Ҳар бир боланинг қобилияти ва истеъдодини ўз вақтида пайқаш, тарбиялаш, рўёбга чиқариш нафақат ота-она, балки бутун жамиятнинг бурчидир.
Ш.МИРЗИЕЁВ
Ҳар қандай фуқаролик жамиятида болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш вояга етмаган ёш авлодни баркамол, жисмонан ва маънан соғлом шахс этиб тарбиялаш, уларда ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, масъулият ҳиссини шакллантириш долзарб масала саналади. Мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги боис, болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароит яратиш, БМТнинг "Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция"си талабларига риоя этиш баробарида болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатлашнинг ҳуқуқий асослари яратилган.
Хусусан, Конституциямизда ота-оналар ўз фарзандини вояга етгунига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур экани, давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган ўғил-қизларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши, фарзандлар ота-оналарнинг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар, қонун олдида тенг экани, шунингдек, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, "Бола хуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги қонунда эса уларнинг ҳуқуқлари мустаҳкамланган. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 22 апрелдаги "Бола хуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Қарорда ота-она қарамоғисиз қолган болалар яшаб турган уй-жойларини улар ўн саккиз ёшга тўлгунча қадар бронлаштириш ҳуқуқи, болаларнинг давлат органларига қилган мурожаатлари кўриб чиқилиши кафолатланиши, 14 ёшга тўлганидан кейин ота-оналаридан алимент олиш юзасидан судда даъво кўзғатишга ҳақли экани, судга мурожаат қилишда давлат божи ва бошқа тўловлардан озод қилиниши белгилаб қўйилгани навқирон авлод ҳуқуқларини янада кенгайтирди. Эндиликда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари - Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилиши, фақат болалар ҳуқуқларини таъминлашга кўмаклашувчи сектор тузилиши бу борадаги имкониятлар қамровини оширилишига хизмат қилади. Қарор билан 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган ота-онасиз болалар учун қўшимча равишда бир фоизгача давлат гранти асосида қабул квоталари ажратиш тартиби татбиқ этиладиган бўлди. Эътироф этиш лозимки, яна бир муҳим жиҳат, "Етим болалар ва ота - оналар қаромоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалдаги бир қатор қонунларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилаётганлиги ва шу орқали қонунчилик базаси янада мустаҳкамланиши эътиборга молик амалиётдир.
Т.НУРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.