Юрак - бу одам организмидаги Аллоҳ томонидан берилган мўъжизадир. Юрак организмдаги энг нозик, энг меҳрли, энг меҳрибон, гапга қулоқ солувчидир. Юрак билан суҳбат қилса бўлади. Ҳар бир инсон ақли ёрдамида юраги билан суҳбат қилса ва унга қулоқ солса, йўлидан ҳеч қачон адашмайди. Киши бирон нарсани мўлжаллаган бўлса, юраги билан суҳбат қилгандан сўнг бир режага келиб, кейин ишини бошласа хато қилмайди. Одам ўз фикру заковати билан ақл юргизиб катта режаларни қилиши мумкин.
Юрак шундай меҳрибонки, унинг хаста бўлишига йўл қўймаслик керак. Охирги кунларда, негадир юрагимга бир нарса етмагандек, ўзимни ёмон ҳис қилаяпман. Аллоҳга шукурлар бўлсинким, ҳамма нарсам етарли, нафақадаман, фарзандларим одобли, уйли-жойли, невара-эвараларим бор, бирон нарсадан шикоятим йўқ, лекин, негадир юрагим менга қулоқ солмаяпти. Ҳар кеча кечки овқатдан сўнг тоза ҳавода айланиш учун кўчага чиқарканман, менга ҳамроҳ бўладиган дўстимга: "Охирги кунларда юрагим хаста бўлаяптими, менга қулоқ солмаяпти", дедим. Гапимга жавобан дўстим "Уйланишинг керак", деди ҳазиллашиб. Дўстимга ҳазиллашмаслигини, жиддий гапираётганимни айтдим. У мени тушунгани учун кўнглимни кўтармоқчи бўлди.
- Биламан, янгам билан иккингиз Тоҳир-Зуҳро эдиларинг, ҳамманинг сизларга ҳаваси келарди-деди узр сўрагандек. - Юрагинга қулоқ сол ва азиз-авлиёларни зиёрат қил. Қанча пирлар Самарқанд заминида қўним топишган. Самарқанд рўйи заминнинг сайқали бўлиши билан бирга, тупроғи ҳам муътабар. Биз шу заминда туғилганимиз учун ҳам бахтлимиз.
Дўстимнинг маслаҳати билан якшанба куни неварамни олиб зиёратга чиқдик. Аввал Хўжа Абду Дарун (яъни ички шаҳарда жойлашган) ни зиёрат қилдик. Кейин Муҳаммад пайғамбаримиз (с.а.в)нинг жиянлари Қусам ибн Аббос мақбараси жойлашган Шоҳи Зинда мажмуаси ва ҳазрати Ҳизр ҳудудида жойлашган биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиб, уларнинг руҳи покларига дуои фотиҳа ўқиб, Шайҳ Нуриддин Басир ҳамда хўжа Дониёрбек қабрларини зиёрат қилдик. Бу ердан чиқиб Махдуми Аъзам мақбараси, кейин Имом ал-Бухорий мажмуасига бориб, уларнинг руҳи покларига дуои фотиҳа ўқиб, мусаффо осмон остидаги музей - Регистон, кейин Гўри Амир ансамблини зиёрат қилдик ва сафаримиз охирида Хожа Аҳрори Валий ва Хўжа Абду Берун (яъни шаҳардан ташқарида) жойлашган буюк қозикалон масжидини зиёрат қилиб, дуои фотиҳа ўқиб, уйга қайтдик. Оиламиз билан кечки овқатни қилгандан сўнг, кечки саёҳатга - тоза ҳаводан баҳраманд бўлиш учун кўчага чиққанимда дўстимга бугунги зиёратлар ҳақида гапириб бердим. Эрталаб уйқудан уйғонсам, аввалги дардлардан ному нишон қолмаган. Хурсанд бўлдим.
Азизлар, Ватандошлар, бир йилда бир марта бўлса ҳам азиз-авлиёларни зиёрат қилинглар - барака топасизлар. Юрагингиз хаста бўлмайди. Расулиллоҳ (с.а.в) шундай дейдилар: "Албатта қилинган барча ишлар Аллоҳ томонидан ниятларига қараб, қабул қилинади. Демак, зиёрат қилган ниятига қараб баҳоланади".
Ҳожи Қамар МУАЗЗАМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.