Тумандаги "Наврўз" Агротехсервис агрофирмаси (раиси Ориф Ҳасанов) тасарруфидаги "Маҳмудбек Маъруфий" фермер хўжалиги ғаллакорлари туманда биринчилардан бўлиб ғалла топшириш режасини ортиғи билан бажаришди. Улар 30 тонна ўрнига 40 тонна сифатли дон топшириб, ҳар гектардан 80 центнердан ҳосил олишга муваффақ бўлишди.
Ғалабани қўлга киритишда Адҳам Шарофов, Олим Ҳамроқулов, Ориф Маъруфов, Жонибек Мажидов, Дилшод Мухторов, Азиз Наимов каби хўжалик аъзоларининг ҳиссаси катта. Зафар Маҳмудов 2016 йил Қишлоқ хўжалиги институтини битириб, масъулиятли вазифа "Маҳмудбек Маъруфий" фермер хўжалиги раислигини ўз зиммасига олди. Шижоатли, ғайратли, замон билан ҳамнафас қадам қўядиган ёш раис Президентимизнинг ёшларга билдирган ишончидан руҳланиб, ишга киришди. 2017 йил фермер хўжалигини "Маҳмудбек Маъруфий" кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантиришга эришди. Биз
(ёш ва ташаббускор раис Зафар Маҳмудов билан суҳбатда бўлдик)
- Зафар Толибович, авало Сиз ва хўжалик аъзоларини ғалаба билан табриклаймиз. Сизнингча муваффақиятга эришишнинг сири нимада?
- Раҳмат. Халқимизда ерни боқсанг, ер сени боқади, деган нақл бор. Биз ҳам шунга амал қилиб, ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, минерал ўғитларни вақтида берамиз. Шукр, она замин ўз саховатини аямайди. Энг асосийси ҳар бир ишни иштиёқ ва меҳр билан бажаришдадир.
- Хабаримиз бор, сизнинг на фақат деҳқончиликка, балки маънавиятга ҳам меҳрингиз чексиз.
- Тўғри айтасиз. Бу фазилатлар менга боболарим - маърифатпарвар инсон Маҳмудбек Маъруфий ва қишлоқ хўжалиги билимдони, таниқли раис Ҳожи Сирожқул Усмоновлардан ўтган деб ўйлайман. Болалигимда Сирожбобомнинг деҳқончилик ишларини диққат билан кузатиб, ҳавас қилардим. Шунинг учун бу соҳани танладим. Боболаримдек меҳнатсевар, хоксор, самимий, халқпарвар, фидойи, саховатли бўлишни орзу қилардим...
- Ниятингизга етдингиз. "Маҳмудбек Маъруфий" фермер хўжалигининг хайр-саховат ишларидан хабардормиз...
- "Ўнг қўлинг билан хайр қилганингни чап қўлинг билмасин" деган гап бор. Маънавият учун қилинган саховат кўп баровар бўлиб қайтади. Туман ҳокими Шуҳрат Жамоловнинг қўллаб-қувватлаётганликлари бизга илҳом бағишлайди. Туман тадбирларининг доимий иштирокчисига айланганман. Менга билдирган ишончларини оқлашга ҳаракат қиламан.
- Аҳолини иш билан таъминлаш энг асосий мақсадлардан биридир. Шу жиҳатдан ҳам Президентимиз ёшларга таянган ҳолда, кўп имкониятлар яратган.
- Имкониятлардан фойдаланган ҳолда 2017 йил кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолиятини йўлга қўйдик. Чорвадорлик, паррандачилик, кондитер цехи, пайпоқ ишлаб чиқариш, ёғ қадоқлаш, маиший хизмат кўрсатиш каби тармоқларда 50 киши доимий иш жойи билан таъминланди. Шунингдек, иссиқхонамизда помидор, лимон, қалампир каби полиз маҳсулотлар етиштирилади. Лалми ерга 5 километрга электр линияси тортиб, интенсив боғ барпо этдик. Томчилатиб суғоришни йўлга қўйиб, ток экдик. Дарғом каналидан 2,2 км узунликда қувурлар тортилди.
- Келажакда қандай режаларингиз бор?
- Товуқларни сонини 100 мингга етказмоқчимиз. Яқинда ғишт ишлаб чиқариш цехини йўлга қўйдик. Шу цехни кенгайтириш ниятимиз бор. Помидор экишни бир гектарга, карамни 2 гектар, картошкани эса 5 гектарга етказмоқчимиз. Ниятимиз халқимиз фаровонлиги учун сифатли маҳсулот етказишдир.
- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Ишларингизга зафар ёр бўлсин!
Дилрабо НАСИМОВА суҳбатлашди.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.