Таълим жараёни шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик таъсирини кучайтириш, ўқувчиларнинг сифатли билим олишлари, уларга тегишли шарт - шароитлар яратиш ҳамда таълим - тарбия жараёнларини қўллаб - қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан умумий ўрта таълим муассасаси кузатув Кенгаши ташкил этилди.
Ушбу муҳим ҳужжатни ҳаётга жорий қилиш мақсадида туман халқ таълими бўлими биносида кенг жамоатчилик иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда мактаб директорлари, кузатув кенгаши раислари, ота-оналар ва матбуот ходимлари иштирок этдилар. Ана шу муносабат билан туман Халқ таълими бўлими мудири Баҳриддин Мардонов билан сўҳбатда бўлдик.
– Мўҳтарам юртбошимиз ташаббуси билан айниқса халқ таълимига катта эътибор берилмоқда,-деди Баҳриддин Ҳабибович, - бу соҳани жаҳон андозасига етказиш учун бир қатор муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ва уларнинг барчаси ёш авлодни замонга хос ва мос таълим-тарбия беришдир. Тошкент вилояти Бўка туманида қулоч ёйган Президент томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг мазмун-моҳияти, уни ҳаётга татбиқ этиб, ёшларни маънавий баркамол, китобхон, санъатга ошно, жисмоний бақувват қилиб тарбиялашдир.
– Баҳриддин Ҳабибович, назорат Кенгашини тузиш қоидаси тўғрисида гапириб берсангиз.
– Кенгаш аъзолари тегишли мактабнинг умумий йиғилишида ўқувчиларнинг ота - оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан очиқ овоз бериш орқали сайланади ва унинг таркибини тузиш уч босқичда амалга оширилади:
Биринчи босқич - синфлардан вакил (номзод) тавсия этиш:
Ҳар бир синфда ота-оналар йиғилиши ўтказилади. Йиғилишда ота-оналар "Умумий ўрта таълим муассасасининг кузатув кенгаши ҳақидаги Намунавий низом" билан таништирилади, мактабнинг умумий йиғилишига камида бир нафар вакилликка номзод сайлаб олинади.
Вакилларга йиғилиш қарори билан мактабнинг умумий йиғилишида синф ота-оналарининг умумий манфаатларини ифода этиш, муҳокамаларда фаол қатнашиш ва қарор қабул қилиш давомида овоз бериш ваколатлари берилади.
Изоҳ: синф ота-оналари йиғилишида таълим муассасаси кенгаши аъзолигига 1 нафар номзод тавсия этилиши ёки муносиб номзод бўлмаса, тавсия этилмаслиги ҳам мумкин.
Иккинчи босқич-Кенгаш таркибини сайлаш:
Мактабнинг умумий ота-оналар йиғилиши ўтказилади. Йиғилишда Кенгаш ҳақидаги Низом, унинг мақсади, ваколатлари таништирилиб, Кенгаш таркибига тавсия этилган номзодлар кўриб чиқилади ҳамда очиқ овоз бериш йўли билан Кенгаш таркиби сайланади.
Учинчи босқич-Кенгашнинг биринчи йиқилишини ўтказиш:
Туман халқ таълими бўлими томонидан мактабда Кенгашнинг биринчи йиғилиши ташкил этилади. Йиғилишда Кенгаш аъзолари орасидан кўпчилик, очиқ овоз бериш орқали Кенгаш раиси ва котиби сайланади. Мактаб директори ёки унинг ўринбосарлари, шунингдек, уларнинг яқин қариндошлари Кенгаш аъзолари сифатида сайланишига йўл қўйилмайди ва Кенгаш таркиби 3 йилга сайланади.
Кенгаш фаолиятига туман халқ таълими бўлими аралашмайди ва унга ҳисобдор эмас. Кенгашнинг фаолияти бўйича маълумотларни ҳар чоракда таълим муассасасининг расмий веб-сайтида, оммавий ахборот воситаларида ёки таълим муассасасининг барча кўриши мумкин бўлган жойига жойлаштириш тавсия этилади.
Мактаб директори Кенгаш ишини ташкил қилиш учун масъул ҳисобланади.
– Энди Кенгаш томонидан мактаб директорлигига тавсия этилган номзодларни кўриб чиқиш (сайлаш) тартиби жорий этилмоқда.
– Кенгаш аъзолари томонидан 10 кун муддатда тавсия этилган нозодларнинг меҳнат фаолияти, хулқ-атвори, тажрибаси, ташаббускорлиги ҳамда жамоадаги обрўсини ўрганилади ва Кенгашнинг навбатдаги йиқилишида тавсия этилган номзодлар орасидан энг муносибини очиқ овоз бериш йўли билан директор лавозимига сайланади. Сайлов натижалари (мандат) Кенгаш йиғилиши баённомаси билан расмийлаштирилади ва 3 кун муддатдан кечиктирмай вилоят халқ таълими бошқармасига юборилади.
Вилоят халқ таълими бошқармаси 3 кундан кечиктирмай Кенгаш сайлаган номзодни келишиш учун Халқ таълими вазирлигига тақдим этади.
Халқ таълими вазирлигининг тегишли кўрсатмаси (ижобий хулосаси) олингандан сўнг, вилоят халқ таълими бошқармаси меҳнат қонунчилигига мувофиқ 1 кун муддатда номзодни директор лавозимига тайинлаш ҳақида буйруқ чиқаради ва у билан меҳнат шартномаси тузади.
– Умуман назорат Кенгаши вазифаси нималардан иборат?
- Кенгаш мактабда ижтимоий-маънавий муҳитнинг бузилиши, таълим сифатининг пасайиб кетиши, тизимли муаммоларнинг келиб чиқиши, педагоглар билан маъмурият ўртасида ёки ота-оналар билан маъмурият ўртасида низоли ҳолатлар келиб чиққан тақдирда, мактаб директорини лавозимидан озод этиш бўйича ҳудудий бошқармаларга таклиф киритади.
Кенгаш таълим муассасасининг молиявий ҳисоботлари, ҳомийлик ва хайрия маблағларининг кирим қилиниши ҳамда сарфланиши ҳақидаги маълумотлар билан танишиш ваколатига эга.
Кенгаш аъзолари билан биргаликда бюджетдан ташқари маблағлар бўйича даромадлар ва харажатлар сметасини кўриб чиқиб, мактаб раҳбарига ўз таклифларини беради ҳамда тақдим этилган молиявий ҳужжатларни ўрганиб, режалаштириш, сарф-харажатларнинг мақсадли амалга оширилганлигини таҳлил этади. Шунингдек, пуллик хизматлар нархларининг миқдори ва ушбу нархларнинг шаклланишига асос бўлган барча ҳисоб-китоб (калькуляция) харажатларини ҳамда тушган маблағларни харажатлар тури бўйича иш ҳақи ва ундан ажратма учун тўловларга, машғулотларни ташкил этиш учун моддий-техник базани мустаҳкамлашга, шунингдек, мактабнинг раҳбар ва педагог ходимларини моддий рағбатлантиришга, коммунал тўловларга мақсадли сарфланишини ўрганиб чиқиб, мактаб раҳбарига ўз таклифларини билдиради.
Кенгаш аъзолари томонидан қўшимча маблағлар топиш, бюджетдан ташқари маблағларни кўпайтириш, ҳомийлик маблағларини жалб этиш, молиявий фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш юзасидан мактаб директорига тавсиялар бериб борилади. Мактабнинг молиявий фаолиятида ноқонуний хатти-ҳаракатлар, мақсадсиз маблағларнинг сарфланиши ёки ноқонуний ўзлаштириш, ноқонуний пул йиғимлари каби ҳолатлар аниқланган тақдирда Халқ таълими вазирлигининг Аудит хизмати ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларни хабардор қилади.
Кенгаш ўз ваколати доирасида кирмайдиган ишларга аралашса ёки ўз вазифаларини тўлиқ таъминлай олмаса, Халқ таълими вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тарқатилиб юборилади ва Кенгашнинг янги таркиби қайта шакллантирилади.
Кенгашнинг фаолиятига таълим муассасаси раҳбари, ҳудудий бошқармалар, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа ташкилотлар аралашувига йўл қўйилмайди. Таълим муассасасида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналаридан турли хил сабаблар билан Кенгаш аъзолари, таълим муассасаси раҳбари ва бошқа ходимлари томонидан пул маблағларини йиғиш қатъиян тақиқланади.
– Баҳриддин Ҳабибович, сизнинг таклифларингиз?
– Мўҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббусдан бири китоб ва китобхонликдир. Чунки инсоният тараққиётига туб бурилиш ясаган энг буюк мўъжизавий кашфиётлардан бири ёзув бўлса, иккинчиси мутолаа маданиятидир. Буюк аллома Абдураҳмон Жомий таъкид этганидек, китоб замин аҳлининг энг яқин дўсти ва беминнат маслаҳатчисидир. Китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Шунинг учун ўқувчилар қалбида юксак маънавиятлиликни шакллантиришда китобхонликнинг аҳамияти каттадир.
Яна бир гап. Бугун бўлиб ўтган дўстона, очиқ мулоқотда мактаб ўқувчиларини фоидали меҳнат қилишга ўргатиш, уни севиш ва қадрлаш тўғрисида фикр билдирилди. Зеро ўз шогирдларига меҳнатдан завқланиш хислатларини уйғота билган муаллим ҳурматга, шарафга лойиқ. Масалан, Япония мактабларида фаррош йўқ экан. Минг афсуски айрим ота-оналар таълим муассасаси атрофини тоза-озода тутиш учун ташкил этилган ҳашарни мажбурий меҳнат деб порталга ёзишади. Бир замон бизлар ҳам ўқувчилар ишлаб чиқариш лагерларида меҳнат қилиб, қишлоқ хўжалик ишларини ўрганиб олган эдик.
Хуллас, янги ташкил этилган назорат Кенгашлари кўпгина муаммоларни ҳал қилишда муносиб улуш қўшади. Мен улар фаолиятига омад тилайман.
Суҳбатни Зоҳир ҲАСАНЗОДА
ёзиб олди.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.