Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЁЗ ҲОСИЛИ ҚИШДА ЯРАТИЛАДИ

Маълумки, ғаллачиликка ихтисослашган фермерларимиз бошоқли дон экинлари парваришини кузданоқ бошлашиб, ариқ-завурларни қазиш, ғаллазор атрофларини ўраш, уни пайхондан асраш билан бирга айнан қиш чилласида тиним даврига кирган ғалла майсаларининг ҳолатини ўрганиш билан бирга далага гўнг чиқариш, шарбат тўплаш хандакларини қазиш, бегона ўт ва касалликларнинг олдини олишга қаратилган қишки агротехник тадбирларни ҳам амалга оширмоқдаларки, бу шубҳасиз, ёз ҳосилининг шаклланишига пухта замин яратади.

Афсуски,ғаллазордаги дала юмушлари ҳамма жойда ҳам рисоладагидек бажарилган деб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан қараганда илғор фермерлар даласида ғалла майсаларининг баравж ривожланаётганлигини кўриб кўнгил тўлса, айрим далаларда ривождан орқада қолган, сийрак, қиш изғиринига бардошсиз ва ҳатто сарғайган майсаларни кўриб рости лаб тишлайсан, киши. Уларга қарата эса деҳқонларимизнинг ёз ғамини қишда кўришлари, муболаға бўлмас деб ўйлаймиз, деган пурмаъно ўгитини эслатмоқ жоиз.
Дарҳақиқат, ғаллазорларимизда шартли равишда эрта, ўрта ва кеч ривожланаётган майсаларнинг мавжудлиги муносабати билан фермерларимиз қуйидагиларга яна бир бор эътибор қаратсалар фойдадан ҳоли бўлмасди, албатта.
Аввало, таъкидлаш лозимки, чорва ва сўнгра деҳқон чилласи чиқиши билан ҳаво ҳароратининг нисбатан кўтарилиб, ер қизиши туфайли ғалла найчалари эрта баҳорги ўсиш ва ривожланиш палласига киради.Шу боис эрта экилган ёки биологик жиҳатдан эртапишар навларининг ривожи кеч амал олган майсалар билан фарқини ҳисобга олиб, ғаллага қаров табақалаштириб ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Аммо ҳар қандай ҳолда ҳам ғаллазорларнинг атрофларини ўтган йилги бегона ўт қолдиқлари, хазон ва хаслардан тозалаш, ариқ-завурларни кўздан кечириб, суғориш шахобчалари учун ҳар 5 га майдонга биттадан гўнг шарбати тўплаш хандаклари ва улар учун мўлжалланган камида 5 тонна маҳаллий ўғит (гўнг ва бошқ.) заҳираларини тайёр ҳолга келтириб қўйиш зарур бўлади.
Башарти, майсалар сарғайган бўлса, у ҳолда ернинг оби-тобида етилиши ва техниканинг далада юриш имкони бўлиши биланоқ 10-12 кг/га ҳисобида азотли ўғит (карбамид) эритмасини сепиш яхши самара беради.Яна бир гап. Ривождан орқада, кеч экилган ва сийрак ғалла майдонлари бўлса, у ҳолда бериладиган органик ўғит (гўнг ва бошқ.) 5 т/га эмас, балки уларнинг миқдори камида 1,5 - 2,0 ҳисса ошириш тавсия этилади. Шунингдек, эндиги ҳар бир ғалла баҳорга юз тутишини ҳисобга олиб, ғўза қатор ораларига экилган ғалла майсаларни зудлик билан ғўзапоядан тозалашни ҳам маромига етказиш зарур, албатта.
Шундай қилинса, ғаллазорларимиз ривождан орқага қолмайди ва бўлғуси ҳосилга замин ҳозирланади. Ахир, бошоқли дон экинлари кузда экилса-да, аммо уларнинг ривожи қиш даврида давом этишини ҳисобга олиб, қишки парваришлаш чора-тадбирларини ҳам амалга оширишга кучли эҳтиёж сезадики, буни фермерларимиз унутмасликлари лозим.
Агар юқоридагиларни амалга оширсак, фермерларимиз ғаллани баҳор бошланиши билан ўғитлаш, суғориш, касаллик ва зараркунандаларига қарши кураш чораларини ҳам ўз вақтида ўтказиш имкони юзага келади. Пайти келиб улар ҳақида ҳам фикр юритиш фурсати етади, деган умиддамиз .

Хидирали Ботиров,
қишлоқ хўжалик фанлари доктори


Дата добавления: 12/10/2018 12:59;   Просмотров: 962
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку