Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

БАХТЛИ БОЛАЛИК БОЛАЖОН ЭЛ ЭЪТИБОРИДА

Етмиш йилдан буён жаҳон ҳамжамияти 1 июнь -Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунини кенг нишонлаб келмоқда. Айниқса болажон юртимизда бу тарихий сана ўзгача файз-шукўҳ ва диққат-эътибор билан кутиб олинади.

Ўтган якшанба куни эрта тонгдан тоғли хушҳаво Оҳалик бағридаги "Ситора" болалар дам олиш оромгоҳида катта байрам уюштирилди. Оромгоҳ байрамона безатилган, атроф ям-яшил ва гўзалликка бурканган, ёш рассомлар, санъаткорлар, ҳунармандлар ўз истеъдодларини амалда намойиш этиш билан банд. Маънавият хонасида 32 ва 18-умумтаълим мактаблари ўқувчилари билан китоб мутолааси ва компьютер технологияси бўйича маҳорат дарсларини ўтказишда қатнашдик. Мушоира, баҳру байт ва савол жавобларда фаол қатнашган болалар "Самарқанд китоб олами" маънавий-маърифий мажмуаси муассиси А.Маҳмудов, туман "Гулобод тонги" газетаси муҳаррири Н.Каримов томонидан рағбатлантирилди.
Туман ҳокими Ш.Жамолов мактаб, мактабгача ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида ташкил этилган тўгарак ва спорт секциялари иштирокчиларининг амалий-кўргазмали чиқишларини кўздан кечириб, болалар билан самимий суҳбатлар қурди, ижобий ютуқларга эришган ўғил-қизларга китоб тўҳфа қилди.
Ёш рассом Фарида Исломова, Амиржон Холбоев (39-мактаб), кулол Шукруллохон Қаҳҳоров (54-мактаб), шахматчи Азизбек Шодибоев (23-мактаб), спортчилар Парвиз Ҳанифов, Шаҳрибону Эргашева ва бошқалар ишлар жумласидандир.
Шеърият бобида ғолибликни қўлга киритган Н.Меҳрожова (18-мактаб), С.Абдуҳакимова, Л.Абдуҳакимова, С.Элмуродова, Д.Амирқуловалар (32-мактаб) таҳсинга сазовор бўлишди.
Таъкидлаш жойизки, болалар байрами том маънода Президентимизнинг кенг қулоч ёйиб бораётган машҳур бешта ташаббуслари, яъни ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга, уларни жисмоний чиниқтириш, компьютер ва Интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш каби йўналишларнинг ёрқин ифодаси бўлди.
Тадбирни юксак савияда тайёрлаш ва ўтказишда туман ҳокими ўринбосари А.Ҳалимов раҳбарлиги остида барча мутасадди ташкилотлар жонбозлик кўрсатдилар. Байрам тантаналари узоқ йил кичкинтойлар хотирасидан чиқмайдиган бўлди.

МеҲрангиз


Последнее редактирование: 13/06/2019 15:39;   Просмотров: 1068
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку