Узоқ ва яқин ўтмишимиз ҳақиқатига етиш, ўзимиз ва ўзлигимизни англаш, миллий қадрият ва анъаналаримиз бардавомлигини таъминлаш, барчамиз учун, айниқса ёшлар учун, бугун сув ва ҳаводек зарурлигини инобатга олиб, таниқли шоир ва ёзувчи, туманимизнинг асил фарзанди Хуршид Давроннинг "Соҳибқирон набираси" китобидан "Амир Темур боғлари" қисмини эътиборингизга ҳавола этишни маъқул кўрдик.
Таҳририят
Боғ яратиш, боғдорчилик амали инсоният тараққиёти тарихидаги энг улуғ кашфиётлардан биридир. Инсон ибтидоий замонлардан боғни ҳаёт ва тўкинчилик рамзи санайди. Барча қадимий диний асоратларда жаннат мангу яшнаб турган боғга қиёс этилади. Шу сабабдан Шарқ шоирлари гўзал боғларни ва яшил-кўкламзор шаҳарларни "жаннатмонанд", "фирдавсмонанд" дея таъриф этадилар. Энг қадимий Шумер салтанатидан бошлаб инсоният суғориш тармоқларини такомиллаштириб борган. Бу эса ўз навбатида боғдорчиликни ривожлантиришга туртки берган. Олис юлдузлар сирини кашф этишга иштиёқманд қадим донишмандлар табиатни гўзаллик тимсоли деб билиб, ундан руҳий завқ олишга интилганлар, охир-оқибатда нафис табиат ижодидан қиёс олиб боғлар яратишга тутинганлар. Мелоддан аввалги 811-781 йилларда Ашшура (Ассирия) маликаси Шамурамат- Семирамада яратган осма боғлар, Миср подшоси Шаддод бунёд этган Боғи Эрам ҳақидаги афсоналар ҳануз-ҳанузгача кўнгилларни ҳаяжонга солади. Боғдорчилик халқ тарихи, унинг маданияти, илм-фани, адабиёти ва санъати, деҳқончилиги тарихи ва тажрибаси билан чамбарчас боғлиқ. Муайян халқ яшаган жўғрофий ҳудуд, унинг маданий-илмий равнақи, адабиёти ва санъати, деҳқончилик ва суғориш тармоқлари даражаси ўтмишда яратилган боғу роғларда ўз аксини топган.
Буюк бобомиз Амир Темур бунёд этган боғлар жаҳон боғдорчилик тарихида алоҳида ўрин эгаллайди. Соҳибқирон тарихини ўрганиш билан шуғулланган барча муарриху олимлар Турон султонининг боғдорчилик санъатидаги салоҳиятини эътироф этиб, ўз асарларида у иншо этган боғларни таърифу тасниф айлайдилар. Фирдавсмонанд деб мадҳ этилган Самарқанд тупроғи азал-азалдан боғлар мамлакати саналган. Минг йилча бурун бу тупроққа келган Истаҳрий шундай маълумот ёзиб қолдирган эди: "Бирон тепаликка чиқиб, атрофга назар ташлайдиган бўлсангиз, Самарқанд Сўғдида, шунингдек, Самарқанднинг ўзида ҳам нигоҳингиз кўкаламзорга ва ёқимли жойларга тушади. Унинг яқинида дов-дарахтсиз тоғлар ва чанги фиғон ураётган даштлар йўқ. Самарқанд Сўғди биз тилга олган уч жой орасида энг гўзалидир, чунки у Бухоро чегарасига қадар Сўғд (Зарафшон) дарёси бўйлаб ўнг ва чап томондан узилмай давом этиб келади. Унинг катталиги шунчаки, кўкаламзор ва боғлар орасидан саккиз кун юрасан. Бу доимо сув оқиб турадиган ариқлар билан ўраб олинган яхлит боғлардир. Дарёнинг ҳар икки ёқаси кўм-кўк дарахтлар ва экинзорлар билан қопланган. Яшил дарахтлар экинларни ҳимоя қилади, экинзорлардан кейин эса чорва моллари учун яйловлар ястанган. Бу ердаги ҳар бир шаҳар ва қишлоқда қўрғон бўлиб, у кўкаламзорлар орасида бамисоли сув ўзанлари билан тўқилган ва қасрларнинг жилваси билан безатилган яшил парча либосдек ярқираб туради. Сўғд, Аллоҳ мамлакатларининг энг унумдор еридир, унда энг яхши дарахтлар ва мевалар, одамлар яшайдиган барча масканда боғлар, ҳовузлар ва оқар сувлар бор. Оқар сувли ариғ бўлмаган кўча ёки уй камданкам учрайди".
Амир Темур замонида Зарафшон воҳаси Истаҳрий таърифлаган гўзаллигини сақлаб қолган эди. Соҳибқирон фахр билан айтар эканки: "Менинг бир боғим борки, у Бухородан Самарқандгачадир". Яна айтар эканларки: "Шоҳ бўлсанг-да боғ ярат, гадо бўлсанг-да боғ ярат, бир куни мевасидан тотарсан". Қудратли салтанат пойтахти теварагида Амир Темур томонидан бунёд этилган боғлар хусусида муаррих Абу Тоҳирхўжа Самарқандий шундай ёзади: "Самарқандда Амир Темур Кўрагон солдирган боғларким, Эрам гулистони рашк қилар даражада еттита экан:
Биринчиси - Боғи Шамол, Самарқанд шимолида, Девори Қиёмат ичида. Иккинчиси - Боғи Баланд. Учинчиси - Боғи Беҳишт. Тўртинчиси - Боғи Чинор. Бу икки боғ шаҳарнинг кунчиқар томонида. Бешинчиси Боғи Дилкушо бўлиб, Конигилнинг жануб томонида. Конигил Кўҳак дарёсининг ёқасида, Самарқанднинг энг гўзал ва чиройлик еридир. Олтинчиси - Боғи Зоғон - Шовдор туманининг шимол томонида воқедир. Еттинчиси - Боғи Жаҳоннамо - Анҳор туманида бўлиб, тоғ этагига яқин ерда, Самарқанднинг жанубида бунёд қилингандир".
Биз Абу Тоҳирхўжа ҳазрат Соҳибқирон тиклаган боғларнинг ҳаммасини санамагани учун саноқда давом этамиз: Саккизинчи боғнинг номи Боғи Нав. Тўққизинчиси - Боғи Бўлду. Бу боғ тахминан Боғи Дилкушога яқин ерда жойлашган. Ўнинчиси - Боғи Нақшижаҳон - Чўпонота тепалигининг жанубий этакларида бўлган. Тадқиқотчилар бу боғни Амир Темур бино этган дастлабки боғлардан биридир деб ҳисоблайдилар. Бобур мирзонинг ёзишича, боғ Оби Раҳмат ариғи ёқасида жойлашган. Ўн биринчиси Боғи Давлатободдир. У Самарқанднинг жанубида, Термизга кетиш йўлининг чап томонида, Боғи Дилкушо билан Боғи Жаҳоннамо оралиғида барпо этилган. Яна бир хужжатга кўра, Дарғом ариғи ёқасида бўлган. Ўн иккинчи боғ Соҳибқирон замонида амирзода Шоҳруҳ шарафига ёки мирзонинг ўзи томонидан тикланган боғ бўлиб, у китобларда "Боғи амирзодайи Шоҳруҳ" номи билан тилга олинади. Ўн учинчиси - Боғи Майдон. Ўн тўртинчиси - Боғча. Ўн бешинчиси - Гулбоғ ёхуд Тахтиқорача боғи.
Биз мазкур боғлар хусусида мухтасар маълумот беришни мақсад қилдик, токи мозий муаррихларидан бири айтганидек, "ҳар эзгу ишдан ибрат олингиз, эй ақли солим эгалари!"
(Давоми бор)
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.