Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЗУРУРАТ АСЛИДА МАЖБУРИЯТ ЭМАСМИ?

Халқаро майдондаги ҳудудий босма нашрларнинг кўрсаткичлари билан танишиб чиқилганда қуйидагича маълумотлар олинди, унга кўра:
Аҳоли сонига нисбатан газеталар адади бўйича дунёдаги етакчи мамлакатлар:
Исландияда минг кишига 795.7 та
Японияда 634.5,
Норвегияда 626.3,
Швецияда 583.4,
Финляндияда 518.4,
Жанубий Кореяда 449.8,
Данияда 442.9 та газета тўғри келади.
Бу дегани марказий нашрлар билан биргаликда ҳудудий нашрларнинг ҳам бугунги кундаги оммабоплиги йўқолмаганидан дарак бермоқда.
Ўзбекистонда айни пайтда жами 665 та газета ўртача ҳисобда 3-5 миллион тиражда чоп этилмоқда.
Демак, бу рақамни қарийиб 33 миллион аҳоли сонига солиштирсак ҳар юз кишига 8.25 нусха тўғри келаяпти.

Биз ўрганиб қолган ва аксарият ҳолларда кутиб турадиган, юқоридан келадиган буйруқларни бажариш мажбурият аталса, эҳтиёж талаб қилиб, дунёқарашимизни кенгайтириш, фикрларимизни теранлаштириш, билим-тафаккуримиз ва саводхонлигимизни оширишда мутолаа қилиш зарурат ҳисобланади. Хўш, энди айтингчи? Маънавий заруратни қондириш аслида бу бизнинг мажбурият эмасми?
Азиз газетхон гапни бу зайлда бошлашимга яқинда «дид, фаросати» ҳамин қадар бўлган бир раҳбарнинг «газеталарингга обуна бўлиш энди мажбурий эмас»... деган гапи туртки бўлди. Нафсиламрини айтганда, ҳақиқатан ҳам мажбурий обуна керак эмасдир. Чунки даврий нашрларга обуна бўлиб ҳам газета-журнал ўқимайдиган инсонга ундан нима наф. Тўртинчи ҳокимият саналмиш матбуотни давр кўзгуси деймиз. Нега? Негаки газета мутолаа қилган ўқувчи унда жамиятда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар аксини кўради. Бўлаётган жараёнларнинг тезкор ва муҳим хабарлари, янгилик, ахборот, публицистик ва танқидий-таҳлилий, кенг мушоҳадага руҳлантирувчи мақола ва материаллар уни бефарқ бўлмасликка ундайди. Бу дегани газета ўқувчисининг маънавий тарбия топишида ҳам хизмат қилади. Мантиқан қарайдиган бўлсак, ҳар бир маънавиятли киши эрталаб уйидан кўчага чиқиш олдидан иложи борича, албатта, кўзгу (ойна)га қараб, у ёқ, бу ёғини тартибга келтириб олади. Демак, кўзгу нафақат бизга ўз аксимизни кўрсатувчи, балки ташқи қиёфамиздаги жузъий хато-камчиликларни тузатувчи восита ҳам экан ва шунинг учун бизга керак. Шу нуқтаи назардан жамият учун ҳам албатта кўзгу керак бўлади.
Халқимиз маънавиятини юксалтириш бугуннинг энг долзарб масаласи бўлиб, муҳтарам Юртбошимизнинг шахсан ўзлари ташаббус кўрсатган ҳолда бизларни мутолаага, китобхонликка чорлаб турганларида, бундай кайфиятда юришни билмадим, қандай изоҳлаш мумкин. Ахир, китобхонлик, мутолаанинг боши ҳам - газета-журналларни ўқишдан бошланмайдими? Миллат тақдири, Ватан келажагини ўйлайдиган халқ, албатта маънавиятга ошно бўлиши шарт. Марҳум Биринчи Президентимизнинг китобларидан бири «Юксак маънавият - енгилмас куч»деб бежизга номланмаган. Китоб номининг ўзиёқ маънавият нималарга қодирлигини англатиб турибди.
Соғиниб хотирлайдиган ўша олис болалик йилларимдаги ҳолатларни тўғриси ҳозир ҳам жуда энтикиб қўмсайман. Деярли ҳар куни эрта тонгданоқ матбуот дўконлари (киоск) олдида обуна бўлишга улгурмай қолган одамларнинг газета-журналларнинг янги сонини харид қилиш учун турнақатор бўлиб навбатда туришлари, жамоат транспорти (у пайтлар автобус ва троллейбуслар бўларди) ўриндиғида ўтириб кетаётган инсонларнинг қўлидаги газета-журнал ёки китобни мутолаа қилиб боришлари, ёинки автобекатда автобус кутиб ўтирган хоҳ у ишчи-хизматчими, ходим, раҳбарми, талабаю домлами албатта, мутолаа билан банд бўлишларини жуда кўплаб гувоҳи бўлардик. Оталарнинг кечқурун ишдан қайтгандан сўнг хонтахта атрофида ёстиққа ёнбошлаб, кўзларига кўзойнак илганча газета-журналларни ўқиб, бирон-бир муҳим янгилик, хабарми ёхуд қизиқроқ мақоланими оила аъзоларига айтиб бериши фарзандларига ибрат мактаби эди. Раҳбарларнинг эрталаб ишни бошлашдан олдин, яъни, соат 8.00 қадар ўз кабинетида столи устида бўлган кундалик нашрлар билан танишиб чиқиши...
Қаранг, булар қандай ҳавас қилса, арзирли одатлар эди. Бугунчи? Афсуски, бугун кўпчилигимизда маънавий озуқадан кўра кўпроқ моддий озуқага эҳтиёж ортиб бормоқда. Бу эса ижтимоий иллатнинг хавфли қирраларидан бири эканлигини унутмаслик лозим. Бахтли турмуш, фаровон ҳаёт фақат еб-ичиш, бойлик орттириш, данғиллама уй-жой, қимматбаҳо автоуловлар, исрофгарчиликка тўла дабдабали тўй-ҳашам, кайфу сафо суришлар билан белгиланмайди...
Хуллас, мавзудан четга чиқмаган ҳолда туманимиз ҳаётини ўзида ифода этувчи яккаю ягона нашри «Гулобод тонги» газетаси таҳририяти янги йилдан туманимиздаги барча давлат ва жамоат ташкилотларининг ахборот хизмати билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиб, «Сўраган эдингиз», «Бизнинг мулоқот», «Ахборот хизмати хабар беради» каби рунклар остида материаллар бериб боришни кўзламоқда.
Вилоят ва республика ишчи гуруҳлари томонидан ўрганилган соҳа ва тармоқлардаги ислоҳот одимлари, ижобий ҳамда салбий ҳолатларни ҳам ёритишга эътибор кучайтирилади. Туркум танқидий-таҳлилий мақолалар, фельетон, лавҳалар тайёрлаш ва эълон қилиш ниятидамиз. Мақсадимиз юртимиз ва туманимиз салоҳияти ҳамда шон-шуҳратини янада мустаҳкамлаш, халқимиз маънавиятини бойитишда баҳоли қудрат ўз ҳиссамизни қўшишдан иборат.

Тошпўлат ЮСУПОВ,
таҳририят масъул котиби


Дата добавления: 26/10/2018 11:33;   Просмотров: 929
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку