Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЁШЛАР - ЮРТ КЕЛАЖАГИ

Бугунги кунда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгашининг корхона, ташкилот ва муассасалардаги бошланғич ташкилотлари сони 105 тани ташкил этади. Шундан умумий ўрта таълим мактабларида 54 та, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида 5 та, корхона, ташкилот ва муассасаларда 46 та бошланғич ташкилотлари фаолият кўрсатаётир.

Туман Кенгаши ўз олдига қўйилган асосий мақсад ва вазифаларини изчиллик билан амалга ошира бориб, ёшларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтириш, ёш авлодда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига ҳурмат ҳиссини мустаҳкамлаш, уларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини англашлари учун 2018 йилнинг 5 ойи давомида кўплаб тадбирлар ва тарғибот-ташвиқот ишлари ҳамда давра суҳбатлари ташкил этди, бу тадбирларга жами 7240 нафар ёшлар жалб қилинди.
Ёшларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига ҳурмат ҳиссини, фаол фуқаролик позициясини тарбиялаш ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида жорий йилнинг март ойи давомида "Ҳуқуқ билимдонлари" республика танловининг мактаб ва ҳудудий босқичлари намунали ташкил этилди. Ушбу танловларга 265 нафардан зиёд ўқувчи-ёшлар қамраб олинганлиги ҳам бу фикримизга далил бўла олади.
Туман Кенгаши ва жиноий ишлар бўйича туман суди билан ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, юқорида эътироф этилган танлов ҳам ушбу битимнинг ҳосиласидир. Ушбу меморандумга асосан суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, суд ҳокимиятида судларнинг тутган ўрни, ваколатлари ва фаолияти ҳақида тўлиқ тушунчалар бериш мақсадида жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида жами 7 маротаба Суд ва ёшлар учрашувлари ўтказилиб, бу тадбирга 470 нафардан зиёд ўқувчи ва маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар қамраб олинди. Шунингдек адашиб жиноят йўлига кириб қолган 10 нафар ёш ўғил-қизларни туман Кенгаши ўз кафиллигига олиб, суд залидан озод этиб, ўз оиласи ва яқинлари бағрига қайтаришга яқиндан кўмак берилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги "Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ҳамда Одам савдосига қарши курашиш бўйича туман идоралараро комиссиясининг мажлис баёнлари ва иш режасида белгиланган вазифаларни бажариш, шунингдек вилоят идоралараро комиссияси билан ҳамкорликда хорижда ишлашнинг қонуний асослари ҳамда одам савдосига қарши курашнинг мазмун-моҳиятини ёшларга тушунтириш мақсадида умумий ўрта таълим муассасаларида, касб-ҳунар коллежларида ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида "Одам савдоси-давр муаммоси" шиори остида жами 28 маротаба тарғибот тадбирлари ўтказилиб, уларда 2240 нафардан зиёд ёшлар қатнашишди.
Ёшларни давлат ҳокимияти органлари тизими ва фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида тўрт маротаба "Ҳоким ва ёшлар" учрашувлари ташкил этилди. Учрашувлар давомида ёшларнинг таклифлари, мулоҳазалари, уларни қийнаётган муаммолар, ёшларнинг бандлиги каби масалалар ҳам ўрганилди ҳамда кўплаб муаммолар ўз жойида ижобий ҳал этилди.
Ёшлар қалбида мустақиллик ғояларига содиқлик, миллий ўзликни англаш, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик, фидойилик ҳиссини қарор топтириш ва ривожлантириш, турли мафкуравий таҳдидлардан асраш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган тадбирларни амалга оширишда ёшлар иттифоқи туман кенгаши томонидан жорий йилнинг 5 ойи давомида умумий ўрта таълим мактабларда, касб-ҳунуар коллежларда ҳамда маҳаллаларда "Вояга етмаганлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш", "Вояга етмаганлар ўртасида эрта никоҳнинг, турли оқимларга қўшилишининг олдини олиш мавзуларида жами 32 маротаба давра суҳбатлари, 9 маротаба спорт мусобақалари, ҳамкор ташкилотлар билан ҳар ҳафта "ўқувчи рейд"лари ҳамда тарғибот ишлари олиб борилди. Мазкур тадбирларда жами 3150 нафар ёшлар фаол қатнашишди.
Туманда вояга етмаганлар ва ёшларни қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялаш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига асосан туман Ички ишлар бўлими, туман тиббиёт бирлашмаси, "Гулобод тонги" газетаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг 15 март куни Гулобод қўрғонида умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари иштирокида "Ёш марафончилар" шиори остида марафон-югуриш мусобақаси ўтказилди. Марафонда тумандаги 54 та мактабдан 65 нафардан зиёд 8-9-10 синф ўқувчи ёшлари фаол иштирок этишди.
Ўқувчи-ёшларни ҳарбий-амалий спорт мусобақаларига кенг жалб этиш орқали уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ўзаро маданий-спорт алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда уларни спорт ўйинларига оммавий тарзда жалб қилиш, соғлом турмуш тарзига риоя қиладиган, дастлабки ҳарбий ва психологик тайёргарликка эга ватанпарвар, масъулиятли, қийин ва қалтис вазиятларда тўғри ҳаракатланиш кўникмаларини эгаллаган баркамол авлодни тарбиялаш мақсадида туман Мудофаа ишлари бўлими, туман тиббиёт бирлашмаси, касб-ҳунар коллежлари билан ҳамкорликда жорий йилнинг 6 март куни "Бургут" ҳарбий спорт мусобақасининг туман босқичи ўтказилди. Ушбу мусобақада тумандаги 4 та касб-ҳунар коллежлари жамоалари иштирок этишди.
Шунингдек 2018 йил 14 март куни тумандаги 1-умумий ўрта таълим мактабида туман халқ таълим бўлими, тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида "Ёш қутқарувчилар" мусобақаси уюштирилди.
Мусабақада тумандаги 1,2,4,10,11,12,31,39-умумий ўрта таълим мактабларидан 64 нафар ўқувчи-ёшлар иштирок этишди.
"Темурбеклар" ҳарбий спорт мусобақасида тумандаги барча умумий ўрта таълим мактабларида таҳсил олаётган ўқувчи ёшлар танловнинг мактаб ва ҳудудий босқичларида ғолиб бўлиб, туман босқичида еттита умумий ўрта таълим мактаблари - 21-умумтаълим мактабининг "Фидоий ёшлар", 12-умумтаълим мактабининг "Адолат", 37-умумтаълим мактабининг "Ворисони Темур", 11-умумтаълим мактабининг "Темурбеклар авлоди", 10-умумтаълим мактабининг "Қалқонлар", 17-умумтаълим мактабининг "Қалқон" ҳамда 33-умумтаълим мактабининг "Адолатпарвар" жамоалари ўзаро беллашишди. Мусобақа якунига кўра 10-умумтаълим мактабининг "Қалқонлар" жамоаси 1-ўринни, 11-умумтаълим мактабининг "Темурбеклар авлоди" жамоаси 2-ўринни ҳамда 33-умумтаълим мактабининг "Адолатпарвар" жамоаси 3-ўринни эгаллади.
Ёшларнинг ижтимоий-маънавий билимларини янада мустаҳкамлаш ва китоб ўқишга бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида умумий ўрта таълим ва касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчи-ёшлари ҳамда маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар ўртасида "Зукко китобхон" интеллектуал ўйини ўтказилди.Ушбу танловларга 80 нафардан зиёд ёшлар қамраб олинди.
Шунингдек "Ёш китобхон" республика танловида умумий ўрта таълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ҳамда маҳаллалардаги уюшмаган ёшлардан жами 864 та ариза қабул қилиб олдик. Ёшларнинг адабиётга бўлган қизиқишларини ошириш ҳамда китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида тумандаги 44-умумий ўрта таълим мактабида "Самарқанд шеър оқшомлари" адабий-бадиий кечаси ва "Китоблар кўргазмаси" ташкил этилди. Жумладан 52 ва 44-умумий ўрти таълим мактабларида 4 та сектор раҳбарлигида "Китоблар кўргазмаси" ташкил этилди. Тадбирда турли мавзуга оид ҳар хил ҳажмдаги китоблар намойиш қилинди. Кўргазма доирасида тақдимотлар, семинарлар, саҳналаштирилган томошалар ва бошқа бир қатор тадбирлар ташкиллаштирилди.
Жисмоний имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида туман Кенгаши қошида очилган бепул тўгаракларга 15 нафар имконияти чекланган шахслар аъзо қилиниб, уларга тикувчилик, инглиз тили ва спортнинг "Карате" тури бўйича машғулотлар ўтказилмоқда.
Жумладан; 37-умумтаълим мактаби ўқувчиларидан чин етим ҳисобланадиган 9 синф ўқувчиси Тахмина Каримова, 5-синф ўқувчиси Ифтихор Каримов, 3-синф ўқувчиси Манижа Каримоваларнинг ҳолидан хабар олинди. Шунингдек хизмат вақтида ҳалок бўлган вилоят ИИБ ЙҲХ бўлими ходими марҳум Ҳафиз Ҳакимовнинг оиласи, хусусан фарзандари Маржона ва Моҳинур Ҳакимовалар ҳолидан хабар олиниб, уларга кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари туҳфа этилди.
14-умумтаълим мактаби бошланғич ташкилоти ёшлар етакчиси бошчилигида мактаб сардорлари ва ўқувчи ёшлари томонидан "Меҳрли ўйинчоқ" акцияси ўтказилди. Акция доирасида Самарқанд шаҳридаги 1-сон Меҳрибонлик уйига ташриф буюриб, 14-мактабнинг ўқувчилари томонидан тайёрланган совғалар болаларга топширилди. Шу билан бирга туман Кенгаши томонидан 1-июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан "Бахтли болалик" лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ташкил этилди. Лойиҳага кўра ёшларни, айниқса имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ўғил-қизларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 29 май куни Болалар махсуслашган сиҳатгоҳи ҳузуридаги ўрта таълим мактабида жами 130 нафар имконияти чекланган, боқувчисини йўқотган ёшлар, кам таъминланган оилалар фарзандлари, шунингдек ногирон, уйда таълим олувчи ёшлар ҳолидан ҳабар олинди. Уларга китоб жамланмалари, кийим-кечак, спорт анжомлари ҳамда туман Кенгаши базасида мавжуд бўлган "Ёш куч", "Ёшлар овози", "Молодёж Узбекистана" газеталари топширилди. Ташриф давомида ёшлар билан дилдан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг орзу-истаклари, эҳтиёжлари тингланди.
"Маржон" базмгоҳида 100 нафар кам таъминланган оила фарзандлари, имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга байрам уюштирилди. Байрам давомида имконияти чекланган ёшларга хусусан, "Паст Оҳалик" маҳалласида яшовчи Шохрух Ҳамиджонов, "Қумзор" маҳалласидан Ҳасан Жумаев, "Ўзбеккент" маҳалласидан Самира Наимова, "Юқори арабхона" маҳалласидан Оғабек Негматовларга ногиронлик аравачаси ва қолган ёшларга китоблар жамланмаси ҳамда кийим-кечаклар топширилди.
Уюшмаган ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига кўмаклашиш ва бандлигини таъминлашга қаратилган тадбирларга 480 нафар уюшмаган ёшлар жалб қилинди. Жумладан, Равонак қишлоғи ва қурилиш касб-ҳунар коллежида маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида меҳнат бандлиги ва тўгараклар ярмаркаси ташкил этилди. 12-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби фаоллар залида маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар, жиноятчиликка мойиллиги бўлган, профилактик ҳисобда турувчи ёшлар ва уларнинг ота-оналари ҳамда спорт, таълим, тадбиркорлик соҳаларида юксак натижаларга эришган фаол 150 нафар ёшлар иштирокида "Тенгдошимга эргашаман" мавзусида давра суҳбати уюштирилди.
Ички туризмни ривожлантириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда аждодлар меросини ўргатиш, мамлакатимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан кенг кўламда таништириш мақсадида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида туман Кенгаши томонидан туманлараро 112 маротаба, жами 13220 нафар ёшларнинг саёҳатлари ташкил этилди. Шунингдек, 4 маротаба жами 148 нафар ёшларнинг вилоятлараро саёҳатлари уюштирилди.
30 июнь-"Ёшлар куни" муносабати билан тасдиқланган чора-тадбирлар бўйича жорий йилнинг 27 июнь куни тумандаги «Талибарзуи поён» маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Нодир Жонузоқ ҳамда мутасадди идора вакиллари билан маҳалла фаоллари ва ёшларнинг учрашуви ташкил этилди. Учрашувдан сўнг Шароф бобо Мамадалиевнинг оилавий кутубхонасига ташриф уюштирилди. Кутубхона фондини бойитиш мақсадида туман Кенгаши томонидан 70 га яқин бадиий китоблар тақдим этилди.
Ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан 30 июнь - «Ёшлар куни» дея эълон қилиниши ва илк бор кенг миқёсда нишонланиши барча қатори туманимиз ёшларини ҳам ғоят тўлқинлантирди. Шунингдек бу эътироф зиммамизга улкан масъулият юклайди.

Мадина БАРОТОВА,
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси


Последнее редактирование: 05/07/2018 11:44;   Просмотров: 1152
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку