Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЎЗ БОЛАНГНИ ЎЗИНГ АСРА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида маъқулланган “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун фарзандларимиз камолига хизмат қилади.

Халқимизнинг асрлар давомида сайқалланган қадриятлари тизимида фарзанд тарбияси масаласи алоҳида ўринга эга. Бугунги кунда ҳам юртимизда ёшлар сиёсати, хусусан, таълим-тарбия соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ҳаракатлар стратегиясида ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Қисқа давр ичида мазкур йўналишда кўплаб ишлар амалга оширилди. Мактабгача ва ўрта таълимни янада такомиллаштириш борасида муҳим қарорлар қабул қилинди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши ёшлар билан ишлаш тизимидаги муҳим қадам бўлди.
Шу билан бирга, фарзандларимизни соғлом қилиб вояга етказиш, уларни турли зарарли иллатлар, хуружлардан ҳимоя қилиш доимий эътиборда. Зеро, бугунги кунда ахборот воситаларидан аксарият ҳолларда жамият ривожи ва тинчлигига рахна солиш, ёшлар, айниқса, болалар соғлиғига зиён етказиш, уларнинг онги ва дунёқарашини торайтириш, миллий ва умуминсоний қадриятлардан узоқлаштириш, иродасини заифлаштириш каби ғаразли ва паст мақсадларда фойдаланилаётганлиги сир эмас. Миллий қонунчилигимизда, хусусан, Жиноят кодексида бу каби жиноятларга нисбатан муқаррар жазо чоралари белгиланган.
“Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги янги қонун бу борада яна бир муҳим қадам бўлиб, миллий қонунчилигимиз базасини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
6 боб, 27 моддадан иборат янги қонун мазмун-моҳиятига кўра, болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш борасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Ушбу муносабатларнинг ўзига хос хусусиятлари, кўлами ва иштирокчилари билан боғлиқ жиҳатларни қамраб олади.
Қонунда ахборот маҳсулоти ва унинг ёш таснифи, ахборот маҳсулотини экспертизадан ўтказиш, ахборот маҳсулотининг айланиши ҳамда болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот ва бошқа шу каби қатор тушунчалар мазмуни батафсил ёритилган.
Ушбу йўналишдаги устувор вазифаларни амалга оширишда иштирок этувчи орган ва муассасалар тизими ҳамда уларнинг ваколатлари аниқ белгиланган. Жумладан, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи сифатида белгиланган. Мазкур органга соҳадаги давлат сиёсатини амалга ошириш, ушбу йўналишда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат дастурлари ишлаб чиқиш, соҳага оид қонунчиликка риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш каби қатор ваколатлар берилган.
Қонунда бу жараёнда вояга етмаганлар ишлари бўйича Республика ва ҳудудий идоралараро комиссиялари ҳамда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ваколатлари ва иштироки ҳам мустаҳкамланган.
Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги вазифа ва ваколатларнинг бундай кенг кўламда тақсимланишининг ўзиёқ ушбу соҳанинг нечоғлик долзарб аҳамиятга эга эканлигини англатади.
Маълумки, ахборот тушунчаси ва унинг таъсир доираси беқиёс даражада кенг. Айни шу нуқтаи назардан қараганда, болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотни таснифлаш ва ахборот маҳсулотининг ёш тоифаларини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан қонунда болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ҳамда тегишли ёш тоифасига кўра тарқатилиши чекланган ахборот алоҳида норма билан кўрсатилган. Унга кўра, болаларни ўз ҳаёти ва саломатлигига хавф соладиган хатти-ҳаракатларни содир этиш, жумладан, соғлиғига зарар етказиш, ўз жонига қасд қилишга ва шу ҳаракатларни тарғиб қилишга ундайдиган ахборотларни тарқатиш тақиқланади. Болаларда наркотик воситалар, психотроп моддалар ёки уларнинг ақл-ирода фаолиятига салбий таъсир этувчи бошқа моддалар, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, дарбадарлик, тиланчилик ёки бошқа кўринишдаги ноижтимоий ҳаракатлар билан шуғулланиш истагини пайдо қиладиган ахборотларга йўл қўйилмайди.
Инсонлар ёки ҳайвонларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизлик қилиш мумкинлигини асослайдиган ёхуд оқлайдиган ёки зўравонлик хатти-ҳаракатларини содир этишга ундайдиган, оилавий қадриятларни инкор этадиган, шунингдек, ота-оналар ва оиланинг бошқа аъзоларига нисбатан ҳурматсиз муносабатни шакллантирадиган ахборот тарқатилиши мумкин эмас. Ноқонуний хатти-ҳаракатни оқлайдиган ва қонунбузилишини содир этишга ундайдиган, жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб этишга ундайдиган, ҳақоратли сўзларни ва порнография хусусиятига эга ахборотни ўз ичига олган ахборот маҳсулотларини болалар ўртасида тарқатиш қатъиян тақиқланади.
Қонунда болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасида соғлиқни сақлаш органларининг ўрни ва вазифалари ҳам аниқ белгилаб берилган. Хусусан, ахборотнинг юқорида санаб ўтилган зарарли таъсирларидан жабрланган болаларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш, шунингдек, ахборот маҳсулоти таркибидаги зарарли элементларни аниқлаш мезонларини такомиллаштириш бўйича мазкур тизимнинг функция ва вазифалари алоҳида норма билан мустаҳкамланган. Қайд этиш лозимки, ушбу норма соғлиқни сақлаш органлари зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Шунингдек, мазкур норма ахборот маҳсулотининг болалар саломатлигига салбий таъсирларини камайтириш ва бартараф этиш таъминланишига ҳамда ахборот маҳсулотларини баҳолашдаги турли субъектив ёндашувларнинг олди олинишига хизмат қилади.
Қонун билан болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир қонунчиликка риоя этилиши устидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқароларимизнинг жамоат назоратини олиб бориш ҳуқуқи мустаҳкамланган. Ушбу норма фуқаролик жамияти принципларига тўла мос келиб, амалда учинчи сектор фаолияти самарадорлигининг ошишига ҳамда фуқароларимизда дахлдорлик туйғусининг юксалишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Фарзандининг жисмонан бақувват, ақлан етук, маънан баркамол бўлиб вояга етиши ҳар бир ота-онанинг ҳаётдаги олий мақсадидир. Айниқса, табиатан болажон ўзбек халқи учун ушбу мақсад ҳаётий аҳамиятга эга. Шу боис дилбандларимизнинг онгини, қалбини умуминсоний ҳамда миллий қадриятларга зид ғоя ва қарашлар билан тўлдиришга бўлган уринишлар барчамизни ҳушёр торттириши зарур.
Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ўз боламизни ўзимиз асрашимиз керак. Бу ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз эканлиги билан бир қаторда, керак бўлса конституциявий мажбуриятимиз ҳамдир. Масалага айни шу нуқтаи назардан қараганда, мазкур қонуннинг кучга кириши баркамол авлод тарбияси йўлидаги муштарак мақсадларимизга пухта ҳуқуқий замин бўлади.

Зайниддин Низомхўжаев,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси


Дата добавления: 08/09/2017 10:45;   Просмотров: 1415
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку