Шу куни туман ёшларининг Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Р.Қобилов билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда Р.Қобилов сўзга чиқиб, жумладан шундай деди:
– Давлатимиз раҳбари ёшлар муаммоларини ўзининг шахсий муаммоси сифатида қабул қилади, уларни юрагидан ўтказиб, ҳал этиш учун барча чора-тадбирларни кўради. Бунга жавобан биз, ёшлар ҳам Президентимизга қанот бўлиб, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоғимиз шарт. Шундагина ёшлар олдида турган камчиликлар ўз-ўзидан ечим топади.
Ўз навбатида туманимиз ёшлари ҳам Р.Қобиловга ўқиш ва ишда ўзларини муносиб кўрсатишларига ваъда беришди.
Бугун мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизидан ортиғи улкан бунёдкорлик салоҳиятига эга ёшлардан иборат. Шундай экан улар бир ташкилотга уюшган ҳолда иш олиб бориши, мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиши лозим. Шу муносабат билан жойларда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг туман Кенгашлари йиғилишлари бўлиб ўтмоқда.
Туманда ўтказилган шундай йиғилишда барча Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг : “Ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиши учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имокниятларини сафарбар этамиз!” деган сўзларини бош шиор қилиб олишди. Тадбирни бошқарган туман ҳокими Б.Қодиров ташкил этилаётган Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши олдида турган долзарб вазифалар, ушбу соҳада олиб борилаётган ўзгаришлар ҳамда галдаги режаларга тўхталди.
Кенгаш аъзолари, туманда турли соҳаларда фаолият олиб бораётган фаол ёшлар, хусусан, тадбиркорлар, спортчилар, коллеж талаблари иштирок этган йиғинда Ёшлар иттифоқининг туман Кенгаши раиси лавозимига шу пайтгача туман ҳокимининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитасининг раиси вазифасида ишлаб келаётган Мадина Баратова сайланди.
- Президентимизнинг шу йил ёшлар билан учрашуви улар ҳаётида янги саҳифани очиб берди ва ишимизга нисбатан бошқача бир услубда ёндашиш лозим эканлигини кўрсатди,-деди тадбирда сўз олган Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Р.Қобилов. -Мадинахон раҳбар бўлган туман ёшлари олдида турган муаммоларни ҳал этиб, барчани аъло баҳода ўқиш, тадбиркорлик, бизнесда фаоллик кўрсатишга даъват этади деган ниятдаман.
Бўлиб ўтган тадбирда халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Ж.Сайфиддинова, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси О.Алиев, фаол ёшлардан С.Ҳасановалар ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирдилар.
Йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан қарор қабул қилинди.
СУРАТДА тадбирдан кўриниш акс этган.
Сурат муаллифи Б.ҚОДИРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.