Кўзни қамаштирувчи бир-биридан ажойиб кийим-кечак дўконларини айланар эканман, кўпдан бери кўрмаган дугонамни учратдим. Аввалига танимайроқ туриб, хотира омборимни титкилаётган ҳам эдимки, дугонам ўзи келиб гап бошлади.
- Э-э дугонажон бормисан, ишларинг қандай? Жойидами. Танимадинг-а? Ахир мен Дилбарман.
- Ҳа, айтдим, боятдан бери кўзимга бунча таниш кўриняпти деб. Яхшимисан, уйдагилар яхшими. Ҳамма тинчми, мен ҳам уни саволга тутдим.
- Ҳа, худога шукр, яхши ҳамма тинч, мана юрибмиз. Хўш нима гаплар. Синфдошлардан кимни кўряпсан?
- Менда ҳеч гап йўқ, ҳамма тинч ўз оиласи билан юрибди. Бугун бир йўлим тушиб дўконларни айланиб юргандим. Қолган синфдошларни билмайман. Ўзинг биласан, оилали бўлгач, ҳамма уй-рўзғори билан овунади.
- Ҳа гапинг тўғри. Мен яқинда чет элдан келдим, шунга янгиликларни сўрай дедим. Икки йилдан бери узоқ сафарга эрим билан ишлагани боргандик.
- Болаларчи, уларни кимга қолдиргандинг?
- Бувисига.
Дугонам билан суҳбатлашар эканман, мактаб даврлари худди касета тасмасидек бир-бир кўз олдимдан ўтди. Ўша болалик, беғуборлик дамлари, ташвишсиз кунлар. Ўшандаги Дилбар тўлачадан келган, кулчаюз, доимо кўзлари чақнаб кулиб турадиган қиз эди. Ҳозирги Дилбар эса анча тўлишган, аммо кўзлари ўша-ўша.
Айтишларича, қанча йиллар ўтса ҳамки, инсоннинг кўзларигина ўзгармас экан. Бу ҳақиқатни Дилбарнинг ўша куладиган кўзларида кўрдим. Кўзлари ўзгармаган дугонамнинг гаплари, муомаласи анча ўзгаркан. Ҳар икки гапининг бирида "биласанми, э- у ер зўр шаҳарда, нарсаларини айтмайсанми, кийимлари бирам зўр. Мана қара, эгнимдаги мана шу кийимлар бари ўша ерники. Асл сифат. У ердачи дарёлар, сувлар бор. Мазза қилиб айланасан. Бозорларига гап йўқ. Келишимда ҳамма кийимларни ўша ердан харид қилдим. Ҳа, дугонам жуда ўзгарибди. Ҳали у ерда ишлаганини мақтанади. Гоҳ кийимларини кўз-кўз қилади. Олдинги камсуқум, камтар Дилбардан асар ҳам қолмаганди. Охири менга "дугонажон мана бу эгнингдаги кийиминг бунча чиройли. Биламан, бу туркларники шундайми, сенам нарса олишни биласан. Бутикдан олдингми? Кўрдингми мен бир пасда билдим". "Йўқ дугонажон бу кийим чет элники эмас, бутикдан ҳам сотиб олмаганман, оддий бозордан олдим. Ўзимизда ишлаб чиқарилган. Нархи ҳам ҳамёнбоп. Сифати ҳам, бичими ҳам хорижникидан қолишмайди. Майли шошиб тургандим. Яна кўришгунча хайр". Унинг ҳатто жавобини ҳам кутмай, дўкондан чиқдиму тўғри уйга келдим. Йиллар ва йўллар нечоғлик одамга таъсир қиларкан, буни дугонам мисолида кўрдим.
Мубина СОЛЕЕВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.