18 январь куни тонгдан тушгача вилоятимизнинг аксарият ҳудудларида, жумладан туманимизда ҳам ёмғир ёғди.
Таажжубланарли томони, кўчада соябонсиз юрган одамларнинг устидаги кийимида "лойли" ёмғирдан доғлар пайдо бўлди. Шунингдек, автомашиналарда ҳам ушбу ҳолат кузатилди. Ойна артгич мосламаси бўлмаган ёки ишламай қолган автоуловлар, ҳатто, ҳаракатланишдан чўчиб, йўл четида лойли ёмғирнинг тўхташини кутишга мажбур бўлишди.
Гапнинг очиғи 2018 йилнинг март ойида Одесса вилоятида сариқ қор, Грузиянинг Ажария минтақасида қизил қор ёққани, бунга Шимолий Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларида рўй берган қум бўронлари сабаб эканини эшитгандик. Хўш, лойли ёмғирга нима сабаб бўлди?
- 17 январь куни Эрон ва Озарбайжон давлатларида кучли шамол бўлиб, атрофни чанг-тўзон қоплаган ва ҳавода тупроқли бўрон ҳосил бўлган, - дейди Самарқанд вилоят гидрометеорология бошқармаси бошлиғи В.Мирзоев. - Ўша куни кечқурун мамлакатимиз бўйлаб ҳам 15-20 метр/секунд тезликда шамол эсди. Гарчи бизда ердан чанг кўтарилмаган бўлса-да, шамолнинг таъсирида атмосферанинг юқори қисмида ҳосил бўлган чанг туфайли ўзига хос "лойли" ёмғир ёғди.
Ишқилиб, оқ қор ёғсин-да!..
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.