Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

БИР СИҒИМ ТУПРОҚ ёки фожианинг кўлами ҳақида

Қадимги файласуфлар борлиқ тўрт унсурдан иборат деб ҳисоблашган. Бу дадил материалистик қараш Аристотелдан бошланган. У табиатда мавжуд нарсаларнинг бари тупроқ, сув, ҳаво, олов  ва бўшлиқдан иборат деб ёзади. Бу фикр асрий баҳсларга сабаб бўлган. Шарқнинг буюк олими Форобий эса бу муқаддас мавжудотлар фақат тупроқ, ҳаво, сув ва олов деб билади.

Ҳар қандай шароитда ҳам тупроқни биринчи ўринга қўйишгани камина учун ҳамон жумбоқ. Эҳтимол, инсон тупроқдан яралиб, тупроққа кетиши назарда тутилгандир ёки тирик мавжудот тупроқ туфайли тириклиги ҳисобга олингандир...

Афсуски, тупроқнинг унумдор қатлами жуда юпқа бўлади. Бизга ризқу рўз ато этадиган қатлам 10-40 сантиметрдан ошмайди. "Оналик қатлам" деб номланадиган пастки қават эса ҳосил бермайди. Ўсимлик илдизига эътибор беринг: у ён томонга қараб тарвақайлайди. Чуқурликка кетмайди: у ерда ҳеч қанақа минерал йўқ. Ана шу юпқа қатламни сақлаш, бойитиш, келажак авлод олдидаги бурчимиз эканлиги ҳақида сўз юритмоқчиман.

Матбуот ва мажлисларда бот-бот: "Ернинг эгаси ким?" деган дабдабали саволлар кўндаланг қилиб қўйилади. Ва, кўпчилик ўз манфаатидан ёки тарқоқ тасаввуридан келиб чиқиб, жавоб беради. "Ернинг эгаси деҳқон, фермер ёки ҳокимият"... ва ҳакозо. Карл Маркс таъбири билан айтганда, "Биз ернинг соҳиби эмас, ундан вақтинча фойдаланувчи ижарачилармиз". Заминнинг ўша юза қатлами инсоннинг асрлар давомида олиб борилган фаолияти самарасидир.

Чет элларда бўлганимда, ўша юрт тупроғини ҳовучимга олиб қарайдиган одатим бор. Кўп ўлкаларда тупроқ серқум, шўрланган, қашшоқ эканлигига гувоҳ бўламан. Худди жавдар ноннинг мағзини эслатадиган серҳосил тупроқ эса бизнинг қадимдан деҳқончилик қилинадиган минтақаларимизда сероб ва бу бизнинг бахтимиздир. Бир қатор мамлакатларда иқлим ўта совуқ ёки иссиқ, сув ҳаддан ташқари кўп ёки доимий қурғоқчилик. Тупроқ эса яхлит тирик организм. Унда кўплаб микроорганизмлар, ҳашаротлар яшайди. Уларга эса нормал намлик, ҳарорат керак. Бунинг устига ишлов берилган, ўғитланган заминда улар ўзини яхши  ҳис этади. Мадомики, тупроқ тирик организм экан, у нобуд ҳам бўлади. Инсоннинг жаҳолати оқибатида катта майдондаги замин ботқоққа айланади, шўрланади, аниқроғи ўлади.

Гуржиларнинг "Солдат отаси" фильми мен қадрлайдиган картиналардан бири. Уруш, отишмалар давом этяпти, бош қаҳрамон Махарашвили бир сиқим тупроқни ҳовучига олиб, шеригини туртади. "Ҳей, буни қара, тупроқ: урушни қўй, экинни эк, вақт бўлди, деяпти", дейди. Кейин эса токзорни янчиб кетаётган танкчини гирибонидан олади.

Начора, инсон азал-азалдан ерга меҳр кўрсатиш ўрнига, уни бир-бирининг қони билан суғоришдан тийилмаяпти.

Байрам кунлари Москвадаги Қизил майдондан ажал қуроллари - зиҳрли танкалар, ракеталарни намойиш қилиб олиб ўтишганини кўрганмисиз. Лекин оддий плуг ва тракторни, ерга ишлов бериб, уни юмшатадиган ва охир оқибат, инсонга нон-насиба улашадиган воситаларни намойиш этишмайди. Ваҳоланки, ҳозирги ерга ишлов берадиган техникалар жуда мукаммал. Улар тупроқни қирқ сантиметргача юмшата олади. Ўша "оналик қатлам"дан бир неча сантиметрни юқорига олиб, уни унумдор тупроққа аралаштиради.

Қадимги файласуфлар беҳудага тупроқни муқаддас ҳисоблашмаган. Афғонистондан келган меҳмон целлофан халтага тупроқ олиб кетгани ёдимда. "Дадам бир замонлар шу юртлардан бориб қолганлар, у киши ўлсам, қабримга ватан тупроғидан ташланглар", деб васият қилганлар", деганди у.

Боболаримиз жуда қадим замонларда чўян, темир эритишни ўрганишган ва ундан энг аввало, уруш қуроллари эмас, ерга ишлов берадиган ашёлар ясашган, омочга тиш қуйишни ўзлаштиришган. Мадомики, улар, ана шу воситалар туфайли бизга унумдор тупроқ қолдирган экан, биз бу бурчимизни уддалаяпмизми?

Тирноқнинг юзидай жойдан бир туп буғдой ўнади, кейин у тубланади. Яъни, ёнидан тағин уч-тўртта поя униб чиқади. Уларнинг бошоғидан нақ бир бурда нон чиқади (буғдойнинг ватани Ироқ. Бизда асрлар давомида жавдар, арпа, маккажўхори донидан нон пиширишган. Буғдой нон фақат бойларга насиб этган).

Тирноқнинг юзидек жойдан... Ундай бўлса, бир квадрат метрдан, бир сотихдан ёки гектардан чиқадиган ҳосилдан қанча нон ёпиш мумкин? Шундай бўлса, нечун ер юзида ҳамон бир бурда нонга зорлар етиб ортади? Зеро, инсон фақат нон билан тирик эмас. Унга мева, сабзавот, сут-қатиқ, кийим-кечак ҳам зарур. Буларнинг барини тупроқ беради. Шунинг учун ҳам уни севиш, эъзозлаш шарт.

Бизда ўтган асрнинг 1960-1990 йиллари оралиғида 10 минг гектарлаб экин майдонлари шўрланди ва ишдан чиқди. Москвага пахта керак эди, бизнинг раҳбарларга эса орден ва медаллар... Мелиорация ишлари амалга оширилмади, зовурлар қазилмади, алмашлаб экиш жорий этилмади.

Бу йўқотишнинг кўлами Оролнинг қуришидан кам эмас. Бу заминни энди аввалги ҳолига келтириб бўлмайди. Қишда шўр ювилиб, сув қочирилса, кўпи билан икки йил ҳосил олиш мумкин. Кейин тағин ўша аҳвол. Ҳосил ҳам чўғдагидай бўлмайди. Микроорганизмларнинг аксарияти нобуд бўлгани оқибатида тупроқ зичлашади ва ҳосил камайиб кетади, таннарх осмонга сапчийди.

Биргина шу эмас, ўша муддатда миллион кубометрлаб ерости сувлари шўрланди. Энди уни ҳеч қанақа илғор технология, инновация, инвестиция билан ҳам ўз ҳолига келтириб бўлмайди. Бу сув на ичишга ярайди ва на суғоришга. Мана, оқибат!

Кўз ўнгимизда улкан фожиа юз берди. Бу мислсиз жиноят учун ҳеч ким жавоб бермади ҳам. Биз эса ўз хатоларимиз ҳақида гапиришни ёқтирмайдиган халқмиз... Лекин келажак авлод (набира, эвара, чеваларимиз)нинг қарғиши ўша гуноҳкорларни қабрда ҳам тинч қўймайди, деган юпанчдан тасалли топади дилим.

Зеро, эндиликда қўлимиздан ҳеч нарча келмайди ҳам. Мен бошим ерга теккунча эгилиб, келажак авлоддан кечирим сўраб, тавба-тазарру қилаоламан, холос.

Қўлимдан келадигани шу!

Нусрат РАҲМАТ


Дата добавления: 18/11/2020 11:06;   Просмотров: 3357
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку