Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЁЗ МАВСУМИ БЕХАТАР ЎТСИН!

Ҳар фаслнинг ўзига яраша жозибаси бўлгани каби, ёзнинг иссиқ тафти ҳам инсонларни соя-сал-қинлик сари чорлайди. Бунда замонавий совиткич ўрнатилган хонада дам олишга, муздек салқин ичимлик ичишга ёки бўлмаса ҳузурбахш сувда маза қилиб чўмилишга нима етсин!

Бироқ, чўмилишнинг ҳузурбахшлиги билан бир қаторда, ҳар йили дунё бўйлаб 300 минг нафарга яқин инсонлар мана шу ҳузур истагида белгиланмаган жойларда чўмилишлари оқибатида ҳаётдан бевақт кўз юмаётганлиги, ёки бўлмаса ҳар йили кемалар ҳалокатидан сувга тушиб чўкиб кетаётганлар сони кўп эканлиги кишини ўйга толдиради. Бундай нохушликларга ҳар бир инсон бефарқ ва бепарво бўлмасдан ўзи, оила аъзолари ва яқин кишиларини эҳтиёт бўлишга чақириши ва огоҳлантириб туриши шарт ва зарур.
Вилоятимизда фуқароларнинг сувда чўкиб вафот этишлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2013 йилда 22 нафар, 2014 йилда 9 нафар, 2015 ва 2016 йилларда 7 нафардан, жорий йил ҳали ёз бошланмасидан жами 7 нафар фуқаро турли сабабларга кўра, сувда чўкиб вафот этишган. Ушбу рақамлар қанчадан-қанча оилаларга оғир мусибат олиб келган. Кимдир отасидан, кимдир акаси ёки укасидан, яна кимдир умр йўлдошидан, оғайнисидан ажралиши билан тугаган фожиадир.
Ёшлар ўртасида юзага келаётган сувдаги ҳалокатларнинг аксарияти уларнинг ота-оналари томонидан назоратсиз қолдирилганлиги ҳамда ўзбошимчалик билан белгиланмаган ва тақиқланган жойларда чўмилиши оқибатида содир бўлган. Катта ёшдаги фуқароларнинг сувда чўкишларига эса уларнинг спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, маст ҳолда чўмилиш учун сувга тушишлари сабаб бўлмоқда. Вилоятимиз ҳудудларида Зарафшон, Оқдарё ва Қорадарё дарёлари, Каттақўрғон, Оқдарё, Тўсинсой, Қорасув ва Қоратепа сув омборлари, Дарғом, Бу-лунғур, Шахоб, Хатирчи-Миёнкол, Туятортар, Мирзаариқ, Нарпай ва Сиёб каналлари, шунингдек, Янгиариқ каби йирик ариқлар мавжуд бўлиб, сув объектлари қишлоқ хўжалигида мелиорация тадбирлари учун сув етказиб бериш мақсадида барпо этилган. Бу жойлар чўмилишга мўлжалланмаган. Чунки сув оқими жуда тез, баъзи жойларда кескин чуқурлик, тик ва ботиқ, сув ости нотекис ва номаълум, кўриш даражаси жуда паст, қир-ғоқлари беқарор, энг асосийси ёрдам беришга шай турадиган қутқарувчилар ёки қутқарув асбоб-анжомлари билан жиҳозланмаган.
Шу сабабли, бу каби очиқ сув ҳавзалари ҳаётингиз учун хавфлидир. Яна бир нарса, сузишни билиш хавфсизликка кафолат бера олмайди.
Азиз юртдошлар, сув ҳавзаларида фуқароларнинг чўкиб ҳалок бўлишлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида қуйидаги оддий қоидаларга амал қилинг:
ҳеч қачон белгиланмаган жойларда (дарё, сой, кўл, сув омбори, канал ва ариқ) чўмилманг;
“Чўмилиш тақиқланади” махсус белгисига қатъий амал қилинг;
ёзги таътил даврида ўсмирларни белгиланмаган жойларга чўмилишга боришларига йўл қуйманг;
ёш болаларни назоратсиз қолдирманг;
спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, чўмилишга борманг;
фақатгина чўмилиш рухсат этилган махсус сув ҳавзаларида чўмилинг.
Хафсизлик қоидаларига риоя қилиш Сизнинг саломатлигингиз ва ҳаётингиз кафолати эканлигини унутманг!

Рустам АБДУАЛИМОВ, вилоят ФВБ тиббий хизмат бошлиғи


Дата добавления: 09/06/2017 14:40;   Просмотров: 1516
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку