Туманимизнинг фозил фарзанди, сермаҳсул ижодкор - таниқли публицист ва адиб, "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист" унвони соҳиби, қадрли устозимиз, газетамиз жонкуяри Нусрат Раҳмат жаҳолат қурбони бўлган буюк маърифатпарвар Маҳмудхожа Беҳбудийнинг ҳаёт ва фаолиятини кўп йиллар давомида катта иштиёқ билан ўрганиб, ниҳоят тарихга қизиқувчи мухлислар шов-шувига сабаб бўлган "Жадид" романини ёзди.
Тошкентдаги "Noserlik Vogdysi" нашриётида чоп этилди. Ушбу асарнинг диққатга сазоворлиги, унинг муҳтарам юртбошимизнинг Парламентга тақдим этган Мурожаатномасида самарқандлик буюк аллома, маориф ва маданият истиқболи учун курашиб, золиму жоҳиллар томонидан қурбон бўлган Маҳмудхожа Беҳбудий таваллуд топганининг 145 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифига ажойиб амалий жавоб бўлганидир. Меҳрибон ва камтарин устозимиз Нусрат Раҳматнинг биз, шогирдларга мазкур китобни ўз қўлёзмаси билан ҳадя этганидан бениҳоя хурсанд бўлдик ва самимий илтифотимиз сифатида китобнинг ҳар жой-ҳар жойидан иқтибослар келтирган ҳолда ўзимизча "тақриз" ёздик ва "Гулобод тонги" газетасида чоп этилган "жаҳоншумул илмий тадқиқот"имизни олиб, муаллифни кўришга бордик. Уй бекаси Рухсора Шарофова шарқона меҳмоннавозлик анъанасига амал қилган ҳолда дастархон ёзди ва бир зумда уни ширинликлару мевалар билан тўлдирди. Бир пиёла чой устида мезбон ва меҳмонларнинг ижод, адабиёт, вақтли матбуот муаммолари тўғрисида гап бошлаганимиз, халқимиз ибораси билан айтганда суҳбатимиз "қаймоқ тугди". Аммо шундай ноқулай ҳолат содир бўлдики, биз қалам аҳли хижолат тортдик. Чунки катта тажрибага эга устозимиз икки дўстнинг фахру ифтихор ила ёзиб келган битикларига кўз югуртириб, у асосан ўзларига мансуб жумлалардан иборат эканидан таажжубланганча, бирдан ёш болаларга хос беғубор оҳангда қаҳ-қаҳ уриб кулдилар.
- О, жону жигарларим, китобни ўқимасдан "тақриз" ёзганларингизга қоилман, - дедилар ҳазилга олиб, сўнг ширингуфторлик билан қўшиб қўйдилар. - Лекин шунисига ҳам раҳмат!
Биз "тақризчилар" бир-биримизга қараб, ўзимизни оқлаш учун муносиб сўз тополмай, хижолатдан оғиз очолмай қолдик, албатта. Лекин зукко ва қалби дарё устозимиз яна ўзи туғилган ноқулай вазиятга барҳам берди.
- Келинглар, яхшиси ижод уйимда сақлаётган коллекциялар билан сизларни таништирай, - дея бизни нодир ашё ва жиҳозлар қўйилган хонага бошлади. - Қадрдон мухлисларим, меҳмонлар келишса, ҳавас билан томоша қилишга арзийдиган ноёб нарсалар.
Ҳақиқатан ҳам тўрт-беш хил ёзув машинкалари, муаллифлар томонидан тўҳфа қилинган юзлаб китоблар, тарихий суратлар, ашёлар ва, энг муҳими, бутун дунё, айниқса, Осиё, Африка, Европа ва Америка қитъалари халқларига мансуб чўпдан ясалган турли шакл, ҳажм ва дизайндаги қошиқлар, уларни тўплаш ҳақидаги ҳикоя ва изоҳлар бизда катта таассурот қолдирди.
- Ана бу қошиқни Тибилиси шаҳрида бўлганимда сотиб олган эдим, - экспонатлардан бирини кўрсатди устоз, - ҳозир бу қошиқ Грузияда бўлмаса керак. Мана бу, қирғиз халқи овқат тоновул қиладиган "аслиҳаси"ни эса машҳур ёзувчи Чингиз Айтматов ҳадя этган. Адибнинг "Қошиқ-ризқ рамзи, қўшиқ-ишқ рамзи" деган ҳикматли сўзлари азалий ва барҳаёт қадриятларимизнинг нақадар буюк тарбиявий-маънавий қудратга эга эканлигини ифода этади. Хуллас, биз музейдан, ҳовлидаги мевали дарахтлар, айниқса, нок ва олманинг бир навида 5-6 хил нав пайванд қилинганидан бениҳоя завқландик. Самимий хайрлашувдан сўнг йўлга чиқдик ва икки дўст ўз "гуноҳимиз"ни ювиш учун не-не азоблар билан ёзилган "Жадид" романини астойдил, мунаққидлар тили билан айтганда, қўлга қалам олиб мутолаа қилиш ва шундан сўнг тақриз ёзиб, яна устоз ҳузурига боришга қатъий аҳд қилдик. Шуни таъкидлаш жойизки, биз бу гал китобни она тили ўқитувчиси талабаларидан диктант олиб, уни қизил қалам билан текширгани каби, жуда эҳтиёткорлик ва диққат билан ўқиб чиқдик. Тан олишимиз керак, биз асарни ўқиб, унинг "минг бир кеча" усулида, Маҳмудхожа Беҳбудий ҳаёти қизиқарли ва жозибали ҳикоялар асосида ёзилганига амин бўлдик. Айниқса, асар тилининг ширалиги, қадимий ўзбек ва тожик сўзларига бой эканидан ҳайратландик. Китобнинг тарихий жуғрофий ҳақиқатга яқин эканининг асосий сабаби шундан иборатки, муаллиф ўтмиш воқеаларини буюк маърифатпарвар саёҳат қилган Озорбайжон, Туркия ва араб мамлакатларига бориб ўрганган. Китобни варақлар экансиз, шаҳримизнинг 160 йил олдинги қиёфаси ва тарихи кўз ўнгингизда говдаланади. "1868 йилнинг айни тут пишиғи маҳали, нақ саҳар чоғи кекса Самарқанд қаттол душман (гинерал фон Кауфман бошчилигидаги армия - З.Ҳ) кўланкасидан сесканиб тушиши, аниқроғи, титраб кетишидан, маърифатпарвар сиймо Маҳмудхожа Беҳбудий юбилейлари муносабати билан илмий анжуман ўтказилганлиги"гача бўлган давр катта маҳорат билан тасвирланган. Асар "охирги сўз Маҳмудхожа Беҳбудий жанобларига " деган жумла билан ниҳоясига етган. Агар китобхон диққат қилса, ҳозирги "барҳаёт" Маҳмудхожа Беҳбудий, яъни ул зотнинг фидойи мухлиси илмий тадқиқотчиси, асосий персонажлардан бири устоз Нусрат Рахмат эканини билиб олиши қийин эмас. Таъкидлаш жойизки, асарда ҳақиқат ва адолат учун толмас курашчи адибимиз Беҳбудий ҳазратларининг 44 ёшида (1919 йилда) Қарши шаҳрида большевиклар томонидан қатл қилинганликларига шубҳа қилиб, бу фожиада Амир Олимхон қўли борлигини исботлашга ҳаракат қилинган. Муаллиф фикрича, Маҳмудхожа Беҳбудий Қарши шаҳридан сўнг Термиз ва Амударёдан ўтиб, Кобулга бориб, совет ҳукуматининг Афғонистондаги мухтор элчиси Абдулла Авлоний ҳазратларини зиёрат қилган. Аммо минг афсуски, ҳозиргача маърифат ва санъат йўлида шаҳид бўлган Маҳмудхожа Беҳбудий қабри қаерда экани маълум эмас. Муаллиф афсус билан китоб муқаддимасида яна бир инкор қилиб бўлмас далил келтиради: "Шакурий домла Тошкент қамоқхоналарида жон бердилар. Шўрликнинг қабри йўқ. Саидризо Ализода Россиянинг Владимир шаҳри қамоқхонасида оламдан ўтди. Невараси - Фарҳод Ализода бобосининг хокини келтириб, Самарқанднинг Панжоб қабристонида дафн эттирди. Ҳожи Муин Россия ўрмонларида нобуд бўлди. Хамза, Сиддиқий, Ажзий..."
Мазкур китоб дебоча ва "Жадид" романи ҳақидаги олимларнинг тақризларидан ташқари олти бобдан иборат бўлиб, бир-биридан қизиқарли ва ҳаяжонли фалсафий ва мантиқий мулоҳазаларга лимолим тарихий асардир. Айниқса, қаҳрамонлар ўртасидаги суҳбат ва баҳс-мунозалалар киши диққатини ўзига тортади. Масалан, асарнинг 123-саҳифасида Маҳмудхожа Беҳбудий ҳазратларининг Одесса шаҳридан Истамбулгача кемада бориши тасвирланиб, икки нафар мусофирнинг илм-маърифат олиш тўғрисидаги суҳбатлари китобхонни бефарқ қолдирмайди. Яҳудий савдогарга маърифатпарвар ҳамюртимиз ўз фикрини шундай изоҳлайди: Инсон фарзанди, энг ками тўқсон йил яшамоғи керак, дейди шоир Саъдий Шерозий ва унинг ўттиз йилини билим олишга, иккинчи бўлагини эса сайру саёҳатга ва ниҳоят охирги қисмини авлодларга мерос қолдиришга сафарбар этмоғи лозим. Шакурий ёки биринчи муаллим қиссаси, муфтий ҳазратлари, мухторият ва, айниқса, номаълум одам монологи қисмлари ўқувчини ўша давр муҳитига етаклайди, жаҳолат ва лоқайдликка қарши курашга чорлайди. Маҳмудхожа Беҳбудий ҳазратларининг эваралари номидан ёзилган саргузашт фожиали бўлса-да, кулгуга тўла сюжетлардан иборат. Унинг халқ суди раисига котиб бўлиши, Москва шаҳрида мусофирлик азоблари, Босс исмли бойваччанинг Робинзон лақабли маймуни ва Наполеон лақабли анаконда илонини бечора самарқандлик гастербайтер - мардикорнинг айби билан ютиб олгани, бундай нохуш воқеадан сўнг ғалати тасодиф туфайли ўрмонзорга қочиб кетгани ва ниҳоят Валентина Сергеевна исмли меҳри дарё, савобталаб аёл қўлига тушиб, бир-икки чақа топиш ва оқибат яна Самарқандга келиши ўқувчида чуқур ҳамдардлик ҳиссини уйғотади, мураккаб давр ҳақиқатини англашга ёрдам беради. Ҳеч шубҳасиз, мазкур асар улуғ ватанимиз, барча китобхонларимиз маънавий ҳаётини ўзининг ёрқин ва илҳомбахш образлари, ўтмишимиздаги оғир давр қаҳрамонлари турмуш тарзи, руҳий олами ҳамда диний ва дунёвий қарашлари ёғдулари билан ёритади, бойитади деган фикрдамиз. Умуман олганда, мақсадимиз қисқа тақризда "Жадид" романини қайта ҳикоя қилишдан иборат эмас. Ушбу китобни астойдил мутолаа қилган ҳолда фикр-мулоҳазаларимизни қоғозга туширганимизни, муаллиф олдида ўзимизни оқлаш ҳамда китоб мириқиб ўқишга муносиб эканини таъкидлаш эди, холос. Лекин бизнинг холис таклифимиз, ушбу асарни яна давом эттириш ҳамда бошқа тилларга, биринчи галда тожик ва рус тилларига таржима этиш эзгу ва хайрли иш бўлишини билдиришдир. Ишончимиз комилки, "Жадид" романи мустақил, янги Ўзбекистон, қолаверса халқаро ташкилотлар жоизаларига муносибдир. Имкониятдан фойдаланиб, меҳрибон устозимга сиҳат-саломатлик ва ижодий парвозлар тилаймиз.
Нормурод КАРИМЗОДА,
"Гулобод тонги" газетаси муҳаррири
Зоҳир ҲАСАНЗОДА,
"Овози тожик"газетасининг вилоят бўйича махсус мухбири
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.