Яқинда “Академнашр” нашриёти таниқли тожик ёзувчиси Бахтиёр Жуманинг “Ақлсиз мушук” қатра ҳикоялар тўпламини нашрдан чиқарди. Касбим шифокорлик, адабиётга ихлосим баландлиги боис китобчадаги ҳажвий асарларни мириқиб ўқидим ва чексиз маънавий озуқа, завқ олдим.
Муаллиф покиза, гўзал болалар қалби орқали катталарнинг ҳам тажанг руҳлари оламига киради, ақлларини пешлайди ва эзгу ҳиссиётлар уммонига ғарқ этади. Ҳикоячаларни илҳом “жазаваси” чоғи яратилган майда-майда кашфиётчалар, ихтирочаларга қиёс этдим. Уларнинг ҳар биридан янги гап, янги маъно оласиз, кутилмаган ички бурилишлар кишини ҳайратга солади ва киши ақлини ишлашга даъват этаётгандек бўлади. Болаларнинг бу қадар топқирлигидан қувонасиз. Ҳа, очиғини айтганда Бахтиёр Жума ҳикоячалари ҳам болалар, ҳам катталар ақлини тетиклантириб, бошқариб турувчи стимуляторга “ричаг”дир. Бу бор гап. Китобни ўқиган ҳар бир ўқувчида шундай фикр уйғонишига аминман. Минг таърифлангандан бир ўқиб кўрган афзал.
Муаллиф обдон сарғайиб пишган ҳусайни узуми донасини асал тўла кўзачага қиёслаб шунақанги гўзал ўхшатиш топганки, бу тасвир йирик адиблар ижодида ҳам камдан-кам учрайди. (“Бобосининг асали”, ҳикоя, 14 бет).
Ақл ричагини “Қовурилган тухум” ҳикоячасида ҳам кўриш мумкин. Китобдаги ҳар бир ҳикоя тугалланган янги, лўнда асар, кашфиёт, завқ-шавқ десак адашмаймиз.
Халқимизда “Кўп мақталган нарса ишончсиз бўлади” деган ҳикмат бор. Яхшиси сиз китоб дўконидан “Ақлсиз мушук” китобчасини харид қилиб, кейин уни болажонларга улашинг. Ана шундагина юқоридаги фикрларимиз ишонч ҳосил қилиб, ёзувчи Бахтиёр Жуманинг ихлосманд ўқувчисига айланиб қоласиз.
Муродим УМРЗОҚОВ,
шифокор-руҳшунос, невролог
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.