Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЮКСАК МАСЪУЛИЯТ билан ёхуд ишга янгича ёндошув

Туман марказида жойлашган 23-Гулобод сайлов округи ҳудудида ( Гулобод, Ширинобод қишлоғи ва Даштиобод маҳаллалари) 7540 нафар аҳоли яшайди. Мени Халқ депутатлари туман Кенгашига вакил этиб сайланган мазкур ҳудуд сайловчилари билан тез-тез учрашиб тураман.

Гулобод маҳалласи 2019 йилги "Обод қишлоқ" дастури доирасида кўп муаммоларнинг ечим топишига муваффақ бўлди. Ваколатим доирасида мазкур маҳаллалар аҳлининг мурожаат ва таклифларини эшитиб, амалий ёрдам ва ҳуқуқий тушунтиришлар беришга ҳаракат қилаяпман. Гулобод туманнинг янги, тобора юксалиб бораётган маъмурий маркази сифатида ҳам муҳим мавқега эга. Кўп қаватли уй-жойлар, давлат ва жамоат ташкилотлари, маиший хизмат ва савдо нуқталари, ижтимоий объектлар, Хотира майдони ва хиёбонлар, йирик корхоналар, дам олиш масканлари жойлашганлиги туфайли туман ва вилоятдан иш юзасидан келиб-кетувчилар кам эмас. Одамларнинг ҳам кечагидан бугун яхшироқ, бахтли ҳаёт кечириш борасидаги талаб-эҳтиёж ва интилишлари табиий ҳол, деб ҳисоблайман. Ўтган ҳафта 14-15 март кунлари ўтказилган Наврўз олди умумхалқ ҳашарида 4 та шароити оғир, камтаъминланган оилаларга моддий-маънавий ёрдам кўрсатиб, ҳудуддаги 38-умумий ўрта таълим мактаби ҳовлисида мевали ва манзарали ниҳоллар ўтқаздик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини уюштирдик. Халқ вакили сифатида учрашувлар чоғида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартиб-қоидалари тўғрисида тўхталиб ўтаман, аёллар саломатлигига эътибор қаратаман.
Президентимиз айтганидек, депутат халқ дарди билан яшаши керак. Бу вазифани амалда исботлаш эса, энг аввало, ҳамжиҳатлик ва масъулиятни тақозо этади. Имкониятдан фойдаланиб, барча азиз тумандошларимизни суюкли Наврўз айёми билан самимий қўтлайман.

Шоҳистахон Неъматова,
Халқ депутатлари туман кенгаши депутати


Дата добавления: 19/03/2020 15:54;   Просмотров: 703
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку