юборади. Тағин қандай қилиб? Мактабга бостириб бориб, ўша таниши эргаштириб келган зўровонлар қўли билан Дуйшэнни ўласи қилиб калтаклатиб, қизнинг оёқ-қўлларини боғлаб, отга ўнгариб, бериб юборади.
Ўн беш ёшли қизнинг номуси отасидан катта одам томонидан булғанади ва уч кун бандиликда тутиб турилади. Улар кўчишга шайланиб туришганда милиционерлар билан етиб келган Дуйшэн қизни унинг чангалидан қутқаради.
Олтинойни Тошкентга, интернатга ўқишга юборган Дуйшэннинг ҳам қизга бефарқ эмаслиги станцияда, поезд жўнаб кетаётганида очилади:
"Муаллимнинг дардини ич-ичимдан сезиб турардим.
- Олтиной, менга қолса, сени бир зум ҳам бағримдан чиқармаган бўлардим, - деди у. - Лекин ўқишингга халал беришга ҳаққим йўқ.
Бу орада паравоз кўриниб, одамлар ғимирлаб қолишди.
- Йиғлама, Олтиной, - деди Дуйшэн кўз ёшларимни артиб. - Сен билан бирга эккан теракларни ўзим парвариш қиламан. Сен комил инсон бўлиб қайтиб келганингда уларнинг ҳам бўй чўзиб, қанчалик чирой очганини кўриб, ҳали қувончга тўласан.
Шу маҳал поезд келиб, вагонлар шарақ-шуруқ этиб тўхтади.
- Қани, энди хайр-хўшлашамиз, - Дуйшэн мени қаттиқ қучиб олганча пешонамдан ўпа бошлади. - Хайр, оқ йўл сенга! Ҳамиша журъатли, жасоратли бўл!
Мен вагон зинасига чиқдим-да, ортимга қарадим. Поезд ўрнидан қўзғалди.
- Хайр, Олтиной, хайр, қароғим! - қичқирди Дуйшэн.
- Хайр, қадрдон устоз! Хайр, меҳри дарё муаллим!
Дуйшэн вагон билан ёнма-ён югуриб бораверди ва орқада қолиб кетар экан:
- Олтин-ой! - деб ўкириб юборди.
Менга у худди эсига тушиб қолган аллақандай муҳим бир гапни гарчи кеч бўлса-да, айта олмаганидан ўкиниб бақиргандек туюлди".
Йиллар ўтади. Олтиной интернатда, рабфакда, кейин Москвада ўқигани, фан номзодлигини ҳимоя қилганлари, фан доктори бўлганлари унинг тилидан ҳикоя қилинади. Орада уруш бошланади. Олтиной овулга уни излаб келганида у урушга кетган бўлади. Кейин унинг бедарак йўқолганини эшитади.
Қиссада кичкинагина бир лавҳа бор-ки, ўқувчи ўша лавҳани йиғламасдан ўқий олмайди. Аслида, шу кичик лавҳада Олтинойнинг биринчи муаллими Дуйшэнга муҳаббати қай даражада бўлганини, Олтиной бир умр уни интиқ қидирганини англаймиз. Олтиной поездда Сибирга кетаётган бўлади. Бир станциядан ўтаётиб, ўша ердаги уйча ёнида қўлида байроқчани ҳилпиратиб турган ... Дуйшэнни кўриб қолади. Ўзини йўқотиб қўйган Олтиной "Тўхтанглар!" дея қичқириб, ўзини вагон эшигига уради. Кўзи "Стоп-кран"га тушиб, жон ҳолатда уни тортади. Поезд шарақлаб тўхтайди.
"Мен жаҳаннамга ташлангандай ўзимни ерга отдим, ҳеч нимани кўрмасдан, пайқамасдан, эс-ҳушимни йўқотиб, ўша уйча томон, Дуйшэн томон югуриб борардим. Вагондан сакраб тушган йўловчилар ҳам ортимдан югуришарди. Поезд билан ёнма-ён чопиб, бирпасда унинг нариги бошига етиб бордим. Дуйшэн ҳам менга пешвоз югуриб келарди.
- Дуйшэн, меҳрибоним, ўқитувчим! - дея қичқирганча ўзимни унинг қучоғига отдим.
У эса менга ҳайрон бўлганча тикилиб қолди.
- Сизга нима бўлди, синглим, тинчликми? - деб сўради ҳамдардлик билан қозоқ тилида. - Сиз мени бировга ўхшатдингиз, ҳойнаҳой. Мен йўл стрелкачиси Жонғазин бўламан, исмим Бейнев.
- Бейневмисиз?
Қайғу-аламдан, ор-номусдан овозим борича дод солиб юбормаслик учун қандай қилиб жимиб қолганимга ўзим ҳам ҳайронман. Нима иш қилиб қўйдим? Қўлларим билан юзимни беркитиб, бошимни қуйи солдим. Қанийди, ер ёрилса-ю, ерга кириб кетсам. Стрелкачидан, халойиқдан кечирим сўрашим керак эди, мен эса дамимни ютиб, тош қотиб турардим. Югуриб келган оломон ҳам негадир чурқ этмасди. Ҳамма менга бақириб, сўкиб, роса таъзиримни беришса керак, деб турганимда бир аёл хўрсиниб, йиғлади:
- Бояқиш, эрига ё акасига ўхшатган бўлса керак, бечора янглишибди.
- Шунақаси ҳам бўлар экан-да, - деди кимдир.
- Урушда нималар бўлмайди, дейсиз, - жавоб берди бошқа биров.
Стрелкачи қўлларимни юзимдан олиб, деди:
- Юринг, совуқда турманг, сизни вагонгача кузатиб қўяман.
У менинг қўлтиғимдан олди, иккинчи қўлтиғимдан бир офицер олди.
- Юраверинг, гражданка, ҳаммасини тушунамиз, - деди у.
Одамлар йўл беришди ва мени гўё дафн маросимига кузатишаётгандек эдилар. Биз олдинда секинлаб бораётган эдик. Бошқалар ҳам худди шу зайлда боришарди. Биз томон келаётган йўловчилар ҳам чурқ этмасдан бошқаларга қўшилишарди. Кимдир тивит рўмолини елкамга ташлади. Йўл бўйи ҳаммани кулдириб келган оқсоқ аскар ёнимда йиғлаб борарди. Уни кўриб, мен ҳам йиғладим.
Вагон олдида бизни поезд бошлиғи тўхтатди. У суд жавобгарлиги-ю, жарималар ҳақида бир нималар деб бақирар, мен лом-мим демасдан турардим. У менга имзолашим учун ҳужжат тутди, менинг эса қўлимга қалам тутишга ҳам мажолим етмасди.
Шу пайт ҳалиги қўлтиқтаёқли аскар поезд бошлиғининг қўлидан ҳужжатни тортиб олди.
- Уни тинч қўй! Мен имзо чекаман, стоп-кранни мен узганман, ўзим жавоб бераман! - деб қичқирди".
Ана шу кичик лавҳада Чингиз Айтматов яна бир нарсани усталик билан ифодалаган: бу уруш одамларни ҳамфикр, ҳамжиҳат қилиб қўйгани, қайғудош, ҳасратдош қилиб қўйгани. Уруш туфайли бир кишининг бошига тушган кулфатни барча бирдек, ўзиникидек қабул қиладиган бўлиб қолгани. Ҳа, кулфат одамларни бирлаштиради, жипслаштиради...
"Биринчи муаллим"ни менга қолса, роман деган бўлардим, чунки унда гўзал бир муҳаббат бор. Айтилмаган, изҳор қилинмаган, аммо қаҳрамонлар, айниқса, ўқувчи чуқур ҳис қилиб турадиган покиза бир муҳаббат.
"Биринчи муаллим" фильм қилинган, уни 1965 йилда "Мосфильм" "Қирғизфильм" билан ҳамкорликда суратга олган (режессёр Андрей Михалков-Кончаловский). Фильм бир қатор (Украина, Франция, Италия) кинофестивалларида нуфузли мукофотларни қўлга киритган, Венеция кинофестивалида эса Олтиной роли ижрочиси Наталья Аринбасарова "Энг яхши аёл роли" учун мукофотланган.
2009 йилда коллекционерлар учун "Биринчи муаллим" деган кумуш танга зарб қилинган.

Тўра Мурод


Дата добавления: 27/09/2019 16:48;   Просмотров: 1091
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку