Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЗАРАРКУНАНДАГА ҚАРШИ КУРАШИШ - ҳосилнинг нобуд бўлишидан сақлайди

Помидор куяси - Tuta absoluta помидор ўсимлигининг ашаддий кушандаси бўлиб, экинларнинг меваси ва баргига жиддий зарар етказади. Помидор куясининг ватани Жанубий Америка ҳисобланиб, Европа, Осиё ва МДҲ давлатларида ҳам учрайди.

Капалаги 10 мм бўлиб, ипсимон мўйловларга эга. Олд қанотларида қора доғлари бор. Тухуми цилиндирсимон сариқ ёки оқ-сариқ бўлиб, узунлиги 0,36 мм, эни 0,22 мм. Личинкасининг боши қорамтир бўлиб, ёруғ жойда яшил рангга айланади. 2 ва 4 ёшдаги личинкалари пушти рангда.
Помидор куяси помидор ўсимлигининг очиқ ва ёпиқ турдаги экинзорларида учрайди. Юқори репродуктив самарадорликка эга ҳашарот бўлганлигидан личинкаси озуқа топмагунча тинчланмайди. Личинкаси умри давомида 4 та ёшни ўтайди.
Ҳаво ҳарорати ва ташқи муҳит таъсирига қараб, ҳашаротнинг яшаш даври 29-38 кунни ташкил этади.
Бугунги кунда ҳудудларимиздаги экин майдонлари тобора кенгайиб бормоқда. Тадбиркор ва ишбилармон аҳолимиз кузги-қишки, оралиқ, қишки-баҳорги мавсумларда иссиқхоналарда помидор, бодринг, турли кўкатлар, кўк пиёз, қулупнай ва лимон етиштиришади. Шу сабабли, зараркунандаларга қарши ўз вақтида, самарали кураш олиб борилса, сабзавот ва бошқа маданий экинлардан юқори ҳамда сифатли ҳосил олинади. Иқтисодий самарадорлик ортади.
Шундай зараркунандалардан бири - помидор куясидир. Уни биринчи бўлиб олимлар Мейрик ва Поволний аниқлашган ва ўрганишган. Мазкур зараркунанданинг ватани Жанубий Америка ҳисобланади. Помидор куяси Аргентина, Боливия, Чили, Эквадор, Колумбия, Уругвай ва Венесуэлада катта майдонлардаги ҳосилга кўп йиллар давомида зарар етказиб келмоқда. Помидор куяси билан кучли зарарланган барглар тўла нобуд бўлади.
Куя билан зарарланган помидор ўсимликларининг ҳосилдорлиги 80-100 фоизга пасайиб, ҳосил тўла нобуд бўлиши мумкин. Бир гектардаги экинни куя икки ҳафтада батамом абгор қилади. Капалаги кечалари учади, кундузлари барглар орасида яшириниб ётади. Помидор очиқ далаларда ҳам, иссиқхоналарда ҳам бутун ўсув даврида зарарланади. Куя помидор ўсимлигининг барглари, поя ва мевалари ҳамда поянинг пастки қисмидаги илдиз бўғзига ҳам зарар етказади.
Маълумотларга кўра, помидор куяси 2015 йилда юртимизнинг Навоий, Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида ҳамда Фарғона водийсида тарқалган. Кейинги йилларда ушбу куя бошқа вилоятларда ҳам учрамоқда.
Помидор куясига қарши курашишда қуйидаги чора-тадбирлар қўлланилади:
1. Зараркунанда мавжудлигини қайд қилиш (ферамон тутқичлар);
2. Агротехник ва ташкилий тадбирлар (иссиқхоналар ва уларнинг атрофини зарарсизлантириш);
3. Кимёвий усулдан фойдаланиш.

Х.МУСТАФОЕВ,
туман ўсимликлар карантини давлат
инспекцияси инспектор-агрономи


Последнее редактирование: 26/05/2020 18:23;   Просмотров: 780
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку