Гиёҳвандлик инсонлар ҳаётини издан чиқарувчи, уларни турли жиноятларга ундовчи, охир-оқибат умрига зомин бўлгувчи жирканч иллат саналади.
Шунинг учун унга ружу қўйганлар ўз вақтида эс-ҳушини йиғиб, соғлом турмуш тарзига қайтишлари лозим. Акс ҳолда ҳаётлари барбод бўлиб, аянчли хотима топиши айни ҳақиқатдир. Афсуски, олиб борилаётган тарғибот-ташвиқотларга қарамай, бу ишни давом эттираётганлар ҳамон учраб турибди. "Заҳри қотил" гирдобига тушиб қолган, муқаддам бир неча бор судланган бўлса - да ўзига тегишли хулосалар чиқариб олмаган тумандошимиз Л.Н.нинг ножўя кирдикорлари ҳам бунга мисол бўлади. У ўтган йилнинг апрель ойида ўзи истиқомат қилаётган уйнинг томорқасидаги маккажўхори экини орасига тақиқланган 5 туп "каннабис" гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, парваришлаб келади. 2018 йилнинг 13 август куни соат 12 00 ларда туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган "Қорадори-2018" махсус тадбирида унинг қилмишлари фош бўлиб, экилган гиёҳванд ўсимликлари далилий ашё тариқасида ҳужжатлаштирилди. Ушбу 5 туп гиёҳванд ўсимликларнинг қуруқ ҳолдаги соф оғирлиги 4,979 грамм эканлиги холис гувоҳлар иштирокида расмийлаштирилиб олинди. Шундай қилиб, Л.Н.нинг кўп миқдордаги "каннабис" гиёҳвандлик моддасини етиштириш ва ўтказиш борасидаги жиноий ҳаракатларига чек қўйилди.
Судда судланувчи Л.Н. Ўзбекистон ЖКнинг 270-моддаси 1-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга нисбатан ЖКнинг тегишли моддаларига асосан 8 (саккиз) йилу 2 (икки) ой озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Д.НУРАЛИЕВ,
Жиноят ишлари бўйича туман суди судьяси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.