Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҲАЙРАТ ВА ҲАВАСГА ОШИЁН ДИЁР

Вилоятимизнинг ҳар бир маъмурий ҳудудлари, чекка қишлоқ ва маҳаллаларига қадам қўйсангиз, шубҳасиз кенг қамровли ислоҳотлар, беқиёс ўзгаришлар самараларидан баҳраманд одамларда хотиржамлик, мамнунлик, яхши кайфиятни ҳис этасиз. Бу исбот талаб этмайдиган ҳақиқатдир. Жойларда қад кўтараётган шинам ва баҳаво уй-жойлар, оилавий, хусусий ҳамда давлат шерикчилигига асосланган мактабгача таълим муассасалари, тиббий хизмат масканлари, кутубхона, хорижий инвестиция иштирокидаги замонавий корхоналар, интенсив боғлар, спорт иншоотлари, кўркам хиёбон ва майдонлар, равон ва чароғон йўлларни айтмайсизми? "Йўл харитаси"га тушган лойиҳа ва дастурларнинг босқичма-босқич амалий ижросидан кўзлар қувнайди, диллар яйрайди. Мўҳтарам Юртбошимизнинг вилоят, туман ва шаҳарларга ташрифи чоғида билдирилган таклиф-истаклар, долзарб муаммоларга оид мурожаатлар қисқа ва ўрта муддатларда ижобий ечимини топмоқда.

Хуллас, ҳамма жойда бунёдкорлик, серунум меҳнат, фидойилик симфонияси янграмоқда.
Ўтган ҳафта шанба куни Жомбой туманида уюштирилган пресс-тур тадбирининг бир иштирокчиси сифатида бу сўлим, бағрикенг диёрнинг фидойи, азамат меҳнаткашлари, ишчан тадбиркорлар, боғбонлар, қалби олов ёшлар, ижодкор зиёлилар эришган ютуқларни кўриб, жонли мулоқотлардан шодландим, ғурурландим.
Айниқса, Меҳрож Файзилов ҳамда Илёс Ҳайдаров раҳбарлигидаги "Мароқанд мева сабзавот" МЧЖ ва "Ин витро лаборатория"даги ҳайратомуз янгиликлар, уммон янглиғ ям-яшил боғ-роғлар, кўчатчилик саноатини таърифлаш, шарҳлашга қалам ожизлик қилади. Ёки Марказий Осиёда ягона энг сўнгги техника ва технологиялар билан ишлаётган "Керамика брикс" қўшма корхонасининг экспортбоп маҳсулотлари (қурилиш материаллари), у ерда 96 нафар маҳаллий аҳоли вакиллари иш билан таъминланганлиги таҳсинга сазовор.
"Зарафшон миллий табиат боғи"нинг ташкил топганига ҳам 50 йил бўлаётганлиги, у ердаги бой, хилма-хил флора ва фауна дунёси, қизғин илмий-тадқиқот ва ободончилик ишлари, унинг бағрида "Эко тур Мароқанд" МЧЖнинг юртимиз ва хорижий сайёҳлар учун кўрсатаётган самарали хизматлари, бу борада яна янги-янги фаолият йўналишлари йўлга қўйилишидан хабардор бўлдик.
Пресс-тур якунида туман ҳокими Умиджон Назаров билан матбуот анжумани бўлди.
- Тобора саноатлашиб бораётган туманимизда қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий, маънавий-маърифий соҳаларга ҳам жиддий эътибор беряпмиз, - деди ҳоким. Давлатимиз раҳбарининг машҳур беш ташаббуслари 4 та сектор ҳудуди бўйлаб кенг қулоч ёймоқда.
Тўғрисини айта қолай. Ҳали бажариладиган ишларимиз жуда кўп. Аҳоли бандлигини таъминлаш, маиший хизмат кўрсатиш салмоғи ва сифатини ошириш, томорқачилик маданияти, МТМга болалар қамрови ва таълим самарадорлигини юксалтириш долзарблигича қолмоқда. Спортнинг енгил атлетика, футбол, сузиш турларини ривожлантириш, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтиришга ҳам масъулмиз.
Шунингдек, туман ҳокимлиги нашри - "Жомбой тонги" газетаси таҳририяти биносини капитал таъмирлаш учун юз миллион сўм ажратилганлиги ҳаммамизни хурсанд қилди. Асли жомбойлик ижодкор, таниқли рассом-карикатурачи Ҳасан Султонов ўз меҳнат фаолиятини шу газетада бошлаб, бугунги кунда "Муштум" журналида ишлаётганлиги, ёш мухбир Ориф Одилов эса республика танловида ғолибликни қўлга киритиб, Малайзия мамлакатида саёҳат қилиб қайтганлигини таъкидлаш ўринлидир.
Пресс-турнинг режа-жадвали вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган бўлиб, навбати билан барча туманларда ўтказилади.

Н. КАРИМОВ
Сурат муаллифи
Ҳ.ЭЛТОЕВ


Дата добавления: 21/06/2019 11:10;   Просмотров: 961
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку