Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27-сентябрда "Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга мувофиқ 2019 йилдан бошлаб ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси "Кексалар ҳафталиги" этиб белгиланди. Шу муносабат билан "Нуроний" жамғармаси туман бўлинмаси томонидан нуронийлар ва ёшлар ўртасида шахмат-шашка бўйича мусобақа ташкил этилди. Унда 50 нафардан зиёд шахмат-шашка ишқибозлари иштирок этди. 12 ёшдан 80 ёшгача бўлганлар ўртасида бўлиб ўтган беллашувда ўз ёш тоифаси доирасида шахмат бўйича иштирок этиб, биринчиликни қўлга киритган Хўжа Аҳрори Вали-1 маҳалласининг вакили Зоҳир Ҳасанзода билан суҳбатда бўлдик.
- Шахмат қадимий ўйинлардан бири. Мен қарийб 60 йилдан буён шахмат билан шуғулланиб келаман. Ақлни чархлаб, кишини мантиқан фикрлашга ундайдиган бу ўйин сирларини набираларимга ҳам ўргатиб, маҳорат машғулотлари ўтказиб тураман. Ушбу мусобақада 12 ёшли набирам Ҳасанзода Комрон ҳам иштирок этиб 2-ўрин соҳиби бўлди, -дейди мусобақа ғолиби.
Мусобақадан сўнг кекса авлод вакиллари, нуронийларнинг бой ва ибратли ҳаёт тажрибаси, амалий билим ва кўникмаларини ёшларга тарғиб этиш мақсадида китобхонлик давраси ҳам ташкил этилди. Маърифий-тарбиявий соат руҳида ўтган ушбу учрашув ўқувчи-ёшларда катта таассурот қолдирди.
Тадбир сўнгида мусобақа ғолиблари ҳамда бир гуруҳ фаол китобхон ёшлар ташкилотчиларнинг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф.МАҲМУДОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.