Маълумки, қадим замонлардан бошлабоқ инсонлар об-ҳаво аломатларига фавқулодда бир ҳолат, кўпинча эса улар Арши аълонинг уларга бўлган марҳамати ёки лаънати, деб тушунишган. Айниқса, табиий офатларга муносабати ўзгача бўлганлиги тарихдан маълум. Муқад- дас қадимий китобимиз “Авесто” да ҳам бу ўз аксини топган. Шу боис бўлса керак, илк астрологик жадвал VIII асрда мукаммал тузилган бўлиб, унда инсонларнинг об-ҳаво аломатларига қараб хулосалар келтирилган.
Шу тариқа, ҳар бир минтақа ва жумладан, Зарафшон воҳасининг иқлим имкониятлари ва улар асосида деҳқончилик қилишнинг ўзига хос усуллари ҳам вужудга келган ва табиийки, буларда ҳар бир фаслнинг қай тарзда келиши, албатта, эътиборга олинган. Мисол учун қишда кўпроқ қор ёғса, бу кузги экинлар учун ҳосил баракасини, баҳорги сой ва дарёлар учун эса тошқин сувлар мезонини белгилаган.
Февраль-март ойларидаги баракали ёмғир шубҳасиз, бўлғуси ҳосил асоси, аммо апрель ойидаги ёмғир, сел келиши ва сув тошқинлари ғалла экинларига наинки кучли зарар, балки занг каби касалликларга чалинишига сабаб бўлган. Агарда шу ойда ёмғир умуман бўлмаса, у ҳолда элга нон ва егулик улашиб, ҳатто “Ёмғир ёғсин, арпа пишсин” каби халқ лапарларини ҳам айтганлар. Бундан ташқари, йил қуруқ ва деҳқонга нобоп келганда жонлик сўйиш ҳозирда ҳам халқимизга хос урф-одатлар саналади. Қор ёққан дамлар беихтиёр қувонч ва хурсандчилик ато айлаганки, бу каби аломатлар ҳозирга қадар “Қор хати” сифатида халқимиз ўртасида сақланиб қолгандир.
Албатта, деҳқончилик баҳорда бошланиб, кеч кузга қадар давом этган ва шу боис сувли ерда 2-3 ҳосил олишга муваффақ бўлинган. Улар қишга алоҳида тайёргарлик билан кирганлар. Чунки, 5 декабрдан 90 кун қиш ҳисобланган. Қиш қишлигини катта чиллада, яъни 22 декабрдан январь охиригача бажарган. Шу даврда ер, сув музлаган. Февраль ойини 8 санасида эса қантар оғиб, 18-24 кунларида тоғларда қор кўчиб, илиқлик вужудга келган. Бироқ вилоятимиз шароитида март ойини 1-яримида баъзан қор ёғиши кузатилса-да, айнан шу пайтда лайлаклар учиб келади ва 22 мартдан бошлаб умумхалқ байрами Наврўз кенг нишонланади ва бу деҳқончиликнинг бошланганидан дарак беради. Шунингдек, деҳқончилик аломатлари муайян жой, ўтган йиллар кузатувидан ташқари ҳатто қушлар ҳаёти билан ҳам бевосита боқлиқ бўлган. Мисол учун, деҳқонларимиз агарда қарғалар дарахт учига қўнса, об-ҳаво яхши, ола қарғалар кузда учиб кетмаса, ҳаво совуқ шунингдек, турналар баланд учса йил яхши, паст учганда эса йилнинг совуқ келиши кузатилган. Далаларда агар булбул шохдан-шохга кўчиб сайрай бошласа, чигит экишга киришилган ва ҳоказо.
Шубҳасиз, буларнинг барчаси зироатчиликда раҳбар-мутахассислар ва оддий деҳқонлар томонидан жорий йилда ҳам эътибордан четда қолмайди, албатта.
ХИДИРАЛИ БОТИРОВ,
қишлоқ хўжалик фанлари доктори
ҒИЁС ЖЎРАҚУЛОВ, мутахассис
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.