Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЮРТ ТАЯНЧИ, ЭЛ ИФТИХОРИ

Муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган "ҳар бир оила - тадбиркор" Давлат дастури мамлакатимиз миқёсидаги барча ҳудудларда аҳолининг реал даромадларини ошириш ва турмуш тарзини яхшилаш, қолаверса, халқнинг тадбиркорлик маданиятини янада юксалтиришга қаратилганлиги билан муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 мартдаги "ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори унинг узвий давоми десак, асло муболаға бўлмайди. Туман молия бўлими ходимлари ҳам қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда тартиб-қоидалари тўғрисида аҳолига тўлиқ тушунчалар бериш ва кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда муайян ишларни амалга оширмоқдалар. Жойларда ташкил этилаётган семинар ва давра суҳбатларида асосий эътибор аҳолининг кам таъминланган эҳтиёжманд қатлами ҳамда бюджет ташкилотларининг кам маош оладиган ишчи-хизматчиларига қаратилаётганлиги диққатга сазовордир. Зеро, мазкур қарорнинг асосий мақсади ҳам аҳолини кам таъминланган ва эҳтиёжманд қатламини камайтириш, халқни бизнесга ўргатиш, тадбиркорларни янада кўпайтиришдир. Чунки, тадбиркор - юрт таянчи, мамлакат истиқболининг мустаҳкам пойдевори саналади. Бундан ташқари мамлакатда ишлаб чиқарилаётган ялпи ички маҳсулотларнинг ортишига, янги иш ўринлари барпо этилишига ҳамда бозорларда нархнинг кўтарилиб кетиши олди олиниши баробарида, товар ва хизматларнинг рақобатбардошлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади. Қайд этиш лозимки, дастурга асосан банкларимиздан ажратилаётган имтиёзли кредитлар самараси ўлароқ юртимизда, айниқса, иссиқхона, чорвачилик, парранда, қуёнчилик, асалари боқиш, балиқчилик каби соҳалари тобора ривожланиб, ҳунармандчиликнинг ҳам турли йўналишлари ташкил этилмоқда. Эътирофли томони, унинг натижасида туманимизда янги йўналиш - туяқушчилик соҳасининг йўлга қўйилиши ҳам қувонарли ҳол, албатта. Ана шундай мақсадларга туманимизда жами 20,5 млрд. сўмдан кўпроқ маблағ йўналтирилган бўлса, ўтган қисқа вақт мобайнида 257 нафар ташаббускорга жами 5,4 млрд. сўмга яқин имтиёзли кредитлар молиялаштирилди ва шундан 157 нафар ташаббускор кам таъминланган ва эҳтиёжманд оила вакилларини ташкил этади. Бир сўз билан айтганда, ушбу имтиёзли кредитлар тадбиркорликни истовчи жисмоний шахсларга энг кам ойлик иш ҳақининг 150 баробаригача, яъни 30409 минг сўм миқдорда 3 йил муддатга 6 ой имтиёзли давр билан йиллик 8 фоиз ставкада ҳеч қандай кафил ва таъминотсиз берилаётгани дастур ижросини таъминлашда асосий омил бўлмоқда.

М.РАШИДОВ,
туман молия бўлими оилавий тадбиркорликни ривожлантириш шўъбаси мутахассиси


Дата добавления: 14/06/2019 16:20;   Просмотров: 875
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку