Президентимизнинг 2020 йил 11 май куни "Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Сўнгги йилларда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ҳажмларини кўпайтириш орқали ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ҳамда мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида экин майдонлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Шунингдек, туманларни мева - сабзавотчиликка ихтисослаштириш, маҳсулот етиштирувчиларни мева-сабзавотчилик кластерлари ҳамда кооперацияларга бирлаштириш каби амалий чоралар кўрилмоқда.
Жаҳон бозорлари талабларига жавоб бера оладиган рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ҳудудларни ихтисослаштириш тўғри йўл эканлигини кўрсатмоқда. Қарорга мувофиқ, республика ҳудудлари босқичма-босқич қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг муайян турларини етиштиришга ихтисослаштирилади. Мазкур ишларни самарали ташкил этиш борасида эксперимент тариқасида 2020-2022 йиллар давомида Жиззах вилоятининг жами 116,3 минг гектар қўшимча ер майдонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ихтисослаштирилган ҳолда етиштириш жорий этилади. Ушбу қарордан кўзланган мақсад қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, туманлар ҳудудларини тупроқ-иқлим шароитларига мос боғдорчилик, узумчилик, сабзавот-полизчилик, картошкачилик ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришга ихтисослаштириш орқали ички ва ташқи бозор талабларига жавоб берадиган рақобатбардош маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш ҳамда илм-фан янгиликларини кенг жорий этиш ва маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг моддий манфаатдорлигини оширишга эришишдир.
Т.ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.