Бугун биз шиддатли ислоҳотлар даврида яшаяпмиз. Жамиятнинг барча қатламига ижобий таъсир ўтказаётган изчил тарихий ўзгаришлар бунинг яққол далолатидир. Кўзбўямачилик, нуқсонларни хаспўшлаш, порахўрлик каби иллатларга қарши курашиш; одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлаш азал-азалдан кишилик жамиятининг орзу-умидларига ҳамоҳанглиги билан янада юксак аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбарининг инсон ва унинг қадр-қиммати, ҳалоллик ҳақидаги ғоялари ижодий жараёнларнинг йўналишини белгилаб беради: "Ҳаммасини кечираман, фақат ўғрилик қилмай, хиёнат қилмаса, у менинг дўстим бўлади. Ана шуни халқим билиши керак".
Юракдан чиққан бу сўзлар замирида халқ дардига дарддошлик, унинг оғир-енгилига елкадош бўлиш, тақдиру қисматини биргаликда баҳам кўриш каби эзгу ниятлар акс этади. Ўзини она халқи бахт-саодати йўлига бағишлаш каби фидойилик ижтимоий жараёнларга нечоғли ижобий таъсир қила олиши мумкинлигини қадим тарих ҳамиша исботлаб келган. Бугунги кунда эҳтиёжманд кишилар давлат идоралари эшиги олдида сарғайиши эмас, давлат идоралари одамлар ҳузурида уларнинг дарду ташвишларини сўраб тургани, ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг самарали чора-тадбирлари тўртинчи ҳокимият мақомидаги матбуотда ҳам ўз ифодасини топаётгани адолатли, инсон манфаатлари устувор жамият бунёд қилинаётганидан далолат беради.
Хўш, мана шундай ўзгаришлар, таъбир жоиз бўлса, ҳаётимизнинг барча жабҳасига кириб бораётган тоза ҳаво журналистлар, ОАВ вакилларидан нималарни талаб этади? Бурчимиз, вазифамиз, касб-коримиз масъулиятидан келиб чиққан ҳолда, ҳамкасбларимиз янги давр талабларига тайёрми?! Биз, журналистларнинг ишидан бугун халқимиз қай даражада рози?!
Сўнгги икки йилда ўзбек матбуоти ўзгараётгани, янги мазмун, янги қиёфа касб этаётгани чин ҳақиқат. Ҳаётни бежаб-безаб кўрсатгувчи матбуот ўрнида энг нозик, энг муҳим, энг ўткир муаммоларни ёзадиган, айтадиган, таҳлил қиладиган, кўрсатадиган матбуот пайдо бўла бошлади. Айниқса, интернет-журналистика жанри жадал ривожланмоқда. Ижтимоий тармоқлар, радио-телевидение, газеталар саҳифаларида очиқ мулоқотлар, баҳс-мунозаралар қизигандан-қизиб бораётир. Йиллар мобайнида тилга олиш уёқда турсин, қудуқнинг ичига бош суқиб пичирлаш ҳам мумкин бўлмаган масалалар эмин-эркин таҳлил этиляпти. Одамларда матбуотга нисбатан қизиқиш, ишонч тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Шунга қарамай, жуда кўп материалларимизда шу куннинг юрак зарблари, нафаси етишмаётганидан ҳам юз буриб бўлмайди.
"Журналистнинг нони қаттиқ", деймиз. Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов таърифлаганидек, қаламкашлар доимо ҳаёт карвонининг энг олдинги сафида бўлганлар. Улар катта карвон йўлидаги ҳар қандай ҳодисаю ҳолатларни, ўнғир-чўнғирлару шамол-тўфонларни биринчи бўлиб кўрганлар, ёзганлар, таҳлил қилганлар.
Жуда кўплаб ижодкорлар ҳаёти мисолида буни аниқ-тиниқ кўриш мумкин. Бунинг учун олис-олислардан фактлар қидиришга ҳам эҳтиёж йўқ — шундоқ яқин ўтмишга бир қур нигоҳ ташлашнинг ўзи кифоя. Соҳамизнинг илк кашшофларидан бўлмиш Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийдан Эркин Воҳидовгача, Абдулла Қодирийдан Одил Ёқубовгача, Абдулла Авлонийдан Асқад Мухторгача бўлган зотлар, мавқеи ва даражаси қандайлиги, ким бўлиши, қайси жанрда қалам тебратганидан қатъи назар, энг аввало, забардаст журналист, заковатли публицист эдилар. Ва улар сўнгги нафасигача шу йўлда содиқ қолдилар, садоқат билан меҳнат қилдилар.
Бугун ҳам ОАВ вакиллари халқ ишончини қозонишга интилмоқда. Бу эса осон эмас. Ҳаётни бўяб-бежаш ҳам, қилдан қийиқ ахтариш ҳам одамларни ранжитади. Улар ҳаёт ҳақиқатини тўлалигича кўришни истайдилар. Акс ҳолда, матбуотдан юз ўгиради. Шундай экан, назаримизда, журналист ўзини халқ ҳаётидаги муайян, зарур ўринга қўя билиши ниҳоятда муҳим. Бунинг учун у адолатли, холис ва ҳалол бўлиши, тарозининг икки палласини бир хил тутмоғи зарур.
Навоий ҳазратлари "Қанд ҳам оқ, туз ҳам", деганлар. Буюк итальян шоири Данте "Илоҳий комедия"да у томонгаям, бу томонгаям оқиб кетмасин, деб ижодкорларни жаннат билан дўзахнинг ўртасига жойлаштирган. Улуғ даҳоларнинг ушбу фикрларини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Ҳар бир мақола, у қайси мавзудалигидан қатъи назар, ўқувчида нозик ҳис-туйғулар қўзғатмоғи, замон ва инсон ҳақида ўйлантирмоғи, юксак ғоялар — халқнинг эзгу тилакларини бадиий ифодаламоғи, ҳалол бўлмоғи керак, деганидир бу.
Аммо сизу биз ёзганларимизда ҳаётнинг бутун гўзаллиги, мураккаблиги ва ҳақиқатларини бор бўйича қамраб оляпмизми? Мабодо, шундай савол ўртага ташланса, ёзганларимизда ўйлаб кўрадиган нуқталар ҳали оз эмаслиги билиниб қолмайдими? Минг афсуски, йиллар давомида ўрганиб қолганимиз шунчаки расмий қуруқ тилда фактларни таъкидлаш билан чегараланган, зерикарли ҳисобот тарзидаги саёз "маҳсулот"ларимиздан ҳали воз кеча олмаяпмиз. Ички эҳтиёткорлик, қўрқув, "ички цензура" ҳали-ҳануз яшаб турибди. Бундай "эҳтиёткорлик" аслида масъулиятни бошқаларнинг елкасига ортиб, кимларнингдир панасига яшириниб, жавобгарликдан қочишдир. Қатор муаммолар давлат раҳбари томонидан тилга олинмагунича миқ этмай, кейин эса ёппасига шовқин-сурон кўтаришимизнинг сабабларидан бири ҳам шунда — журъатсизлигимизда. Юқоридан кўрсатма кутиш касалидан ҳали қутула олганимизча йўқ, бу эса фикрсизликдан келиб чиқадиган ҳимояланиш қобиғидир.
Баъзи мақолаларни ўқиганда, кўрсатувларни кўрганда, эшиттиришларни эшитганда, журналистлар тилидаги ғализликлардан "дод" деб юборгинг келади. Ялтироқ сўзларга ишқибозлик, саводсизлигини хаспўшлаш, оригинал бўлиб кўриниш учун баландпарвозликка ружу қўйишлардан ҳали матбуотимиз халос бўла олганича йўқ. Мамлакатимизда нодавлат ташкилотлар, уюшмалар, ОАВлар мазкур масалага зудлик билан алоҳида эътибор қаратиши, тезкор чора-тадбирлар кўриши жуда зарур. Негаки, талаб ҳамма учун битта. Давлат, нодавлат деган маданият ҳам, санъат ҳам, адабиёт ҳам йўқ! Она тилимиз — маънавий мулк. Миллатнинг бебаҳо хазинасини эса ҳамма бир хилда катта масъулият билан эҳтиётламоғи, асраб-авайламоғи, улуғламоғи шарт!
Телевидениеда ишлардим. Япониядан хат келди. Самарқанд ҳақида ҳужжатли фильмни суратга олиш режалаштиришган экан. Ажабланарлиси, икки кунга телекамера сўралган эди. Ўзимизникиларга бунақа фильм яратиш учун камида икки ой керак бўлишини билар эдик-да! Ҳақиқатан ҳам, улар ўз ишини икки кунда поёнига етказишди. Суратга олган фильмлари бизникилардан зўр бўлса зўр эдики, асло кам эмасди. Билсак, улар аввалдан Самарқанд шаҳрини, унинг тарихини, одамларини, об-ҳавосию нарх-навосигача пухта ўрганишган экан. Кимлардан интервьюлар олиш, камераларни, мисол учун, Регистоннинг қайси нуқтасига қўйиш, қуёш чиқар ва ботар маҳали қадимий миноралар пештоқи қай тусда товланишларигача режиссёрнинг сценарийсида ёзиб қўйилган эди. Қанча вақт, қанча маблағ тежалган. Биз нега шундай қилмаймиз? Қачон ўрганамиз?
Айтган сўзи ўқувчи, тингловчи руҳини кўтариши, уларга куч бағишлаши, қалбларни сеҳрлаши, ҳайратга солиши, кўнгилларга адолат нурларини таратиши журналистлар обрў-эътиборини оширади. Улар учун зарур шароитлар яратилди, эҳтиром кўрсатилмоқда. Журналистлар фаолиятини, турмуш тарзини юксалтиришга доир Президент қарорлари қабул қилинди. Модомики, янгиланиш офтобининг нурлари тиниқлашиб бораётган экан, биз ҳам тезроқ ўзимизни ўзгартиришимиз лозим. Юрак қўрию шижоатимиз олға интилаётган шукуҳли карвондан ортда қолмасликка ундайди.
Абдусаид КЎЧИМОВ
(«Халқ сўзи» газетасидан олинди).
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.