Аллоҳ таоло одамзотни азизу мукаррам қилиб яратган. Шаънини улуғлаб, ер юзидаги барча нарсаларни унинг манфаати учун пайдо қилган.
Инсоннинг шаънига, молига, жонига ноҳақ тажовуз қилишни ҳаром қилган. Қуръони каримда бундай дейилади: «Дарҳақикат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал кўрдик» (Исро сураси, 70-оят). Ислом дини таълимотларида, хусусан, Қуръони карим ва Ҳадиси шарифларни бир неча ўринларида инсонни ўз жонига қасд қилишидан қатъий қайтарилган. Собит ибн Заҳҳок (р.а.) дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар: «Ким бу дунёда ўзини бирон нарса билан ўлдирса, қиёматда ҳам унга ўша нарса билан азоб берилади». (Имом Бухорий ривояти). Демак, Аллоҳ таоло азиз қилган инсоннинг ўз жонига қасд қилиши, ўз қонини тўкиши худди бошқаларнинг жонига қасд қилиш каби энг оғир гуноҳ саналади.
Динимизда нафақат ўзини қасддан ўлдириш, балки эҳтиётсизлик туфайли ҳаётига зомин бўлиш ҳам қаттиқ қораланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган: Али ибн Шайбон р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: «Ким уйнинг атрофи ўралмаган томи устида тунаса ва ундан тушиб кетиб ўлса, унга ҳеч ким жавобгар эмас, ким денгизга мавжланиб турган вақтда чиқса ва чўкиб ўлса, унга ҳам ҳеч ким жавобгар эмас» (Имом Ҳоким ривояти).
Афсуски, бугунги кунда баъзи ёшларимиз ҳаётнинг қийинчиликларига чида олмай ўз жонларига қасд қилишмоқдалар. Бунинг олдини олиш учун кенг жамоатчилик биргаликда курашишимиз шарт.
Б.ШАРИПОВ, Хўжа Аҳрори Валий
жомеъ масжиди имом-хатиби
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.