Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

1 АПРЕЛЬ – “КУЛГИ КУНИ”

1 апрелнинг қандай кун эканлигини кимдан сўраманг, ҳазил-мутойибага дахлдорлиги ҳақидаги жавобни эшитасиз. Ваҳоланки, бу куннинг кулги ёки ҳазилга алоқаси борлиги расман эълон қилинмаган. Лекин шундай бўлса-да, ушбу санани бутун дунё халқи кулги куни сифатида нишонлайди.

Тарихга назар соладиган бўлсак, икки минг йиллар олдин кўҳна Римда шунга ўхшаш байрам ўтказилгани маълум бўлади. Тўғрироғи, “ахмоқлар куни” деб номланган 1 апрелда бутун Рим бўйлаб одамлар ўзаро ҳазилашиб, бир-бирларига хушчақчақлик улашишган.
Ўрта асрларда европалик ва осиёлик ҳукумдорлар саройида масхарабозлар асраш урфи пайдо бўлди. Ҳар қандай суҳбатга сўроқсиз аралашиш ҳуқуқи берилган бундай ҳозиржавоб кишилар гапга гап қўшиш, луқма ташлаш ёки пичинг ва киноялар билан барчанинг диққатини ўзларига шунчалар тортишганки, уларнинг кўп маънони берадиган гаплари баҳс ва мунозаларда юзага келган тортишувларни гоҳида авжлантирса, кўпинча бартараф этган.
Францияда кулги ва алдов куни дея 1 апрелни ХVI асрнинг иккинчи ярмидан буён ўтказиб келишади. 1564 йилда қирол Карл IХ асрнинг янги йил киришини 1 апрелдан 1 январга кўчирган. Лекин одамлар баҳорги байрамга ўрганиб қолишгани сабабли 1 апрель келганда бир-бирларини янги йил билан қутлашни давом этишган. Йиллар ўтиши билан бу одат ўзгармади, аксинча алдов куни сифатида бу кун нишонланадиган бўлди. Шу куни одамлар ишонч уйғотадиган даражада ёлғон ишлатиб, уйдирмаларга учганлар устидан мириқиб кулишган. Эътиборлиси шундаки, алданганлар ҳам ўкинишмаган. Чунки, агар озгина мулоҳаза қилишса, бу кулгили ҳолатга тушмасликларини англаб етишган ва бу беғараз ҳазилдан ўзлари ҳам хурсанд бўлишган.
Оммавий ахборот воситалари пайдо бўлиб, 1 апрелга алоқадор воқеалар ўзининг антиқалиги билан кўпчилик эсида қоладиган бўлди. Масалан, французларнинг кўп ўқиладиган газеталаридан бири – “Паризьен”да француз “Диснейленд”и қурилиши муносабати билан машҳур Эйфел минораси бузилиб, Париждан бир неча чақирим нарида бўлган Марни дарёси ёқасида ўрнатилиши ёзилган. Бу маълумот аҳолини шунчалар саросимага солиб қўйганки, эътирозлардан таҳририят телефонлари овози бир сонияга бўлсин, тўхтамаган. Эртаси куни бу 1 апрель ҳазили экани газетада маълум қилингандан сўнг одамлар тинчланишган.

Ўз мухбиримиз


Дата добавления: 31/03/2017 15:42;   Просмотров: 1617
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку