Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҲАМКОРЛИКДА ИШЛАМОҚДАМИЗ

Бугунги кунда мустақиллик туфайли янгича қиёфа ва мазмун касб этиб, тўртинчи ҳокимият даражасига кўтарилган мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари изланувчан куч сифатида ўз маҳоратини кўрсатмоқда.

Ёрқин мисол ҳамда воқеаларни матбуот саҳифаларида, телевидение кўрсатувлари ҳамда радио эшиттиришларига олиб чиқиб, барчани ҳалол меҳнат қилишга, Юртбошимиз томонидан белгилаб берилаётган долзарб вазифалар ижросини тўлақонли акс эттиришга интилмоқдалар. Буларнинг боиси ўлароқ матбуот, телевидение ва радионинг роли ортиб бораяпти.
Мамнуният билан айтмоқчиманки, бугунги кунда туман газетаси жамоаси қўшалоқ байрам – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни ва “Гулобод тонги” газетасининг 60 йиллик тўйини муносиб кутиб олаётган экан, улар ўз олдиларига қўйилаётган масъулиятли вазифаларини шараф билан бажармоқдалар. Жамоанинг янги замонавий бинога эга бўлиши унга ҳамоҳанг пастки қаватда “Китоб олами” ва тамаддихона биноларини қуриб битказилиши ҳам байрам кайфиятини оширмоқда. Бугунги қувончли айёмда туманда газетанинг тамал тошини қўйган биринчи муҳаррир Аҳмаджон Ражабов, унинг муносиб ворислари Насим Нориев, Насриддин Зайниев ва бошқа ўнлаб журналистларни эсламасдан бўлмайди. Улар матбуот соҳасида садоқат, жонкуярлик ва обрў-эътибор билан меҳнат қилдилар. Айниқса 27 йил муҳаррир бўлган Насриддин Зайниевнинг зийрак нигоҳидан ҳеч нарса четда қолмасди. Насриддин ака қайнаб-тошиб, жўшиб-ёниб ишлаган, таҳрир қилган шогирдлари мақолаларига тузатишлар киритиб ҳар қандай хом мақолага жон киритар, газетхон қалбига чўғ соларди. “Шарқ тонги”– бугунги “Гулобод тонги” газетаси том маънода маҳорат мактабига айланди. Республика “Халқ сўзи” газетаси муҳаррири Ўткир Раҳмат, “Овози тожик” газетасининг Самарқанд вилояти бўйича махсус мухбири Зоҳир Ҳасанзода ва бошқалар қаламлари илк марта ана шу муқаддас даргоҳда чархланган.
Куни-кеча муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан мамлакатимиз ижод аҳлини табриклаб, янги марраларни забт этишга чорлади. Унда журналист касбига юксак баҳо берилиб, вазифалари, масъулиятлари ҳамда жамиятдаги ўрни кўрсатиб ўтилди.
Фурсатдан фойдаланиб, “Гулобод тонги” газетаси жамоасини, қолаверса туманда яшаб ижод қилаётган масъулиятли ва маҳоратли қалам аҳлини анъанавий касб байрамлари билан чин кўнгилдан самимий табриклайман. Уларга янгидан-янги ижодий парвозлар тилайман. Қаламлари ҳамиша ўткир бўлиб, халқимизга, мустақил юртимизга фидокорона хизмат қилишсин.

Ботир ҚОДИРОВ, туман ҳокими


Дата добавления: 28/06/2017 13:05;   Просмотров: 1470
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку