Мамлакат келажагини таъминловчи ёш авлодни ҳар томонлама мукаммал тарбиялаш, малакали таълим бериш, уларни ёт ғоялардан асрашга нафақат ўқитувчи-мураббийлар, биз депутатлар ҳам масъулмиз. Шунинг учун мен, депутат сифатида 25-Қумзор сайлов округи мактаб ва мактабгача таълим муассасалари фаолиятига диққатни қаратганман.
Яқинда 14-умумтаълим мактабида бир қатор ободончилик ишлари амалга оширилди. Маҳалла “Нуронийлар” Кенгаши раиси Рахим Тўрақулов, тадбиркор Равшан Наимовлар бошчилигида ва уста ҳамда фермерлар кўмагида қисқа вақт ичида қоровулхона биноси қурилди, артезиан қудуғи фойдаланишга топширилди, мактаб олди тартибга келтирилди, мевали ва манзарали дарахтларга шакл берилди, 100 тўп арча дарахти ўтқазилди. Барча эшик-деразалар аквалига алмаштирилди, ҳожатхона усти тунука билан ёпилди.
Бундан ташқари, мактаб спорт зали таъмирланди, ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш ниятида мактаб атрофи блокли девор билан ўралди. Ҳозирги кунда эса ўқувчилар, ота-оналар билан йиғилишлар ўтказиб, уларга Президентимиз томонидан жорий этилган 11 йилик мажбурий таълим, ўқувчиларнинг хоҳишларига биноан мактабда 10 синфгача ўқишлари афзалликлари ҳақида маълумотлар бермоқдамиз.
Шундай экан, фарзандларни ахлоқий жиҳатдан мукаммал қилиб тарбиялаш, адолат, бурч, Ватанга чексиз муҳаббатни шакллантириш, ватанпарварлик ҳиссини уйғотиш, китобга бўлган меҳрни ошириш нафақат ота-оналар, балки маҳалла, кенг жамоатчиликнинг вазифасидир. Шунинг учун ҳам биз, барчани ана шу йўлда фаоллик билан иш олиб боришга чақирмоқдамиз.
Маматқул ШАРИПОВ,
Халқ депутатлари туман Кенгашининг депутати
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.