Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЁШЛАР МАНФААТИ УСТУВОР ВАЗИФА

- Маҳалламиз ёшлари китоб мутолаасига меҳр қўйган, - дейди Янгиариқ маҳалласида яшовчи Фариза Хуррамова. - Афсуски, 51-умумтаълим мактабимизнинг кутубхонаси китоблар билан бойитилмаган. Бугунги учрашувда туман ҳокимидан шу масалада ёрдам беришини сўрадим. Бугуннинг ўзида кутубхона учун 5 миллион сўм ажратилишини айтди. Илм-маърифатга бефарқ эмаслиги, ёшларга бўлган эътиборидан жуда хурсанд бўлдик.

Туман ҳокимлигида ўтказилган туман ҳокимининг навбатдаги ёшлар билан учрашувида ана шундай масалалар ўртага ташланди.
Унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, таълим муассасалари, корхона-ташкилот раҳбарлари иштирок этди.
Учрашувда туман ҳокими Н.Мавлонов 2020 йилда амалга ошириладиган ишлар, ёшлар учун спорт иншоотлари барпо қилиш, имтиёзли кредитлар ажратиш учун банк ресурсларини кўпайтириш ва ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши юзасидан батафсил маълумот берди.
Шундан сўнг ёшларнинг мурожаатлари тингланди. Хусусан, Сулфакабутак маҳалласида яшовчи Муҳаммадамин Юсупов тадбиркорлик билан шуғулланиш мақсадида имтиёзли кредит ажратилиши, ўзи бошчилигидаги ўқув марказида замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминлашда амалий ёрдам берилишини сўради. Шунингдек, Гулбоғ маҳалласидан келган Шариф Қурбонов маҳалла марказида очилиши мўлжалланаётган цехнинг жиҳозланиши учун зарур бўлган маблағни имтиёзли кредит асосида олишга ёрдам берилиши ҳамда маҳалла ёшлари учун стадион қуришда тегишли тартибда ер ажратиш масаласини ўртага ташлади. Туман ҳокими билдирилган мурожаатлар юзасидан ҳоким ўринбосарлари ҳамда ташкилот раҳбарларига маълум муддат ичида ижобий ҳал этиш чораларини кўриш борасида топшириқлар берди.
Учрашув давомида туман ҳокими 5 нафар ёш спортчини улар Тайланддаги муай-тай бўйича 17-жаҳон чемпионатида қатнашишлари учун 15 миллион сўмлик имтиёзга эга сертификат билан тақдирлади. Шу билан бирга туман имиджини яратишда фаол бўлган ёш блогерларга смартфон телефонлари ҳамда эсдалик совғалари топширди.
Шунингдек, туман адлия бўлими туман ҳокимликлари ва ташкилот раҳбарлари билан ҳамкорликда тумандаги Болалар мусиқа ва санъат мактабида "Адлия ва ёшлар" мавзусида учрашув ўтказди. Мазкур учрашувда туман адлия бўлими бошлиғи Х.Мухторов ва соҳа ходимлари сўзга чиқиб ёшларга Муҳтарам Юртбошимизнинг 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга тақдим қилган Мурожаатномаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг 2019 йил 14 сентябрдаги "Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида" ги қўшма қарори ҳамда Коррупцияга қарши курашиш ва Одам савдоси тўғрисидаги қонунларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириб беришди.
Учрашув сўнгида ёшларнинг бир қатор фикр-мулоҳаза ва муаммолари тингланиб, ечими юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, бундай тадбирлар йил давомида амалга оширилиши таъкидланди.

Б.ХОНКЕЛДИЕВ
Т.ЮСУПОВ


Последнее редактирование: 12/02/2020 15:51;   Просмотров: 724
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку