Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 18 май куни "Ўзбекистон Республикаси заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора - тадбирлари тўғрисида" ги ПФ - 5721 сонли Фармони қабул қилинди. Унга кўра сифатли ва рақобатбардош заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, тармоққа чет эл инвестицияларини фаол жалб этиш, заргарлик буюмларини тайёрлашда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб - қувватлаш ҳамда тармоқни жадал ривожлантириш учун қуйидаги қулайликлар белгиланган.
- Заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ишлаб чиқарувчининг рўйхатдан ўтказилган шахсий тамғасини буюмга босиш шарти билан давлат асиллик даражаси белгисини мажбурий равишда қўймасдан, ўзи ишлаб чиқарган, заргарлик ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган бошқа буюмларнинг асиллик даражасини мустақил белгилаш ва уларга белгиланган намунадаги асиллик даражасини белгиси изларини қўйиш ҳуқуқи берилади;
Бунда тамғалаш ва асиллик даражаси белгисини қўйиш тартибини бузган ҳамда кўрсатилган намунага мувофиқ келмайдиган заргарлик буюмларини сотувчи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар заргарлик тармоғидаги ноҳалол тадбиркорлик субъектлари реестрига киритилади, уларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган, шу жумладан, лицензия ёки рухсат берувчи бошқа ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиш бўйича таъсир чоралари қўлланилади;
заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ўзлари ишлаб чиқарилган маҳсулотни мустақил равишда чакана тартибда сотиш, шунингдек, аҳолидан қимматбаҳо металл парчалари, қимматбаҳо тошлар ва улардан ясалган буюмларни ишлаб чиқриш мақсадларида сотиб олиш ҳуқуқига эга:
устав фондида давлат улуши бўлмаган ёки давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган юридик шахслар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар ишлаб чиқаришда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни сарфлаш, ҳисобини юритиш ва сақлаш тартибини мустақил равишда белгилайдилар;
жисмоний шахсларга қиймати 5000 (беш минг) АҚШ долларидан ортиқ бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади;
заргарлик буюмларининг чакана савдоси айрим турдаги товарлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим объекти ҳисобланмайди;
тадбиркорлик субъектлари олтин изловчилик фаолияти доирасида заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларни таъминлаш учун қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни қазиб олиши мумкин;
заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмасида ихтиёрий асосда ягона ташкилотга бирлашиш орқали иштирок этган тақдирда, уларга нисбатан қонун ҳужжатларида назоратда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар, уюшма аъзоларининг имтиёз ва преференциялари татбиқ этилди.
Шунингдек, аҳолидан заргарлик буюмларини қайта ишлаш учун сотиб олишдан ташқари, "Навоий КМК" ДК ва "Олмалиқ КМК"ДК АЖдан қимматбаҳо металларни (олтин ва кумуш) ўлчов пластиналари кўринишида, ҳамда 5 грамм ва ундан ортиқ бўлган оғирликдаги гранулаларни (қимматбаҳо металлар соф оғирлигига қайта ҳисоблаганда) Лондон қимматбаҳо металлар биржасининг тонгги фиксинги асосида миллий валютада сотиб олиш мумкинлиги ва сотиб олинган қимматбаҳо металларни бошқа заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларига сотиш ҳуқуқлари берилди.
Бундан ташқари, Фармонда банк ва солиқ соҳасида заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга бир қатор имтиёз ва преференциялар белгилаб берилган.
Мазкур фаолият билан шуғулланишни истовчи тумандошларимизни туман ҳокимлиги Иқтисодиёт ва саноат бўлимига мурожаат қилишларини тавсия этамиз.
Ф.ҒАНИЕВ,
туман ҳокимлиги Иқтисодиёт ва
саноат бўлими бошлиғи в.в.б
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.