Шарқнинг қадимий ҳамда навқирон санъати, халқ ҳунармандчилигининг ўлмас бўлаги бўлган кулолчилик, айниқса ўзбек кулолчилиги узоқ тарихга эга бўлиб, анъанавий шакл ва мазмуни, ижодий жараён ҳамда ўзига хос услуби билан алоҳида ажралиб туради.
Тарих манбаларига назар соладиган бўлсак, Афросиёб ва Ўрта Осиёнинг бошқа манзилларидан топилган қадимий сопол буюмлар 8-12 асрларда кулолчилик энг ривожланган паллада бўлганлигидан далолат беради. Бироқ, 13 асрда муғул босқинчилари Бухоро, Самарқанд, Урганч, Марв, Балх каби ҳудудларни забт этиши оқибатида ушбу санъатнинг ривожига ҳам путур етди. Шундай бўлсада, бу ҳунар тури бутунлай йўқ бўлиб кетмади, аксинча, 19 асрдан бошлаб, ўзбек ва тожик халқлари ўртасида кенг ривожланиб Ғиждувон, Панжакент, Самарқанд, Шаҳрисабз, Тошкент, Риштонда кулолчилик марказлари пайдо бўлди. Бора-бора Тошкент, Андижон, Фарғона, Самарқанд, Бухоро ва бошқа шаҳарларда кулолчилик мактаблари ташкил этилиб, устоз-шогирд анъанаси асосида ушбу соҳанинг сир-асрорлари ўргатилган. Бугун ҳам юртимизда ота-бобоси йўлидан бориб, анъанани давом эттираётган ва қатор мувофаққиятларга эришиб, кулолчиликнинг ривожига ҳисса қўшаётган моҳир кулоллар етарлича топилади. Ҳар сафар уларнинг ишини кузатиб, серқирра ижодидан баҳраманд бўлганимизда дилимиз яйраб, маҳоратига тасаннолар айтамиз.
Самарқанднинг асл фарзанди Илҳом Бобомуродов ҳам юксак истеъдод эгаси бўлган устазода кулоллардан биридир. Унинг мўжаз устахонасига ташриф буюрган киши борки, кулолнинг қўл сеҳри, қалб қўрини бериб, оддий лойдан яратаётган мўжизакор гўзалликнинг гувоҳи бўлади. Теракота ва сирланган идиш-товоқлар, турли рўзғор буюмлари, эртак-афсона қаҳрамонлари, нуроний чолларнинг ҳайкалчалари киши ҳайратини оширади. Ҳаттоки, юртимиз меҳмонларию сайёҳлар ҳам бу каби бетакрор ноёб буюмларни Самарқанд урф-одати маданиятидан намуна сифатида ўз диёрига олиб кетади. Бу манзил ҳамиша меҳмонлар билан гавжум эканлиги ҳам айни шундан.
Ўтган йилнинг октябрь ойида Туркиядан ташриф буюрган уста кулол Афсона Меҳмет Йилдирим "Конигил кулолчилик устахонасида шаҳардаги 65-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиларига маҳорат дарслари ўтказди. Яқинда эса Япония давлатидан келган профессор Вакита Монитока ҳам Самарқандлик касбдошлари ва бир қатор ёшларга маҳорат дарсларини ўтаб, ўзаро тажриба алмашди.
Афросиёб услубида кулолчилик мактабини яратган Ўзбекистон халқ рассоми, уста кулол Умар Жўрақуловнинг (1894-1973) вориси бўлган Илҳом Бобомуродов штамплаш ва оммавий ишлаб чиқаришга эмас, балки миллий қадриятларга таяниб, замонавий ва қадимий услубни мужассам этган ҳолда асарлар яратишга алоҳида эътибор қаратади. Узоқ йиллик меҳнати туфайли ранглар ва шакллар билан тажриба ўтказиб, қадимий ҳунармандчиликни жонлантиришга, шу билан бирга ўзига хос қўлёзмалар яратишга ҳам эришди.
У АҚШ, Хитой, Россия каби хорижий мамлакатларда ҳам ўзи яратган асарлари орқали кулолчилик санъати жозибадорлигини кўрсатиб берди ва бу борада кўплаб шогирдлар етиштириб келмоқда.
Илҳом Бобомуродов йўлини танлаган ўғли Мехрож ҳам мана 20 йилдирки отаси билан елкама-елка туриб бу соҳада самарали фаолият олиб бормоқда. От изини той босар деганларидек, набиралари Темур ва Муҳаммаддин ҳам аллақачон кулолчилик сир - асрорларини қунт билан ўрганмоқда.
Ҳа, фарзандлар нафақат ота-онанинг номини, балки уларнинг ҳунари, ишини давом эттириши ҳам улкан шарафдир.
Тошпўлат ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.